Саломатмисиз азизлар? Фарзандига турли йўллар билан муҳаббатни кўрсатишни била олган оналар энг бахтли ҳисобланади. Агар жисмоний мулоқотни яъни силаб сийпалашни эркалатиш ёки болани талтайдириш деб ҳисобласангиз адашасиз. Фарзанд ўзаро нигоҳ алмашиш ва жисмоний мулоқотлар тўғри йўлга қўйилган оилада камол топган бўлса, у атрофдаги одамлардан ва ўз ҳаракатларидан мамнун ҳолда ҳаёт кечиради. Ўзгалар билан тез муомалага киришади, вақти келиб чуқур ҳурматга сазовор бўлади, ўзи ҳақида атрофдагиларда яхши таассуротлар қолдиради.
Шундай хулосага келиш мумкинки, ўз ўрнида қўлланган бу икки мулоқот фарзандларимизга аталган бир жуфт сеҳрли туҳфадир.
Кўпчилик жисмоний мулоқотни, силаб-сийпалашни, эркалатишларни қиз болага нисбатан ишлатиш мумкин, қизларнигина ҳис-туйғулар орқали бошқарса бўлади деб ўйлайди. Ўғил болаларга эркакча гап ёқади. Мулойим ҳатти-ҳаракатлар ўғил болани мулойим супурги қилиб қўяди деб ўйлашади. Бундай ҳаракатлар ўғил болани лапашанг, ландавур бўлиб ўсишига сабаб бўлади деб ўйлаб хато қилишади.
Ҳар бир инсонда ҳиссий эҳтиёжлар мавжуд. Агар бу эҳтиёжлар қондирилмаса, фарзандларимиз қизболатабиат бўлиб қолиши муқаррар. Муҳими, ота таъсири унинг эркак сифатида шаклланишида чексиз аҳамият касб этади. Аксарият ота-оналар болалар катта бўлгач силаб-сийпалашларга ўрин қолмайди деб ўйлайдилар. Ўғил болани ҳам гўдаклик пайтида қўлга олиб, ўпиб-эркалаб, аллалаб, силаб-сийпалаш керак. Бу ҳол у 7-8 ёшга тўлгунча муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Олиб борилган тадқиқотларнинг натижаси шуни кўрсатадики, чақалоқ қизлар чақалоқ ўғил болаларга қараганда 1 ёшга тўлгунга қадар 5 маротаба кўп меҳр-муҳаббатни қабул қилар экан. 3-12 ёшга тўлган ўғил болалар тарбиясида қизларникига нисбатан муаммоларнинг кўплиги худди мана шу нарсага бориб тақалишига аминман.
Руҳий касалликлар шифохоналарида ҳам ўғил болалар қиз болаларга қараганда 5-6 баробар кўп учрайди. Ушбу нисбийлик ўсмирлик ёшига бориб янада кенгроқ қамровда бўлади.
Шу боис, ўғил болаларни ҳам чақалоқлик пайтида қизларни эркалатиш меъёрида силаб-сийпалаш даркор. Ўғил бола улғайгани сари унда қучоқлаш, ўпиш каби жисмоний мулоқотнинг бошқа шаклларига нисбатан бўлган талаб ҳеч қачон ўзгармайди.
Юқоридаги жисмоний таъсир шакллари ўрнига бошқаларини масалан, кураш, елкасига шапатилаш, енгил мушт отиш, туртиш ва ҳакозоларни қўллаш лозим. Булар ҳам фарзанддаги ҳиссий бўшлиқни тўлдира олишга қодир. Шуни унутмангки, фарзанд мулоқотнинг ҳар икки турига бўлган эҳтиёжини сира йўқотмайди.
Кўпгина ўсмир ўғил болалар қучоқлаш, ўпиш каби усулларни унча яхши қабул қилмайдилар, лекин баъзи пайтларда бу усулларни жуда яхши қабул қилишади. Бунадй пайтларни сезиб, уларга меҳрингизни улар кутганидек бера олсангиз, фарзандингиз ва ўзингиз учун аъло иш қилган бўласиз. Керакли пайтда сиз уни тўғри тушуниб, унга муҳаббатингизни тўлиқ етказа олсангиз, сиз муҳаббатингизни намоён қилган дақиқаларни фарзандингиз бир умр эсда сақлаб қолади.