Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Суҳбатимизни бошлашдан олдин, Каломдаги бир оятни келтириб ўтсам: “Олдинги мактубимни ёзишдан яна бир мақсадим шу эди, сизлар ҳар жиҳатдан итоаткор эканмисиз ёки йўқми, шуни билмоқчи эдим.” Бизнинг бу дунёда қилаётган ишимиз кўпинча бу дунё учун ахмоқона бўлиб кўринади. Худога итоат қилган ва Худо уни ўзгартиришига йўл қўйган имонли борки, дунё уларни “гўл ва ахмоқ” деб атайди. Ҳаётимиз давомида ҳам Худованд бизга айтганларига баъзан ишонқирамай қараймиз. “Ростдан Худованд мендан шуни талаб қиляптими?” Аммо Худованднинг бемаъни кўринган режаси ортида Унинг қудратли ишлари ётганини кўролмаймиз. Яқинда бир биродардан Хитойдаги жамоатлар ва улар орасида бўлаётган янгиликлар ҳақида эшитиб қолдим. У эса менга Масиҳнинг бир ажойиб издоши ҳақида сўзлаб берди. Буни сиз ҳам эшитишингиз керак.
Narrator 2 Чанг опа Хенан вилоятидаги жамоатда Худонинг хизматини бажаради. Бир куни ибодат қилар экан, Худованд унга “Полиция маҳкамаси олдига бориб одамларга Хушҳабар айт.”, деганини ҳис қилди. Бу жуда бемаъни топшириқ эди. Бу ўз-ўзига бир умрлик азоб сотиб олишдай гап эди. У бунга эътибор қилмади. Аммо ҳар сафар ибодат қилар экан, у шуни эшитарди. Нихоят бор кучи ва дадиллигини тўплаб, Худованд айтган жойга бориб Масиҳ ҳақида баралла ўтган-кетган ва қизиқиб тўхтаган йўловчиларга айта бошлади. Тинглаётганлар унга ҳайрон бўлиб қарашарди. Тезда бир нечта полиция ходими келиб, унинг қўлига кишан солиб маҳкамага олиб кириб кетишди. Чанг опани ҳатто суд қилмай, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишди ва аёллар қамоғига юборишди. У қамоқда минглаб йўқолган жонларга Худо хушҳабарини эълон қила бошлади. Хушҳабарнинг нури яшин тезлигида тарқади.
Narrator 1 Бор йўғи уч ой ичида 800 та аёл тавба қилди. Қамоқхонанинг муҳити ўзгарди. Қамоқхона йўлакларидан ва ҳовлисидан Худони улуғловчи мадҳиялар янграй бошлади. Қамоқхона бошлиғи эса буни кўриб таъсирланди. У Чанг опани чақиртириб шундай деди: “Сен менинг ишимни осонлаштирдинг. Маҳбуслар бир-бирлари билан жанжаллашмай қўйишди. Аёллар мулойим ва итоатли бўлиб қолишди. Бизга сенга ўхшаш одамлар керак. Сенга бу ерда тинчлик ўрнатишинг учун, 3000 юань ойлик тўлаймиз. Сени озод қиламан, шу ерда бизнинг ходимимиз бўлиб ишлайсан. Тагинга алоҳида машина ва истасанг яқин атрофдан қулай уй ҳам топамиз”, деди. Аммо Чанг опа унинг таклифини рад этди. У “Мен 20 йилдан буён Масиҳнинг издошиман. Бу қилаётганларим менинг Худога бўлган хизматим. Уни умрим охиригача бажаришга қарор қилганман.” У қамоқхона бошлиғи айтган таклифни рад этган бўлса ҳам, уни озод қилишди.
Narrator 2 Аммо у қамоқхонадаги хизматини давом эттирди. Худованд амр этган нарса бемаъни ва Унинг сифатларига қаршидек туюлса ҳам, У биз кўрмаган нарсаларни кўради ва келажакни билади. У биродаримиз Чанг опага полиция маҳкамаси олдига бориб хушҳабар айтишини буюргани, ҳар қандай одамга аҳмоқона бўлиб туюларди. Аммо Худованд ундан ҳам узоқроғини қамоқдаги Масиҳнинг нажотига муҳтож жонларни кўрди ва улар учун қайғурди. Худованд бизни фойдали идиш қилиб ишлатишига йўл қўйсаккина У бизнинг ва биз орқали бошқаларнинг ҳаётида қудратли ишларини қила олади. Худовандга итоат қилиш қийинчиликлар келтириб чиқариши аниқ. Чунки биз ҳар доимги қулай ҳаёт тарзимиздан айрилишимиз, ноқулайликларга, оғриқларга ва ҳатто ундан ҳам кучлироқ азобларга дуч келишимиз мумкин, бироқ Худо бизни бу ҳолатлардан олиб чиқиб кетади.