3:33

Худони эшитиш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Мен жуда кўп йиллардан буён Худони биламан. Имонга келганимдан бери, У ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилганман. Унга баъзида яқин бўлганман, баъзида эса узоқлашганман. Кўп марта илтижо қилиб, кўп марта жавоб олганман. Баъзи ибодатларимга ҳали ҳам жавоб олмаган бўлсам-да, ишонаман, бир куни Худо албатта бу ибодатларимга ҳам жавоб беради. Ҳозир жавоб олмаган ибодатларим ҳақида эмас, менинг юрагимда Худога яқинлашиш, Унга яна ҳам кучли ишониш истагини уйғотган бир воқеа ҳақида сўзлаб бермоқчиман. Яқин йиллардан бери, Худо ҳақида ўрганишга вақтимни кучимни сарфлабман-у, Худо билан вақт ўтказишни эътибордан четда қолдирибман. Бир куни кундан кунга Худодан узоқлашиб бораётганимни, қалбим музлаётганини сезиб қолдим. Худодан тезда ҳафа бўладиган, одамларга нисбатан совуқ бўлиб қолдим. Нега бундай бўлганини билмайман, балки ибодатларимга жавоб олмаётганим учундир.

Narrator 2 Худодан хафа бўлганим учундир. Кейин бир китобни ўқиётиб, Худонинг овозини эшитиш ҳақида ўқиб қолдим. Унда, «Сиз севган инсонингизнинг ҳар куни мулоқот қиладиган инсонингизнинг овозини яхши танийсиз. Жуда кўп овозлар ичидан ҳам уни осонгина ажратиб оласиз», — деб ёзилганди. Мен ўша кунларда Худонинг овозини қандай эшитиш ҳақида ўйлар, ибодат қилиб, Унинг овозини эшитишим учун руҳий қулоқларимни очишини сўрардим. Шундагина, хато қилганимни, нотўғри йўлдан кетганимни англаб етдим. Мен Худони яқиндан билиш, қалбан ҳис қилиш, у билан муносабат қилиш ўрнига, У ҳақидаги билимларимни кўпайтирибман ҳолос. Билим, билимлигича миямда қолиб, қалбим бўшаб қолган экан. Шундан кейин, Худо билан муносабатга диққатимни қаратдим.

Narrator 1 Бўш вақт қолди дегунча, Каломни қўлимга олиб, Худонинг иродасини билишга ҳаракат қилдим. Ибодат қилдим, сўнг диққат билан сукунат ичида Худони эшитишга ҳаракат қилдим. Бир-икки, уч ҳафта Ундан ҳеч нарса эшитмадим. Бир куни турмуш ўртоғим билан жанжаллашиб қолдик. Жанжалимиз уч-тўрт кунга чўзилди. Мен ўзим истаган нарсани ундан хоҳлардим, у эса мен истаган нарсанинг аксини истарди. Хуллас келиша олмадик. Орамиз бузилди. Бир-биримизга совуқ муносабатда бўлдик. Охири Худонинг олдига келиб, Ундан сўрадим: «Худойим, менинг унинг рафиқаси сифатида, ҳозир талаб қилаётган нарсаларимни билишга ҳаққим бор. Аммо ҳозир, нима қилай? Менга ёрдам бер» — дедим. Кейин эса ҳар доимгидай, тингладим. Бироз муддат сокинлик бўлди, кейин эса миямда ва қалбимда Худонинг овозини эшитдим.

Narrator 2 У «Сен хотин кишисан, сени шундай яратганман. Сен вазифангни унутдинг. Сенинг вазифанг эрингга бўйсуниш», — деган овозни эшитдим. Ўша пайтда юрагимда Муқаддас Руҳнинг ҳузурини ҳис қилдим. Буни таърифлаб бериш мушкул. Ўша ондаёқ турмуш ўртоғимга нисбатан гина-кудурат ҳам йўқолди. Тезгина Каломни қўлимга олиб, аёллар эрларига бўйсуниши ҳақида ёзилган оятни топдим. Бу оят Худонинг менга айтганларини тасдиқлади. Худо яна бир марта оят орқали, менга нима қилишимни айтди.

Қандай қилиб бу оятни унутдим, ахир Худонинг бу амрини биламан-ку! Жанжал бошлаётганимда қандай қилиб бу оят эсимга келмади?! Шундай қилиб Худованд менга ўз хатоимни юмшоқлик ва мулойимлик билан кўрсатди. Энг муҳими мен Унинг овозини эшитдим. Анчадан буён муштоқ бўлиб кутганим, Худонинг овозини эшитдим. У менинг ибодатимга жавоб берди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top