Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна мавзуларимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, Эски Аҳд давридаги имонлилар Нажоткорнинг келишини интизорлик билан кутишарди.
Аҳд имонлилари эса орқага, яъни хочга михланиш ва қайта тирилишга назар ташлайдилар. Бу иккала ҳол ҳам масиҳий ишончнинг асоси бўлган Исо Масиҳнинг беқиёс ҳаёти даврида энг юқори нуқтага кўтарилди. Исонинг хочдаги ўлими ва Унинг ўликлар орасидан қайта тирилиши Уни Эски Аҳдда Худованд ваъда қилган Масиҳ, дунёнинг нажоткори эканлигини тасдиқлайди.
Исо Масиҳни дунёнинг халоскори эканлигига ишониш тирик шахсга ишонишдир. Одамлар кўпинча: “Ишониш нима?” — деб сўрашади. Кенгайтирилган Янги Аҳдда “ишониш” сўзининг тўлиқ маъноси “эътиқод қилиш, имон келтириш, умид боғлаш” каби сўзлар билан ифода қилинади.
Юҳанно баён қилган Муқаддас Хушхабар “Ишониш Хушхабари” дейилади. “Ишониш” сўзини Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарда кўп маротаба учратамиз. Ушбу Хушхабарнинг 20-боб, 31-ояти Инжил Китобининг мақсадини шундай ифодалайди:
“Булар эса Исо – Худонинг Ўғли, Масиҳ эканлигига ишонишингиз ва ишониб, Унинг номи билан ҳаётга эришингиз учун ёзилган”. Танадан туғилишда киши ўзи фаҳмламаган ҳолда кўпгина нарсаларга эга бўлади: исм-шариф, шуҳрат, бойлик, севги, эътибор, ҳимоя.
Руҳдан туғилишда эса Худонинг фарзанди бўлиб, абадий ҳаёт, илоҳий мерос, Худонинг севгиси, ғамхўрлиги ва ҳимоясига эга бўлади. Худо бизга бу ёрқин нарсаларни Ўзининг буюк севгиси туфайли берди.
Худонинг инъомлари ҳеч қачон инсоннинг ўзгарувчан ҳиссиётларига асосланмайди, балки Ўзининг ўзгармас каломи ва ваъдаси туфайлидир. У сизнинг масиҳий ҳаётингиз зафарли, самарали ва жазибадор бўлишини назарда тутди. Исо Масиҳни шахсий Нажоткорим ва Раббим деб билиш — одамзот ҳис қила оладиган энг буюк шараф ва кечинмадир.
Азиз биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳ нимаики қилган бўлса, биз инсонлар, У билан келажакда бирга бўлишимиз учун амалга оширди. У биз инсонларнинг гунохларимизни кечирди. Худованд бизга берган кечирими учун, биз инсонлардан, фақатгина бир нарсани талаб қилади. Унга ишониш, севиш, улуғлаш ва Унинг амрларига амал қилишдир.
Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сиз азизлар билан хайрлашишдан аввал ўзимизнинг электорон почтамиз манзилини айтиб ўтсам: dilkash@najot.com Яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.