Ассалому алайкум азиз мухлислар, сиз азиз биродарларимиз билан яна соғ-саломат учрашиб турганимиз учун Худовандга шукроналар айтамиз. Азиз биродарлар, ҳар- бир кишининг ҳаётини нимадир бошқаради.
Кўпгина луғатлар “бошқармоқ” деган сўзни “йўл кўрсатмоқ, йўналтирмоқ, назорат қилмоқ” дея таржима қилади. Сиз машина ёки голф тўпини бошқарганда, сиз уни ўша вақтда йўналтираман, назорат қиламан ва йўл кўрсатаман деган маънода гапирасиз.
Сизнинг ҳаётингизни қандай куч бошқаради? Ҳозирнинг ўзида сизни қандайдир муаммо, босим ёки инқироз бошқараётгандир. Сизни қандайдир аччиқ хотира, таъқиб қилаётган даҳшат ёки номаълум ишонч бошқараётган бўлиши мумкин.
Сизнинг ҳаётингизни бошқариши мумкин бўлган бир қанча шароит, қадриятлар ва ҳис-туйғулар мавжуд. Бизга маълумки, кўпгина инсонларни айбдорлик бошқаради. Улар бутун ҳаётларини афсуслардан қочиш ва уятдан яшириниш билан ўтказишади.
Айбдорлик бошқарадиган кишиларга хотиралар катта таъсир ўтказади. Улар ўтмишлари келажакларини бошқаришига йўл қўйишади. Улар билмаган ҳолда ўз муваффақиятларига зимдан қаршилик кўрсатиш орқали ўзларини жазолайдилар.
Ёдингизда бўлса, азиз биродарлар, Қобил гуноҳ қилганида, унинг айби Худо ҳузуридан ажралишга олиб келди ва Худо унга шундай деди: “Ер юзида сарсон саргардон бўлгайсан.” Ибтидо китоби 4 боб 12 ояти.
Бу ҳозирги кунда ҳаётда мақсадсиз юрган кўпгина инсонларни тасвирлайди. Биз ўтмишимизнинг натижасимиз, аммо ўтмишимизнинг маҳбуси бўлмаслигимиз керак. Худонинг мақсади бизнинг ўтмишимиз билан чегараланмаган.
Худо қотил Мусони бошқарувчига ва қўрқоқ Гидеонни жасоратли қаҳрамонга ўзгартирди ва У сизнинг бундан кейинги ҳаётингизда ҳам ажойиботлар ярата олади. Худо инсонларга соф ибтидо бериш билан муайян мақсадга йўналтиради.
Муқаддас Калом айтади: “Қандай бахтли гуноҳи ўтилган, Қонунсиз ишлари афв бўлган одам!” Кўпгина инсонларни қаҳр ва ғазаб бошқаради. Улар жароҳатларга ёпишиб оладилар ва ҳеч қўйиб юбормайдилар.
Кечирим орқали жароҳатларидан воз кечиш ўрнига, уларни хотираларида такрорлайверадилар. Бундай инсонларнинг баъзилари гапни бошқа ёққа буриб ғазабларини ичларига ютсалар, баъзилари эса ёриладилар ва бошқаларга портлайдилар. Иккала жавоб ҳам носоғлом ва бефойдадир.
Ғазаб доимо сиз ғазабланаётган инсондан кўра сизни кўпроқ жароҳатлайди. Сизни хафа қилган киши хафагарчиликни унутиб ўз ҳаётида давом этаверса, сиз ўтмишингизни ўзгартириб бўлмайдиган қилиб қўйиб оғрикни янада кучайтирасиз. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.