3:22

Астма касаллиги

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Бронхиал астма нафас йўлларининг сурункали касаллиги бўлиб, унинг асосида доимий яллиғланиш белгилари ётади. Яллиғланиш жараёнида бронхлар сезувчанлиги ортиб, натижада бронх-ўпка тизимида ўзгаришлар юзага келади. Бу ўзгаришлар беморларда такрор-такрор нафас қисиши, ҳансираб қолиш, кўкрак қафасида хириллаш ва оғирлик пайдо бўлишига ҳамда кечалари йўтал хуружи тутишига олиб келади. Астма сўзи “бўғилиш”, “ҳансираш” маъноларини билдириши бежизга эмас. Чунки бронхиал астмага дучор бўлганлар бронхлар шиллиқ қаватининг шишиши, шиллиқ ишлаб чиқаришнинг кучайиши ва бронхспазм туфайли тез-тез нафас қисишидан шикоят қиладилар. Хасталикнинг илк хуружлари болаликда ёки балоғатга етиш даврида бошланиши мумкин.

Айрим одамларда эса бу касаллик кексалик ёшида ҳам ривожланади. Бронхиал астма кўпинча бирор касаллик ёки қаттиқ асабийлашиш ва руҳий зўриқишдан кейин пайдо бўлади. Ёзнинг ўзгарувчан кунларида, айниқса об-ҳаво совуқ ва нам бўладиган кўклам ҳамда куз фаслларида бронхиал астма хуружлари кучаяди. Нафас қисиш бронхиал астманинг асосий клиник белгиси ҳисобланади. Баъзи бир аллергенларнинг таъсири, яллиғланиш касалликларининг қайталаниши, асабий-руҳий зўриқиш ҳолатлари хуруж авж олишига туртки беради. Касалликнинг хуружлари икки босқичда кечади.

Биринчи босқичда хуруждан бир неча дақиқа ёки бир неча соат олдин беморни йўтал тутади, томоғи, кўзлари, тери ёки қулоқ супраси қичишади. Беморда пешоб ажралиши кучаяди. Бу бронхиал астма хуружининг илк даракчи белгиси.

Иккинчи босқич бўғилишлар билан кечади. Хуруж вақтида нафас йўлларидаги майда бронхлар тораяди, уларнинг шиллиқ қавати шишиб бронх найчасида шилимшиқ модда ажралади. Беморнинг кўкрак қафаси сиқилади, у тўлиқ нафас чиқара олмайди. Кўпинча нафас чиқариш ҳуштаксимон хириллашлар билан кечади. Беморнинг юзи кўпчийди, кўкаради, бўйин веналари шишади. Агар сиз сигарет тутунидан, чанг ва ҳайвонлардан узоқроқ юрсангиз, камроқ дори керак бўлади.

Чекишни ташланг. Ётоқхонангиздаги барча гилам ва ўсимликларни олиб чиқиб қўйинг, чунки улар чанг ва моғорларни ўзида тўплайди.

Болишингиз ва ётадиган кўрпа тўшакларингизнинг барчасини целофан билан ўранг.

Балғамни камайтириш учун кўп суюқлик ичинг. Агар сиз хали хам хирриллаб нафас олаётган бўлсангиз, дори ичишингиз керак. Салбутамол каби, нафасга олинадиган

Бронходилататорлар, яъни бронхларни кенгайтирувчи дори билан даволашни бошланг. Ушбу дорилар нафас йўлларини бир неча соатга очади, лекин шишларни пасайтирмайди. Нафасга олинадиган дориларни тўғри ишлатаётганингизга эътибор беришингиз керак: Дорини бир неча марта силкитинг, нафасни чиқариб дорининг оғизга солинадиган қисмини оғзингиз олдига олиб келинг, лекин ичига солманг ва оғзингизнинг орқа қисмига тўғрилаб чуқур нафас олаёттан маҳалда дорини сепинг ва олган ҳавони 30 секунд ушлаб туришга ҳаракат қилинг. Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top