Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азизлар билан яна соғ-саломат учрашганимиз учун Худовандга шукроналар айтамиз. Азизлар, Худонинг Ягона Ўғли – Исо Масиҳ учун аниқ ва узоқ вақтни якка ҳолда Отаси билан ўтказиш муҳим эди.
Ундан кўра бандроқ кимса борми? У эрталабдан кечгача одамларга гапирар, уларни даволар, улар билан алоҳида суҳбатлашар, бу шаҳардан у шаҳарга борар ва шогирдларига таълим берарди.
Шундай бўлса-да Худо билан танҳо қолишни муҳим ҳисоблаб, бунинг учун вақт ажратарди! Ўтган йиллар мобайнида Худо учун улкан ишлар қилган Худонинг танланганлари томонидан ёзилган таржимаи ҳоллар ва асарлар ихлос билан сокин вақт ўтказиш қанчалик муҳимлиги ҳақида гувоҳлик беради.
Худо учун дунёни ларзага келтирган ва Методист Жамаотига асос солган Жон Уесли худди шундай бошқа буюк руҳий етакчилар намунасидир. У ибодатни ҳамма нарсадан кўра муҳимроқ иш деб ҳисобларди.
Бола жисмонан яхши ўсиши учун овқат ейиши керак бўлганидек, бизнинг ҳам руҳий ўсишимиз учун овқат керак. Агар биз бир марта овқатланмасак ҳеч қандай касаллик сезмаслигимиз мумкин, лекин бир ҳафта давомида овқатланмасак жисмонан кучсизлана бошлаймиз.
Руҳий ҳаётда ҳам худди шундайдир. Худо Каломини ўрганиш ва ибодатда бўлиш руҳий ўсиш учун ўта муҳим. Бир кунни Худо Каломини ўқимасдан ўтказиб ва ибодат қилмасдан ўтказиб, ҳаётимизда бирор-бир кўринарли оқибатни сезмаслигимиз мумкин, лекин биз шундай ҳолатда давом этаверсак ғалабали имонли ҳаёт кечиришмиз учун қувват ололмаймиз.
Масиҳий ҳаётни жанг майдонидаги аскарга қиёслаш мумкин. У олдинги қаторларда турибди, лекин уни бошқариб турадиган зобит билан радио орқали боғланган. Аскар ўзи дуч келаётган ҳолатлар ва муаммолар ҳақида айтиб бериб туради, юқоридан бутун жанг майдонини кўриб турган зобит эса унга йўл-йўриқ кўрсатиб туради.
Худди шундай имонли киши ҳам ўз шодлиги-ю ғамларини, ғалаба ва мағлубиятларини ҳамда ўз муҳтожликларини Худо билан бирга баҳам кўради, чунки Худо Ўз Сўзи орқали унга йўл-йўриқ кўрсатади ва бошқаради.
Бизнинг ҳаёт жангимизни бошқарадиган Зот самовий Отамиздир. Биз босишимиз лозим бўлган қадамларни У билади. Биз эса У билан бирга бўлишимиз учун вақт ажратишимиз керак. Руҳий ҳаётда ўсиш мақсадида Раббимиз Исо Масиҳ билан яқин алоқани йўлга қўйиш учун қилинадиган ҳар кунги сокин вақт сажда ва фикр юритиш учун ҳар биримизнинг ўз режаларимиз бўлиши керак.
Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Азизлар, яна дастурларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.