Ассалому алайкум азизлар. Соғлом оила дастурига хуш келибсиз. Азизлар, бугун сизлар билан сийдик йўллари ва унинг касалликлари ҳақида сўз юритишни мақсад қилдим. Хўш, сийдик системаси ўзи нима учун керак? Сийдик системаси, қондаги кераксиз нарсаларни сийдик сифатида ташқарига чиқариш учун хизмат қилади. Сийдик йўлларининг кўпгина ҳар хил касалликлари бор. Уларни бир-биридан ажратиш доим ҳам осон бўлмайди.
Бир хил касалликнинг ўзи аёл ва эркакларда турлича намоён бўлиши мумкин. Баъзи шикастлар оддий, баъзилари эса хавфли бўлиши мумкин. Хавфли касаллик оддий белгилар билан ҳам бошланиши мумкин. Албатта, ушбу дастур ёрдамида хато қилмасдан осонликча аниқлай олмайсиз, лекин шунда ҳам, иложи борича кўпроқ маълумот беришга харакат қиламан.
Махсус билим ва анализлар керак бўлиши мумкин. Иложи бўлганда, тиббиёт ходими билан маслаҳатлашинг. Сийдик йўлларининг одатда учраб турадиган касалликлари қуйидагиларни ўз ичига олади: Сийдик йўллари инфекциялари. Бу кўпинча аёлларда учрайди. Масалан, улар жинсий алоқадан сўнг, айниқса, ҳомиладорлик даврида, баъзан бошқа вақтларда ҳам учраши мумкин.
Простата касалликлари, яъни простата безининг катталашуви натижасида сийдик чиқаришга қийналиш; кўпинча катта ёшдаги эркакларда учрайди. Унинг катталашишини аденома деб аташади. Бу кўпинча ёши 40дан ошган эркакларда учрайди. Ушбу хасталик қовуқ ва сийдик йўли орасида жойлашган простата безининг шишишидан келиб чиқади.
Бемор кўпинча сийганда ва баъзан ичи келганда қийналади. Сийдик фақат томчилаб тушади ёки унинг йўли умуман беркилиб қолиши мумкин. Баъзан одам бир неча кунлаб сия олмай қолади. Агар унинг иситмаси бўлса, Бисептол ёки ципрофлоксацин каби антибиотикларни ишлатинг. Тиббий ёрдамга мурожаат қилинг. Жиддий ёки сурункали ҳолларда операция зарур бўлиб қолиши мумкин.
Эслатма: Простата билан боғлиқ муаммо ва сўзакда ҳам сийиш қийинлашади. Катта одамларда простата безининг шишиб қолгани кўпроқ эҳтимоли бор. Лекин ёш одамда, айниқса, у инфекцияланган одам билан яқиндагина жинсий алоқада бўлган бўлса, унда гонорея ёки хламидия бўлиши мумкин. Охирги пайтда жинсий йўл билан тарқаладиган касалликлар сони ўсиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири, одамлар ўз турмуш ўртоғидан бошқа бирортаси билан жинсий алоқада
бўлишидир. Афсуски жаҳонда жинсий алоқа орқали юқадиган ва тўла даволаб бўлмайдиган янги касалликлар кўпаймоқда. Шунинг учун эсингизда тутинг! Турмуш ўртоғингиздан бошқаси билан жинсий алоқада бўлиш ҳавфлидир. Презерватив, одатда таносил касалликларидан сақлайди, аммо у ҳам 100 % самарадорликга эга эмас.
Азизлар, бордию сизларда хам оила соғлиғига оид маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Раббимиз сизни Ўз панохида асрасин. Соғ бўлинг.