3:12

Чарчоқдан қандай қутулиш мумкин

MP3

Ассалому алайкум қадрдон дугоналар. Мен Лола аёл кишининг қанчалик матонатли ва қаноатли бўлиши кераклигини кўп марта ҳис қилганман. Биз аёлларнинг елкамизда оғир ва машаққатли турмушнинг ташвишлари бор. Биз бу ҳаётда, турмушда ўз ўрнимиз ва вазифамизни биламиз. Худо бизни турмуш ўртоғимизга ёрдамчи бўлишимиз учун яратган. Баъзида шундай ҳолатлар бўлади-ки, уларга таянч бўлишимизга ҳам тўғри келади. Бундай вазифани бажариш эса осон эмаслигини ўзингиз яхши биласиз. Бу бизнинг асосий вазифаларимиздан бири холос. Ундан ташқари оналик, бекалик ва аёллик вазифаларимиз ҳам бор. Уларнинг ҳар бири ўз ичига турли мажбуриятларни қамраб олади. Энди бунинг қанчалик маъсулиятли эканини тасаввур қилаяпсизми? Ҳар бир аёл оилада яхши она, яхши бека ва яхши турмуш ўртоқ бўлишга ҳаракат қилади. Буни истамаган ва ҳаракат қилмаган аёлни топа олмайсиз.

Бироқ мана шу мажбуриятлар кўп холларда аёл кишини толиқтириб қўяди. Кундалик юмушлар, қўшимча ишлар кун охирида ҳаддан ташқари ҳолдан тойишимизга сабаб бўлади. Нима деб ўйлайсиз, кундалик юмушлар кишини шунчалик толиқтириши мумкинми? Йўқ, кундалик юмушларнинг ўзи кишини толиқтирмайди. Юмушлар орасида бизнинг асабимизга тегадиган, бизни ҳафсаламизни пир қиладиган ишлар бўлиб туради. Бу ҳар нарса бўлиши мумкин. Масалан ёш болангиз бўлса, у кун давомида инжиқлик қилиб, сиздан у ёки буни талаб қилади. Боланинг бу инжиқлиги ҳам онанинг асабига тегади. Ëки бўлмаса бирор бир ёқимсиз янгилик, бу ҳам кун давомида аёл асабининг толиқишига сабаб бўлади. Агар билсангиз жисмоний меҳнатнинг ўзи кишини бунчалик толиқтирмайди. Айнан организмимиздаги асабларимиз, ҳис-туйғуларимизнинг зўр бериб ишлаши туфайли кун охирида ҳаддан ортиқ толиқамиз.

Ишлайдиган аёллар ҳаётда бўладиган турли кўнгилсизликлардан ишлари билан чалғисалар, уйда ўтирадиган аёлларга бу бироз қийинчилик туғдиради. Ишлайдиган аёллар ҳам ишини ҳам оиласини бирдек олиб бориши керак. Ишлайдиган аёллар кун давомида толиқишни ҳис қилсалар, курсига қулай жойлашиб олиб, 1-2 дақиқа, ўзини бўш қўйиб, яхши ва чиройли ҳолатни тасаввур қилиши, шу билан бирга кўзларига ва бошқа аъзоларига ҳаёлан дам олишни буюриши керак. Бу яхши натижа беради.

Уй бекалари эса кун давомида толиқмасликлари учун қилинадиган ишлар орасига ўзларига ёқадиган бирор бир машғулотни қўшиб қўйишлари мумкин. Бироқ аёллар ҳаётдан, турмуш ташвишларидан чарчамасликлари учун бунинг ўзи етарли эмас. Сиз яхши биласиз биз аёллар дилдан суҳбатлашишни ёқтирамиз.

Дилдан суҳбат қуриш биз аёлларга роҳат бағишлайди. Қалбимиз азоб чекканда эса, бундай суҳбатдошга икки-уч баробар кўпроқ эҳтиёж сезамиз. Шунинг учун имкон борича ҳар бир аёлда қалбини оча оладиган, ишончли бир киши бўлгани маъқул. У яқин дугона, қариндош, ота-она ёки доктори бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда энг муҳими ўша одам аёлни чин дилдан тинглаши ва керакли маслаҳат бера олиши зарур. Борди-ю, сиз ишонадиган ёки қалбингиз сирини оча оладиган яқин кишингиз бўлмаса-чи. Шундай ҳолатлар ҳам бўлади. Бундай ҳолатда қандай йўл тутишни кейинги суҳбатларимиз орқали билиб оласиз. Бизни тинглашни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top