Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз.
Қуйидаги ибодатни, Масиҳ ўз шогирдларига ўргатган эди. “Сизлар эса бундай ибодат қилинглар: Бизнинг осмондаги Отамиз! Сенинг муқаддас номинг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин. Бугунги ризқимизни бергин. Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин. Бизни васвасага дучор қилмагин, аммо ёвуз шайтондан халос қилгин.” (Матто 6:9–13).
Эътибор беринг, ибодат “Бизнинг осмондаги Отамиз!” деган сўзлар билан бошланган. Исо: “Менинг Отам”, деб эмас, балки “Бизнинг Отамиз”, деб ибодат қилишни ўргатган. Шогирд қаерга бормасин, у ердаги одамларни тушуниши керак, ўзини уларнинг даражасида тутиши керак. Шогирд ўзини етукликка эришган, ўз манзилига етиб келган одам, деб ҳисобламасин. Аксинча, у ўқиш жараёнида эканлигини тан олсин, бу дунёда ўзини мусофир деб билсин. Ҳаётида Худонинг мурод–мақсади амалга ошишига интилсин. Одамларнинг муҳтожликларига сезгир, камчиликларини кечирадиган бўлсин.
Исо ибодатда Ўзини эмас, Худони улуғлаган эди. Масиҳнинг Раббийлигини тан олиш – ўзлигингиздан воз кечиш демакдир. Сиз машҳур бўлмоқчимисиз? Бошқа одамлар сизни тан олишларини хоҳлайсизми? Ҳаётингиздаги мақсадларингиз шахсий манфаатларингизга асосланганми? Масалан, эътиборга мувофиқ илмий кашфиёт қилиш, катта тадбиркор бўлиш, муҳим бир одам билан турмуш қуриш ва ҳоказо. Агар Масиҳ сизнинг Раббингиз бўлса, у ҳолда сиз ўзингизнинг юксалишингизни эмас, Масиҳнинг улуғворилигини қидиришингиз керак.
Худо осмонда ҳукмронлик қилгани каби, ерда ҳам ҳукмронлик қилмоқчи. Худо Ўз шоҳлигини қуряпти. Сиз бел боғлаб, Масиҳнинг шоҳлигини қуришга киришганмисиз ёки ўзингизнинг кичкина хонлигингизни қуриш билан оворамисиз? Балки сиз жамоатда болалар хизматини олиб бораётгандирсиз, ёки оқсоқоллар гуруҳига етакчилик қилаётгандирсиз, ёҳуд бирор қурилиш лойиҳасини, ё хизмат ҳаракатини бошлаётгандирсиз, нима қилишингиздан қатъий назар, бутун эътиборингиз нимага қаратилган? Лойиҳаларни олиб боришгами ёки ҳақиқатан ҳам Масиҳнинг шоҳлигини қуришгами? Худонинг шоҳлигини биз Хушхабар айтиш орқали қурамиз. Биз одамларни зулматдан нурга, шайтоннинг зулмидан Худонинг ҳокимиятига олиб кирамиз. Хушхабар ёйишда сиз қанчалик фаолсиз? Имонсиз одамлар сизни ўзининг яқин дўсти, деб айта оладими?
Эътибор беринг, ушбу ибодатда Исо ҳам “Менинг иродам бажо бўлсин”, демаган, аксинча, “Сенинг ироданг бажо бўлсин”, деб айтган. Исо шунга ўхшаш яна бошқа бир гап айтган эди: “Мен Ўз–Ўзимдан ҳеч нарса қилолмайман. Отам Менга қандай айтса, шундай ҳукм қиламан, шунинг учун ҳукмим тўғридир. Зотан Мен Ўз иродамни эмас, балки Мени юборган Отамнинг иродасини бажо келтиришни истайман.” (Юҳанно 5:30). Агар сиз чин юракдан Худонинг иродасини қидирмасангиз ва ҳаётингизда уни татбиқ қилмасангиз, у ҳолда “Сенинг ироданг бажо бўлсин”, деб ибодат қилманг. Муқаддас Китобда Худонинг иродаси нима эканлигини билсангиз, ўшани қилишдан бошланг. Шунда Муқаддас Руҳ содиқлигини кўрсатиб, сизга Худонинг иродасини тўлиқ аён қила бошлайди.
Азизлар, бордию сизда ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.