2:44

Пул топиш усуллари 2 қисм

MP3

Ассалому алайкум азизлар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Одам бирор бир мақсадга эришиши учун аввал ўша мақсадни кўз олдига аниқ-тиниқ келтира олиши зарур. Агар, масалан, мақсад — пул бўлса, тоза оқ қоғоз оласиз-да, унга ойига, кунига, йилига ишлаб топишни истаган суммангизни ёзасиз.

Ёдингизда бўлсин, ушбу сумма, кармонингиздаги пул эмас, банкдаги ҳисоб рақамингиздаги маблағ ҳам эмас. Биринчи навбатда у сиз таклиф этаётган хизмат эвазига одамлар тўлашни истаган маблағ рамзи. Ўзингизга қуйидаги саволни беринг: таклиф этмоқчи бўлган хизматингиз одамларга наф келтирадими ёки йўқ?  

Хизмат одамларга қандай фойда келтириши мумкинлиги ҳақида доимий равишда ўйланг, шунда бойлигингиз тобора ортиб бораверади. Бойлигингиз ортгани сайин одамларга нафингиз тегаётгани, уларнинг ҳаёт тарзини яхшилаётганингизни англаб бораверасиз. Ҳаётингиздан ва ўзингиздан мамнунлик ҳиссини туяверасиз.

Бойлик сари элтувчи 4 хислат.  Ҳаётда катта муваффақиятларга эришган одамларнинг аксариятида мавжуд бўлган 4 хислат бор. 

1. Руҳан кучлилик. 

Муваффақият сари элтувчи йўлда, айниқса, дилозорликлар кўп учрайди. Одатда булар мижозлар, ҳамкасблар, раҳбариятнинг қўполлиги, қўрслиги билан боғлиқ ҳиссий кечинмалар бўлади. Бундай босқичлардан ўтиш учун одам ўзини тайёрлаши лозим. 
2. Ўзи ва ўз қарашларига содиқ қолиш.

Муваффақиятли одамлар кўпроқ пул келтирадиган нарсаларни эмас, балки ўзларининг кўнгиллари истаган нарсаларни танлашар экан. Маънавий ва қонуний тамойиллар эса ҳеч қанчон эътибордан четда қолмаслиги шарт! 
3. Ўрганишдан тўхтамаслик.

Бу хислатни одам умр бўйи ўзида тарбиялаши даркор. Камида келгуси 5 йил ичида ўрганиш керак бўлган нарсаларни режалаштириб олиш зарур. Булар тил ўрганиш, малака ошириш, компьютер курслари, спорт тури кабилар бўлиши мумкин. Буни қарангки, муваффақиятли инсонлар молиявий захирасининг деярли 20%и айнан шундай ишларга сарфлашаркан. Улар ўз соҳасида эксперт даражасига эришишга, замондан ортда қолмасликка айнан шулар ёрдам беради. 
4. Ижодкорлик

Ҳар соҳага ижодкорлик билан ёндашиш мумкин. Замон ҳам ижодкорлик асосида ривожланиб бормоқда. Ҳамма юрган йўлдан эмас, ҳали қадам босилмаган жойларни изланг, таҳлил қилинг. Ҳеч ким изламаётган соҳаларда изланинг. Ҳеч ким сотмаётган усулларда товарларни таклиф этинг. Ҳаммадан ажралиб туринг. Янги маҳсулотлар, янги хизматлар кашф этинг. Биз эса қайси йўлни танлашингиздан қатъи назар омад сизга кулиб боқишини, ўз истаган мақсадларингизга албатта етишингизни тилаб қоламиз.

Азизлар, бордию сизда ҳам кичик бизнесга оид қизиқарли маълумотлар бўлса, уларни dilkashradio.com сайтимиздаги боғланиш бўлимидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Кичик бизнесингизни Худойим баракаласин. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top