3:33

Кечирим бериш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Худо бизга баъзи амрларни берган, уларнинг орасида энг қийини бу – кечиришдир. Бу албатта биз учун қийин, аммо имконсиз нарса эмас. Энг аввало Исо Масиҳ, уни хочга михланганларга қараб, Худодан уларни кечиришини сўраган. Чунки бу пайтда Унинг Ўзи аллақачон уларни кечирган эди. Луқо 23 боб 34 оятда шундай ёзилган: “Исо – Эй Ота! Уларни кечиргин, улар нима қилаётганини билмайдилар, — деди.” Исо Масиҳ илоҳий Зот эди. Калом У ҳақида шундай дейди: “Исо Масиҳ Худонинг табиатига эга эди, шунда ҳам У Худо билан тенглигини маҳкам тутмади. Аксинча, У бу улуғворлигидан воз кечиб, қул табиатига кирди, инсон бўлиб туғилди. У инсон қиёфасида яшаб, Ўзини паст тутди. Итоаткор бўлиб, ҳатто ўлимга, хочдаги ўлимга ҳам рози бўлди.” Шундай илоҳий, Худо даражасида бўлган Масиҳни қандай азобларга дучор қилишди?

Narrator 2 Уни масхара қилишди, юзига шапалоқлаб уришди, бошига тикондан тож кийдириб, оғир хочни олиб тепаликка чиқишга мажбур қилишди, хочга михлашди ва Унинг кийимларини талашиб қуръа ташлашди. Ҳатто ёнидаги қароқчиларидан бири ҳам унга таъна қилди. Шунга қарамай, Масиҳ уларнинг барини кечирди. Ҳар бир кишининг ҳаётида кечиролмайдиган бир ҳолат бўлади. Кимдир бизни атайлабми ёки билмайми ҳафа қилган, дилимизни оғритган. Улар етказган оғриқ доим қалбимизда туради. Аммо Худованд аниқ қилиб “Кечир” деб буюрган. Матто 6 боб 14-15 оят шундай дейди: “Агар сизларга ёмонлик қилганларни кечирсангизлар, Осмондаги Отамиз ҳам сизни кечиради. Борди-ю, сизлар бошқаларнинг гуноҳларини кечирмасангизлар, Отангиз ҳам сизни кечирмайди.” Кечириш учун биринчи қадамни қўйиш бизнинг зиммамизда.

Narrator 1 Худога бўйсуниб, бизни ҳафа қилган одамни кечиришга қарор қилганимизда, Худонинг ёрдами ва иноятини олишга очиқ бўламиз. Шунинг учун, энг аввало биз кечиришга қарор қилишимиз керак. Ундан кейин биз кечира олмаётган одамни кечиришимиз учун Худодан ёрдам сўраб ибодат қилсак, Худо албатта бизга ёрдам беради. Кечирим ўзи нима? Бу жараён. Аммо Худо билан кечадиган жараён. Кимнидир кечиришга қарор қилганимизда Худодан уни кечиришга куч ва иноят бериши учун ибодат қилишимиз керак. Қалбимизда ардоқлаб келган оғриқларни қўйиб юбориш қийин бўлишига қарамай, уларни Худога топширишимиз керак. Кечириш бу – у қилган ишни унутиш дегани ҳамдир. Албатта бунда ҳам Худонинг ёрдами керак бўлади. Ўзимизга қолса, биз бу оғриқни унутолмаймиз. Аммо Худодан сўрасак, У бизга ёрдам беради. Ўша одам билан ярашиш учун керакли қадамларни қўйишимиз керак.

Narrator 2 Баъзан шундай бўладики, биз ҳафа бўлган одам ҳатто бизга озор етказганини ҳам билмайди. Биз эса ҳафа бўлиб, қалбимизни яралар билан заҳарлаймиз. Бошқа ҳолатларда эса, бизни ҳафа қилган одам билиб туриб кечириб сўрашни истамайди. Нима ҳам деймиз, инсон табиати гуноҳкорда. Ҳар биримизда шундай мағрурлик бор. Биз гуноҳ қилганимизни тан олишни истамаймиз. Ҳар икки ҳолатда ҳам биз уларни кечирим сўрашга мажбур қилмай, кечириб юборишимиз керак. Бундай деётганимизга сабаб, баъзилар кечирим беришга қарор қилсалар ҳам, уларни ҳафа қилган одамлар нима қилганларини билиб қўйишларини билишлари учун, уларга қандай ёмон иш қилганларини уқтириб, кечирим сўрашга мажбур қилишлари ҳам мумкин. Худованд эса бундай қилишингизни истамайди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top