Narrator1 Ассалому алайкум қадрдон биродарлар. Аввалги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, унда Худонинг Оталиқ қиёфасини ўзимизнинг ердаги оталаримизнинг сифатларидан келиб чиқиб тасаввур қилиш, бизни У билан муносабат қилишимизга ва ибодат қилишимизга ҳалал бериши ҳақида айтиб ўтган эдик. Аксинча, Худовандимизнинг биз ҳали тўлиқ тушуниб етмаган Оталик ҳислатларидаги жавоҳирларни билиб олганингиздан сўнг эса, Унга бўлган меҳрингиз ортади, бошқача фикрда бўласиз ва энг муҳими Унга ибодат қилишга шошасиз. Энг аввало Худонинг меҳрибон ва меҳр-муҳаббатга тўла табиати ҳақида сўзласак. Севгига тўла инсон бўлсангиз, сизни ўлганингиздан кейин ҳам яхши сўзлар билан эслаб юришади. Аммо Худо бу борада ҳам инсоннинг севги ҳақидаги тушунчасидан юқори. У шунчаки жуда севадиган эмас, Каломда ёзилишича, Унинг Ўзи севгидир.
Narrator 2 Севмайдиган одам эса Худони ҳеч қачон билмаган. Ахир, Худо севгидир.” Бу оятни яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Худодан келадиган севги бу фақатгина ҳиссиёт эмас, бу воқеа. Яъни биз ҳисларимизга суяниб севсак, бу ҳақиқий севги эмас, воқеа ёки ҳолатнинг қандайлигига қарамай севиш бу севгидир. Севги бу бошқа одам учун бирор нима қилишдир. Худованд ҳам бизни қанчалик севишини кўрсатиш учун гуноҳларимиз эвазига Исо Масиҳни юборди ва Уни бизнинг ўрнимизга қурбон қилди. У орқали бизни нажотга эриштирди. Агар Худонинг севгисига шубҳа қиладиган бўлсангиз, хочни, ундаги Исо Масиҳнинг азобларини ўйланг. Агар Худованд сизнинг нажот топишингиз учун Исо Масиҳни ҳам аямаган бўлса, демак сизга бошқа нарсаларни ҳам беради. Римликларга 8 боб 12 оятда шундай ёзилган: “Худо Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, Унга қўшиб қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?!”
Narrator1 Худованднинг асл табиати севувчи ва меҳрга тўла. Худо нимаики қилмасин, ўша табиати асосида қилади. Сизнинг Худоингиз мана шунақа. У сизни доимо ёнига чорлайди, унинг марҳаматидан ва муҳаббатидан баҳраманд бўлишингиз учун чақиради. Бу ҳақиқат эса бизни Унинг олдига ибодат билан келишга ундайди. Унинг иккинчи жавоҳир ҳислати бу Унинг чексиз ва улкан билимидир. Баъзи ота-оналар фарзандларини тарбия қилиш жараёнида нима қилишни билмай қоладиган пайтлар бўлади. Бунда уларнинг билими ва тажрибаси етмай қолади. Аммо Худонинг Оталик вазифасида бундай бўлмайди. Чунки У ягона “Донишманд Худо”. Унинг донолигини чегараси йўқ. Шунинг учун ҳам биз унинг олдига муаммоларимизга ва муҳтожликларимизга ечим излаб келамиз. У бу муаммоларимизни Унга айтмасимиздан олдиноқ билади. У бизнинг келажагимизни, оғриқларимизни ҳам билади.
Narrator 2 У бизга тасалли беради. “Раббимиз Исо Масиҳнинг отаси Худога, ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо — марҳаматли Отага ҳамду санолар бўлсин! Ҳар хил азоб–уқубатларга учраганимизда Худо бизга тасалли беради.” Унинг бу ҳислати ҳам бизни Унинг олдига келиб ибодат қилишимизга сабаб бўлади. Унинг кейинги жавоҳир ҳислати бу Унинг эшитгувчи эканлигидир. Агар Худованд ибодатларимизни эшитмайдиган Худо бўлганида ҳамма, ҳатто биздан олдин ўтганлар ҳам ибодат қилишни тўхтатган бўларди. Аммо У бундай эмас. Худованд ибодатларимизни эшитади. Каломда шундай тасдиқ бор: “ Эй Эгам! Тонг чоғи овозимни эшитасан, Субҳидамда Сенга ёлвораман,Сендан жавоб кутаман.” Шундай экан эшитадиган Худонинг олдига келиб ибодат қилинг.