3:26

Тавба ва кечирим

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Бугун Худо одамлар юрагида пайдо қиладиган мўъжиза ҳақида бир гувоҳликни сизлар билан бўлишишни истадик. Мўъжизани инсонлар турлича тушунишади. Кимлар учундир бу бир иложсиз, тузалмас ҳасталикдан шифо топиш бўлса, бошқалар учун кутилмаганда жуда муҳтожлик ҳолатида катта миқдордаги маблағнинг пайдо бўлиши бўлиши мумкин. Албатта булар ҳам Худонинг иродаси ва Унинг аралашувисиз бўлмайди. Бироқ менинг фикримча, мўъжиза бу – инсонлар қалбининг имконсиз деб ўйланган пайтда бирданига ўзгаришидир. Тассаввур қилинг, бедаво саратонга чалинган аёл оғриқларга, ортида ташлаб кетаётган фарзанди ва оиласининг аҳволига қарамай, Худонинг берган шу тақдирига рози бўлишнинг ўзи катта мўъжиза. Хуллас, бугун мана шундай бир мўъжизани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Narrator 2 13 ёшли болакай унга ўқ узди. У аёлнинг юзини мажруҳ қилди. Аммо Худованднинг қудрати билан яраланган аёл ўсмирни кечирди. У пайтлар 1990 йиллар эди. Дэбби ўз оиласи билан Флоридада яшарди. У иккинчи фарзанди билан уйга қайтаётган эди. Бирданига кимдир, “Қўлингни кўтар!”, деб бақирди. У нима бўлаётганини англаб етмасдан, юзи олдида тўппонча пайдо бўлди. У бирор нима қилиб улгурмасидан, жиноятчи ўқ узиб юборди. Ўқ унинг жағ суягини, тишларини ва тилини мажаклаб ташлади. Агар ўқ бир неча сантиметр тепароққа текканида, у ҳаёт билан ҳайрлашган бўларди. Уч кундан сўнг у уни жароҳатлаган жиноятчининг исмини билиб олди. Унинг исми Ян Мануэл эди. У бир қанча жиноятлари учун ҳибсга олинган бўлса-да, аммо бир нарса уни ҳаяжонга солди: жиноятчи бор йўғи 13 ёшда эди. Қандай қилиб, шунча ёш бола бундан даҳшатли жиноятни қилиши мумкин.

Narrator 1 У ишонолмасди. Бошқа томондан эса қаттиқ ғазабда эди, чунки шу болакай унинг ҳаётини барбод қилди-да. Деббининг майиб бўлиб қолган жағи ўн йил давомида тикланди. Ян эса ёшлик йилларини турмада ўтказди. Бир куни Деббига қўнғироқ бўлди. Гўшакнинг нариги томонидан таниш бир овоз эшитилди. “Берри ҳоним – бу мен Янман. Мен сизни отиб қўйганимдан қанчалик афсусда эканимни айтиш учун қўнғироқ қиляпман. Сизни ва оилангизни Янги йил билан табриклайман.” Дебби бундай воқеага тайёр эмасди. Шундан кейин, Ян Дебига мактуб ёза бошлади. Мактубларида ҳар сафар қилган ишидан пушаймон эканлигини ёзарди. Бир пайт келиб, Дебби бу йигитга иккинчи имкониятни бериш керак, деган фикрга келди. Биринчи ўн йилда улар фақат ёзишиб турдилар. Деббининг жағ суяги эса бир нечта жарроҳлик амалиёти билан ўз ҳолига кела бошлади.

Narrator 2 У ўз мактубларини “сенинг дўстинг”, деб якунларди. Кейин эса Дебби Янни турмадан озод қилиш ишига киришди. 2016 йилнинг ноябр ойида, 39 ёшида Ян озод этилди. Дебби у билан кўришгани борди. У машинадан чиқиши билан, худди ёлғиз фарзандини қучоқлаган онадек Янни қучоқлаб олди. Аслида ҳам, Яннинг ҳамма қариндошлари у қамоқда эканлигида ўлиб кетишган эди. Дебби унга онадек меҳр бераётганини сезиб қолди. Ян Мануэл қурол билан Деббининг бошига отганида 13 ёшда эди. Дебби эса тушуниб бўлмас бир қарорга келди: ўзига шикаст етказган бошлани кечириш керак. У худди Масиҳ Ўз қотилларини кечиргандек Янни кечирди. Унга иккинчи имкониятни берди. Гарчи Деббининг оила аъзолари ва дўстлари буни ҳалигача тушунмасалар ҳам, унга шикаст етказган одамни кечиришга ва у билан дўстлашишга қарор қилди. Худованднинг одамлар юрагида мана шундай буюк кечиримни пайдо қилиши мўъжиза эмасми?

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top