3:26

Иш жинниси

MP3

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Дунё яратилибдики, ҳамма нарса ўзаро мувозанатда. Ой билан қуёш. Кун билан тун. Йиллар ойлар, фасллар ҳаммаси ўз ўрнида, ўз вақтида келади. Худо атрофимиздаги оламни мана шундай донолик билан мувозанатда жойлаштирган. Фақат биз инсонларгина, бу мувозанатни сақлаш лозимлигини унутиб қўямиз. Муқаддас Каломда Худо: «Сизларнинг танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир деб ёзилган». Биз Худога ва Унинг биз учун қилган қурбонлигига ишонар эканмиз, Муқаддас Руҳ бизнинг ичимизда қолади. Муқаддас Руҳнинг маъбади бўлган танани соғлом ва покиза сақлаш, бизнинг бурчимиз. Атрофимизда ишёқмаслар ҳам учраб туради. Бироқ ишга кўмилган, ишдан ташқари вақтларини ҳам ишга сарфлайдиган аёллар кўплаб топилади.

Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги йилларда турли касбдаги кишиларнинг кўпчилиги кучли толиқишдан шикоят қилишмоқда. Уларнинг руҳиятида ҳам салбий ўзгаришлар ортиб бормоқда. Ҳақиқатдан ҳам кўпчилик ҳаддан ташқари кўп ишлайди. Ҳаттоки овқатланишни ҳам унутиб қўйиб, бутунлай ишга шўнғиб кетганлар ҳам бор. Ой охирлагандаги аҳволни эса гапирмаса ҳам бўлади… Топширилиши керак бўлган ҳисоботлар, турли туман ҳужжатлар…

Шу ўринда савол туғилади. Узоқ вақт кучли ақлий меҳнат қилиш ёҳуд қаттиқ ишлаш ва ўз соғлиғига қарамай зарарли нарсаларни истеъмол қилиш кишига қандай таъсир кўрсатади? Албатта ёмон. Буни ҳар бирингиз яхши биласиз. Телевизорларда, матбуот нашрларида ҳар доим тўғри овқатланиш, иш кунини тўғри тақсимлаш, етарлича дам олиш кераклиги ҳақида гапирилади. Бироқ бунга амал қилишга келганда ортга сураверамиз. Бунақада қандай аҳволга тушиб қоламиз? Вақтида дам олмаган киши ақлан ва жисмонан толиқади. Кучли толиқиш мия томирларини зарарлаб, атрофга лоқайдлик уйғотади. Бундай кишининг тез жаҳли чиқади, кайфияти ўзгарувчан бўлиб, ишдан бошқа нарсаларга қизиқмай қўяди. Ишга берилиб кетган киши атрофдаги воқеа-ходисаларга эътиборсиз бўлиб қолади. Бундайларнинг ҳаёлида фақат ўз ишига оид ўйлар бўлади. Улар ҳаёлан кимлар биландир тортишади, кимлар биландир келишувлар қилади. Баъзан эса кучли руҳий зўриққанидан ҳуда-беҳудага ҳам бақира бошлайди. Асабий бўлиб қолади. Ўз олдига қўйган мақсадларини амалга ошириш учун яна ҳам кучлироқ ишлайди. Бунда кишининг барча диққат-эътибори фақат шу мавзуга қаратилган бўлади. Натижада руҳий зўриқиш юзага келади. Руҳий зўриқиш ҳолати кўп ҳолларда кишида қўрқув ва ҳавотирни пайдо қилади. Организмнинг баъзи аъзоларида зўриқиш кузатилади. Томир уриши тезлашади, қон босими ошади, тана ҳарорати кўтарилади.

Асабнинг бузилиши чарчоқдан далолат беради. Бекорга тез-тез асабийлашадиган аёлларга «чарчабсиз» дейишмайди. Ўзини одамлардан олиб қочади. Чарчаганини баҳона қилади. Лекин ишидан воз кечмайди. Бориб-бориб уйқу ритми ҳам бузилади. Киши кеч ётиб эрта уйғонишга одатланиб қолади.

Аслида қандай яшашимиз керак? Нега мувозанатни бузиб юбордик? Наҳотки бу ишлар ўз танамизни абгор қилишга арзиса?! Асло ундай эмас. Биз ўз танамиз ҳақида қайғуришимиз, ўз соғлиғимизни назорат қилишимиз, ҳамда етарлича дам олишимиз керак. Соғлом бўлиш ҳақида Худонинг маслаҳатларини тинглашни истайсизми? Унда бизнинг кейинги суҳбатимизни кутинг. Суҳбатимизнинг давомини ўшанда давом эттирамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top