3:37

Имон нима?

MP3

Ассалому алайкум азиз опа-сингиллар. Имон нима? Кўпинча имон ҳақидаги фикрларимиз ноаниқ ва мужмал бўлади. Имон бу – Масиҳийча ҳаётнинг ҳар бир нарсасига чин дилдан ишонишдир. Худованд бизнинг яратувчимиз эканига ишонамиз, Унинг бутун дунё устидан ҳукмрон эканига ишонамиз. У Исо Масиҳни бизнинг гуноҳларимиз учун бу дунёга юборганига ва У хочда бизнинг ўрнимизга азоб чекканига ишонамиз. Агар гуноҳларимизни эътироф этсак, У бизни кечиришига ишонамиз. Агар бир марта Исо Масиҳни ўзимизнинг Нажоткоримиз деб тан олсак, қутқарилишимизга ишонамиз. Яъни, У бизга абадий ҳаёт инъомини ато этади. Исмларимиз Самода ёзилганига ишонамиз. Шунга қарамай, баъзилар бунга ишонишга иккиланадилар. Исо Масиҳ шогирдлари билан бирга бўлганида бир неча марта, уларга шубҳаланмасликлари ҳақида айтган. Ишониш қийин, аммо Исо Масиҳ билан бирга юриб, Унинг кўрсатган мўъжизаларига гувоҳ бўлиб туриб ҳам шубҳаланганлар бўлган.

Ҳатто, баъзилар Унинг осмонга кўтарилганини кўргандан кейин ҳам шубҳаланишган. Кўпинча, бизда ҳам шундай муаммо бўлади. Биз ибодат қилаётганда, Худодан бирор нима сўраётганда берармикан, деб шубҳа қиламиз. Нега? Чунки имон бу ҳаёт. Имон бу шунчаки юқорида айтилганларга ишониш эмас, уларнинг асосида яшашдир. Имон бу Исо Масиҳ билан яқин муносабат қилиб яшаш ва ҳар куни Унга яқинлашиш. Унга яқинлаша оламиз ва У бизни эшитади. У бизнинг ибодатларимизни эшитади. Муҳтожликларимизни қондиради. Каломда айтилганидек, кўнгил армонларимизга етказади.У ҳар доим ёнимизда. Муқаддас Каломдаги воқеалар нега бу китоб ичига киритилган? Ўқиб, бу воқеалардан ўрганишимиз учун. Шоҳлар биринчи китоб 17 бобда бир неча оятлар ёзилган. Бу оятлар бизга жуда муҳим бир ҳақиқатни – Худога қисман эмас тўлиқ ишониш кераклигини ўргатади. Агар Худога тўлиқ ишонсак, қандай фойда бўлиши ҳақида ҳам ўргатади.

Бу воқеа Довуд билан Гўллиёт ҳақида. Биласиз, Довуднинг бу баҳайбат Филист аскарини енгиши ақлга тўғри келмайдиган иш. Аммо, Довуд Худонинг номи билан чиқиб, уни енгди. Ҳаммамизнинг ҳаётимизда ўз Гўллиётларимиз бор. Бу – қийинчиликлар ва муаммолар. Улар бизни қўрқитади, ташвишга солади. Бу қийинчиликларни қандай енгамиз. Шоҳлар биринчи китоб 17 боб 20 оятдан бошлаб бир неча оят ўқисак, бу саволимизга жавоб топамиз. “Эртаси куни Довуд саҳарда турди. Сурувни бир чўпонга қолдирди. Отаси буюрганидай, озиқ–овқатларни олиб йўлга чиқди. Жанг майдонига етиб борган пайтда сипоҳлар жангга даъват қилиниб, қароргоҳдан уришгани чиқаётган эканлар…” Довуд Гўллиётнинг гапини эшитиб, ғазабланди. У ёнидагилардан сўради: — Бу Филистни ўлдириб, Исроилни шармандаликдан халос қилганга шоҳ нима беради? Бу суннатсиз Филист ким бўлибдики, барҳаёт Худонинг қўшинини ҳақорат қилади?!”

Бу воқеада маъжусийларнинг бутлари Барҳаёт Худога қарши чиқаётган эди. Бироқ, воқеанинг бошқа томони ҳам бор. Довуднинг акалари доим уни танқид қилар ва бир ишга ярамаслигини қайта-қайта такрорлар эди. Аммо, бу воқеага қарасак, Довудга акалари турли ёлғонларни айтишган бўлса ҳам, у фақат Худога суяниб, У билан бирга ҳамма нарсани қила олишини амалда-қўй боқиб юрганида тажрибада кўрган. Шунинг учун ҳам қўрқмай, Худо номи билан бу баҳайбат аскарга қарши тура олди. Гўллиёт 40 кун давомида ўртага чиқиб, Исроилнинг Худоси ҳақиқий бўлса, мени енгиб кўринглар, деб чақириқ берди. Ҳаётимизда ҳам шундай ҳолатлар бўлади. Агар биз ишонаётган Худо тирик ва қудратли эканига ишонсак, Унинг номи билан ҳар қандай қийинчиликларни енгамиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top