3:42

Кимки ўзини паст олса, юксалтирилади

MP3

Салом азизлар. Исо фарзий мазҳабидан бўлган бир бошлиқнинг уйида меҳмон бўлиб ўтирган эди. Овқат пайти келганда одамлар бир–бирини итариб, тўрга чиқишга ҳаракат қила бошладилар. Бундай ҳолатни кузатиб турган Исо бу вазиятни мисол қилиб олган ҳолда одамларга янги қоидани ўргатди. Дастурхон атрофида ўтирганингизда, тўрга чиқиб олманг. Борди–ю мезбон ҳурматли бир меҳмон билан кириб қолса, сизни жойингиздан турғизади. Бу вазиятда мезбоннинг ўзи сизни турғизгани учун хижолат чекади. Келган ҳурматли меҳмон ҳам сизни овора қилганидан ҳижолат бўлиб қолади. Буни кузатиб турган бошқа меҳмонлар ҳам уялиб кетадилар. Қолаверса, сиз ҳам жойингиздан туришга мажбур бўлганингиздан уятга қоласиз. Бундан кўра, дейди Исо, пастда ўтиринг. Шунда мезбон кирганда сиз каби хурматли меҳмон пастда ўтирганини кўриб, сизни тўрга чиқаради. Хаёлида эса: “Бу ниҳоятда камтарин одам экан”, — деб ўйлайди. Тўрга чиққанингизда, бошқа одамларнинг кўзи олдида ҳурматингиз ошади. Юқорида айтиб ўтилган оятлардан шогирд ўзи учун катта сабоқ олиши мумкин. Зеро, Худонинг амрлари асоссиз ва пуч амрлар эмас, аксинча, Худо амрларини бизнинг манфаатимизни кўзлаган ҳолда яратгандир. Худо осмонда ўтириб: “Бу бандаларимнинг ҳаётини қандай қилиб янада мушкул қилсам бўлар экан?”, деб бошини қотираётгани йўқ. Аксинча, У: “Бандларим фаровон ва тўла–тўкис ҳаётга эга бўлишлари учун уларга қандай кўрсатмалар берсам экан?” — дейди. Худонинг қонуну амрлари бизга халақит бериш учун эмас, ёрдам кўрсатиш учун яратилган. Уларнинг мақсади бизни бахтли ва етук ҳаётга эриштиришдан иборат. Улар бизни нохуш вазиятлардан асрайди. Агар шогирд мана шу ҳақиқатни ўзлаштириб олса, кўп муаммоларнинг олдини олган бўлади. “Кимки ўзини юқори олса, пасайтирилади. Кимки ўзини паст олса, юксалтирилади”. Бизнинг табиий хоҳишу истакларимиз аслида ёмон эмас. Улар Худо томонидан яратилган. Аммо биз ўша истакларни нотўғри йўл билан қонидиришга ҳаракат қилганимизда, улар ёмон натижаларга олиб келади. Масалан, иззат–ҳурматга эга бўлиш, биринчи бўлиш, озод бўлиш ёки етакчи бўлиш истаги ва шунга ўхшаган бошқа бир талай истаклар аслида ёмон эмас. Бу истаклар Худо кўрсатган тарзда амалга оширилиши кераклигини Исо айтмоқчи. Биринчи бўлишнинг сири — охирги бўлиш. Яшашнинг сири — ўлиш. Озод бўлишнинг сири — Масиҳнинг қули бўлиш. Олишнинг сири — бериш. Етакчи бўлишнинг сири — хизматкор бўлиш. Юксалишнинг сири камтар бўлиб яшашдир. Ҳамманинг яшагиси келади, аммо ҳеч ким ўлишни хоҳламайди. Ҳамма озод бўлгиси келади, аммо ҳеч ким қул бўлишни истамайди. Ҳамма олгиси келади, аммо ҳеч ким беришни хоҳламайди. Айнан шу масалада биз Худо билан тўқнашиб қоламиз. Худо дунёни яратган. У бизни бунёд этган. Ҳаёт берган. Ҳаётимиз учун қоидаларни яратган ва биз ўша қоидалар асосида яшашимиз лозим. Кўпинча биз Худо берган ваъдаларга эришишни хоҳлаймиз, аммо ўша ваъдаларга эришиш учун товон тўлашни истамаймиз. Ўзимизнинг адашган онгларимизда шундай мулоҳаза қиламиз: “Эҳтимол, бермай туриб олишнинг иложи бордир. Биринчи бўлиш учун охирги бўлиш шарт эмасдир. Ўлмай туриб, яшаш мумкиндир.” Сўнг биз Худонинг қоидаларини четлаб ўтиб, ҳаёт билан ўйнаша бошлаймиз. Аммо Худонинг қоидаларини менсимаслик бутун ҳаётимизга зарар келтиради, буни бизга Муқаддас Китоб ўргатади. Одам бермай туриб ҳеч қачн олмайди, ўлмай туриб ҳақиқий ҳаётган эришмайди. Бу ҳақиқатни ўзлаштириб олган ва бу ҳақиқат бўйича яшаётган одамгина ҳақиқий шогирд ҳисобланади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top