3:11

Руҳий ғалаба 177

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳаворий Павлуснинг ҳаётига назар ташлайдиган бўлсак, у нафақат Хушхабар тарқатувчи бўлган, балки у ёвуз руҳлар, инс-жинслар тўғрисида ҳам кўплаб маълумотларга эга эди. У шунчалик кўп нарсаларни билиш учун ҳеч қаерда ўқиб ўрганмади.

Бор-йўғи Павлус ўзининг тажрибасидан келиб чиқиб гапирар эди. У ўз кўзлари билан кўрганларини, энг муҳими, ҳақиқатни гапирар эди. Хуллас ҳаворий Павлус буларнинг ҳаммасини жуда яхши билган. Азиз биродарлар, агар ёдингизда бўлса, у Эфесликларга мактуб ёзган пайтида қамоқда ўтирган эди ва рим аскарлари уни қаттиқ қўриқларди. Агар жоиз бўлса шундай деб айтсак, яъни ҳаворий Павлуснинг бирдан-бир содир этган жинояти Нажоткор Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни тарғиб қилгани эди.

У Хушхабарни одамларга етиб бориши учун доимо жон куйдирар эди. Масалан, Эфесликларга мактубининг 6 боби 19 ва 20 оятларида шундай ёзилади: ”Мен учун ҳам ибодат қилинглар. Мен оғзимни ҳар очганимда, зарур бўлган сўз менга берилсин, Инжил сирини қўрқмасдан баён эта олайин. Мен Инжил учун махбус бўлсам-да, бу элчилигимни тегишлича оғзи ботирлик билан ижро этайин.” Бошқа бир ҳолатда эса, у Эфесдаги имонлилар жамоати чўпони Тимўтийга ҳамма имонлилар якдиллик билан “Худо йўлида обру-эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечириш учун, … подшоҳлар ва ҳукмдорлар учун” дуолар ўқишни ва тоат-ибодатлар қилишни насиҳат қилади. “Бу хайрли иш бўлиб, Нажоткоримиз Худога мақбулдир. У бутун инсонлар ҳақиқатни билиб олиб, нажот топишини истайди.” Ҳаворий Павлуснинг айтган ушбу гапларини 1 Тимўтийга мактубининг 2 боби 2 ва 4 оятларидан ўқиб олишимиз мумкин.

Эгамиз Худонинг мақсадларини амалга ошишига йўл қўймаслик учун ёвузлик ва зулмат кучлари бошқа кўплаб усулларни ишга солиши мумкин. Аммо тўсқинлик иблисданми-йўқми, деб ҳар доим ҳам кавлаштириб ўтиришнинг кераги йўқ. Чунки шайтоннинг бу йўли ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Бундай шубҳа-гумонли ташвишланишлар охир-оқибатда миянгизни бемаъни ўй-фикрларга тўлдириб ташлайди. Натижада инсон иккилана бошлайди. Иккиланиш эса шайтоннинг ишлатадиган биринчи усулидир.

Павлус руҳий душманларимизга қарши мустаҳкам тура олишимиз учун бизга энг яхши ҳимоя усулини кўрсатган. У бизни “Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланишга” чақиради. Худо берган қурол эса Унинг каломи. Худо билан бирга бўлиш ҳар қандай хавфдан асрайди. Азиз биродарлар, агар сизда мана шу мавзу бўйича саволлар бўлса, марҳамат қилиб бизнинг электрон почтамизга мактуб йўлланг. Манзилимиз: dilkash@najot.com яна радио тўлқинларимизда учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top