Қадрдонлар биз қаерда ишламайлик, энг аввало уй бекасимиз. Доимо хонадонимиз ярақлаб туришини истаймиз. Бироқ бир ҳафта охирига келиб, баъзи ишларда кўнгилдагидай натижага эриша олмаймиз. Қуйидаги маслаҳатларимизни тинглаб кўринг-чи, сизга маъқул келадигани топилиб қолади.
Газ плитасини тоза тутиш – ошхона озодалиги шартларидан энг биринчиси хисобланади. Шуни назарда тутган ҳолда гап плитасини тозалашда бир неча маслаҳатларни бериб ўтаман.
Янги гап плитасини ҳар куни артиш одат тусига кирса, анча йиллар ўз ҳолатини сақлаб қолади.
Газ плитаси устига юпқа қилиб чой содаси сепиб қўйилса, сут, овқат ёки сув тўкилганда осон тозалаб олиш мумкин бўлади.
Газни артаётганда комфорка турадиган жойга сув ёки тозалаш воситаси туширмасликка ҳаракат қилиш керак, чунки бу горелканинг яхши ёнмаслигига олиб келади.
Шунингдек, плитани тозалаётганда қум таркибли тозалаш воситаларидан кўра, чой содаси ёки кир ювиш кукунидан фойдаланган маъқул. Қум таркибли тозалаш воситалари газ плитасининг сирли қаватини тез емириб, кўринишига путур етказади. Шунингдек, таркибида аммиак моддаси бўлган ювиш воситалари ҳам газ тозалашда самарали ҳисобланади.
Газ плитасининг доим осон тозаланишини истасангиз, унинг тепасига албатта, мўри ўрнатинг.
Газ камфоркалари кирланганда ёқимсиз ҳид таратади. Бу ҳолат рўй бермаслигини олдини олиш қийин эмас. Овқат тайёрлаб бўлингандан сўнг комфоркалар иссиқлигида дарров тоза нам латта билан артиб олиниши керак. Газ плитасининг занг босган комфоркаларини қиздирилган ёғ билан осонгина тозалаб олиш мумкин.
Газ плитасидаги ёғ доғларини кетказиш учун иссиқлигида туз сепиб, газета билан ишқаланг. Духовкангизни тозалаш осон бўлишини истасангиз, унинг кир жойларини нашатир спирти аралашган сув билан артинг. Сўнг қопқоғини ёпиб қўйинг ва 12 соатдан кейин тоза сувда намланган латта билан тозалаб олинг.
Ошхонага тамаки ҳиди ўрнашиб қолган бўлса, бундан қутулишнинг йўли осон. Бир нечта момиқ сочиқларни ҳўллаб, ошхонанинг ҳар ерига қўйиб чиқинг. Сочиқлар тамакининг ҳидини ўзига бутунлай тортиб олади. Кейин уларни ювиб ташлайсиз.
Айрим уй жиҳозларини тозалашда маълум бир қоидаларга амал қилиш керак бўлади. Масалан духоба матоси қопланган уй жихозларини чангдан тозалашда, уларни тукининг йўналиши бўйича, қуруқ мато билан артиш тавсия этилади. Фақатгина ҳафтада бир маротаба чангютгич ёки чўтка ёрдамида тозалашингиз мумкин.
Чарм қопланган юмшоқ мебелни нам мато билан артган маъқул. Ҳақиқий тери қопламали мебелларнинг ёрқин тус олишини истасангиз, уларни тухум оқи кўпиртмасига ботирилган юнгли мато билан артинг.