3:11

Ниқоблаш

MP3

Ассалому алайкум. Орамизда кўпчилик аёллар мактабда ёки бошқа ўқув даргоҳларида муаллима бўлиб ишлашади. Бундай аёллар билан суҳбатлашсангиз, албатта ўқувчилари ҳақида сўз очилади. Энг аввало қулоқсиз, жанжалкаш, безорилиги билан танилган ўқувчилар ҳақида гапиришади. Бу болалар ҳақида сўз борар экан, ота-онаси яхши тарбия бермаган, дейишади. Бу гапга қўшилмай иложимиз йўқ. Дарҳақиқат, бундай болалар кўпинча оилада яхши тарбия олмаган, ёки бўлмаса қаровсиз қолган болалар бўлиб чиқади. Бироқ бу тахминни юз фоиз ҳақ деб бўлмайди. Чунки ота-онаси яхши тарбия кўрган, намунали оилаларнинг фарзандлари ҳам баъзан мана шундай тўпалончи ёки ёмон қилиқлари билан ном чиқарган бўлиши мумкин. Оилада яхши тарбия берилишига қарамай, баъзан оналар фарзандларининг нега бундай қулоқсиз эканлигини тушунолмай қийналишади. Бундай қулоқсизлик ёки бўлмаса, синфдаги безориликлар боланинг ниқоби бўлиши мумкинлигини ҳаёлларига ҳам келтиришмайди. Ўқитувчилар у ёқда турсин, ҳатто ота-оналар ҳам бундан бехабарлар.

Бу безорилик қанақасига ниқоб бўлиши мумкин деб ажабланаяпсизми? Асло ажабланманг. Биз катталар ҳам баъзида мана шундай ниқобларни ишлатамиз. Мен бир воқеани эслайман. Бир сафар овсинимдан жуда хафа бўлдим. У эса мени хафа қилганидан бехабар эди. У билан суҳбатлашишни истамадим, шунинг учун ўзимни чарчаганга солиб, баҳона қилдим: «Кечирасиз, чарчаганимда мана шундай камгап бўлиб қоламан. Эътибор қилманг.» — дедим. Болаларнинг ўз ҳолатларини ниқоблаши ҳақида ўқир эканман, ўзим қилган иш ёдимга тушди. Демак нафақат болалар биз катталар ҳам баъзида ҳис-туйғуларимизни, ҳаракатларимизни ниқоблар эканмиз-да.

Энди болалар ўз ҳолатларини қандай ниқоблаши ҳақида суҳбатлашсак. Тасаввур қилинг ўғлингиз, мактабда бир нечта фанлардан яхши ўқимайди. Масалан, адабиёт, тарих ва она-тилидан. Унинг ўзи ҳам нега бу фанлардан яхши ўқий олмаслигини билмайди. Сиз эса унинг кундалигидаги иккиларга қараб, ҳайрон бўласиз, койийсиз: «Ахир адабиётдан ҳам 2 оладими?», — дейсиз. Боланинг бу фанларга уқувсизлиги миясининг хотирага жавоб берадиган қисми унчалик яхши ишламаслигида бўлиши мумкин. Бунда уни айблаб бўлмайди. Бола ўқитувчисидан, ота-онасидан ҳадеб дакки эшитавегач, бу фанга бўлган қизиқиши қолмайди. Ундан ташқари ўртоқлари олдида ўзини ақлсиз кўриниб қолишидан қўрқиб, мана шу уқувсизлигини сергаплик, тўпалончилик билан ниқоблайди. Чунки болангиз: «Шундай қилсам, айбни менга эмас, тўпалончилигимга тўнкашади, болалар олдида ҳам ақлсиздай кўриниб қолмайман» — деб ўйлайди. Ўйлаганига эришади ҳам. Ўқитувчиси сизга: «Агар ўғлингиз дарсда жим ўтирса яхши ўзлатирадиган бўлади», — дейди. Бу айни болангиз кутган натижа.

Жуда кўп болалар ўзларидаги уқувсизликни мана шунга ўхшаш нарсалар билан ниқоблайдилар. Ўқитувчиси, ота-онаси томонидан, ақли ноқис деб тан олинишидан ва энг муҳими тенгдошлари орасида энг қолоғи бўлиб қолишдан қўрқади. Шундай бўлиб қолишдан кўра, тенгдошлари орасида энг тўпалончиси ёки безориси бўлиб танилгани яхшироқ туюлади. Мана шу ҳаракатлар унинг учун энг маъқул ниқоб бўлиб хизмат қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top