Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Хоч — бу Исо Масиҳни жазога тортиш учун ишлатилган қурол эмас, бу биз учун унданда чуқурроқ маънони, яъни қандай яшашни ҳам кўрсатадиган нарсадир. Исо Масиҳ бизга шундай деган эди, “Хочингизни кўтариб ортимдан юринглар”. Агар хочдаги ҳақиқат тўғри бўлса, демак ҳамма нарса оёғи осмондан бўлиб кетади. Яхши ҳаётга эга бўламиз, деб ўйлаганимиз нотўғри бўлиб чиқади. Нега? Чунки қудрат, обрў, улуғлик, машҳурлик, қулайлик буларнинг ҳаммаси йўққа чиқади. Яхши ҳаёт бу Исо Масиҳ бизга кўрсатган намунага масалан, камтарлик, қурбонлик, ўз истакларидан воз кечиш, ўзини бошқалар учун Худонинг йўлида бағишлаш ва ҳатто азоб чекишга асосланади. Исо Масиҳ кўрсатган йўл аслида мана шу Худо назарда тутган ҳаётга йўл ҳисобланади. Каломда ёзилишига, кўра бу танамиз ўлмас экан, биз Худога ҳосил бера олмаймиз.
Narrator 2 Яъни Худога муносиб ҳаёт кечириш учун тана нафси, истаклари, ёмон одатлар ва яна бошқа нарсаларни ўлдиришимиз ва уларнинг ўрнига янги табиатга эга бўлиб, Масиҳнинг сифатларини ўзлаштириб олишимиз керак. Ўлиш ва тирилиш сўзларини Масиҳ келгандаги тирилишимизга ҳам қўлласак бўлади. Масалан, сиз бир угуғни ерга экасиз, у ўлади ва Худо унга бошқача, Ўзи истаганидай шакл ва тана беради. Чиндан ҳам бу янги тана аввалгисига ўхшамайди. Биз билан ҳам шундай бўлади. Бизнинг фоний танамиз ўлади, аммо Масиҳ келганида Худо бизга бошқа ўлмайдиган Масиҳникига ўхшаш тана беради. Худо Каломида шундай ёзилган, “Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар. Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку!
Narrator 1 Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку! Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади.” Яна Каломда тириладиган танамиз қандай бўлиши аниқ тасвирлаб берилган. 1 Коринфликлар 15 боб 42 оятда шундай ёзилган: “Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади. Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади. Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да!” Агар ўладиган тана бўлса, демак руҳий тана ҳам бор. Илк одам тупроқдан яралган ва танага эга бўлган бўлса, иккинчи одам осмондан келди ва у руҳий инсон эди.
Narrator 2 Каломда, “Эй ўлим, нишинг қаерда қолди”, деб ёзилган. Хоч Исо Масиҳнинг ўлганини ва тирилганининг рамзи ва энг муҳими бизнинг ҳаётимиз Масиҳда қандай бўлиши кераклигини кўрсатадиган йўл кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Хоч Масиҳнинг тирилганини, умидимиз ва имонимиз ишончли ва мустаҳкам эканлигини ҳам кўрсатади. Шундай экан, ҳар сафар хочни кўрар экансиз, Худо сиздан қандай яшашни кутаётганини ёдингизга келтиринг. Исо Масиҳнинг тирилиши кўп нарсани ўзгартириб юборди. Павлуснинг ёзишича, Исо Масиҳ тирилган кунда У ўлимнинг кучини ва айланиш жараёнини тўхтатди. Биз одам Атонинг авлодлари бўлганимиз учун, ҳаммамиз ўлимга асирмиз. Аммо Худонинг Ўзи Исо Масиҳ қиёфасида келиб, бизга ўтказадиган ўлимнинг кучини қирқди.