Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худовандимиз сизни ва мени танлаган экан, бизга ишониб топширилган ҳақиқат бошқаларга етиб боришини истайди. Бироқ бахтга қарши бу ҳақиқатни етказиш йўлида кўплаб тўсиқларга учраймиз. Одамлар билан Худо ҳақида ва Инжил китоби ҳақида гаплашар экансиз, улар бу китоб Худодан берилганига ишонгани ҳолда бу китобни ўзгартирилган, деб билишади. Наҳотки Худога ишонган, Унинг қудратига ишонган одам Худо Ўз Каломини ҳимоя қилишга ожиз, деб ўйласа. Уларнинг Худо ҳақида билганлари гапираётган гапларига тўғри келмайди. Уларнинг кўпчилиги шундай дейди, “Мен Муқаддас Каломга жон деб ишонган бўлардим, аммо хатолари кўп-да. Хатолари қаерда, деб сўрасангиз, улар хатоларни аниқ мана бу жойда деб кўрсатиб беролмайдилар. Уларнинг фикрича, бу китобда хато бор, чунки бундай муқаддас китобни одамлар ёза олмайди.
Narrator 2 Улар ҳақ, Муқаддас Китобни инсон ёза олмайди, бироқ Худо ёза олади. У Ўзининг ажойиб Каломини инсониятга етказиш учун художўй одамнинг бармоқлари, юраги ва онгини ишлатиши мумкин. Биласизки, Худованд ҳаммамиз Унинг ҳақиқатини Ўғли Исо Масиҳ орқали билишимизни истайди. 1 Тимўти 2 бобда, ҳаворий Павлус Тимўтийга ёзган мактубида унга далда бериб, жавобгарлиги нимадан иборат бўлганини ва шу кунларда қилаётган хизмати нима эканини эслатиб қўйган. Дунё эшитиши керак бўлган хабар нима? Биласизки, ҳаворий Павлус жуда кўп жойларга борган. Бир сафар у Афинада бўлганида бир турли нарсаларга ишонадиган стоикчи ва эпикурчи файласуфлар гуруҳи билан учрашди. Павлус уларга Исо Масиҳ хушҳабарини ва Унинг хочдаги ўлими ва тирилиши ҳақида гапиришни бошлаганида, улар, “Бизга бу ҳақида гапириб бер”, деб Павлусни ўзлари билан олиб кетишди.
Narrator 1 Баъзилари масхара қилишди, баъзилари очиқдан очиқ рад этишди ва яна баъзилари ишонишди. Аммо қизиғи шундаки, Павлус файласуфларга ва зукколарга тўла бўлган дунёнинг университетлар шаҳри Афина кўчаларида юрар экан, у ерда жуда ҳам кўп худолар борлигини пайқади. Улар ишонган худоларнинг ҳайкаллари кўчаларда, катта майдонларда ва хонадонларда ҳам бор эди. Кейин эса у номаълум худога, деб ёзилган қурбонгоҳга дуч келди. Шундай қилиб, улар ҳаёлларига келган ҳамма нарсага сиғинардилар. Ҳаворий Павлус Ҳаворийлар китоби 17 бобда айтилганидек, у ердагиларга хушҳабарни ваъз қилганида, бу хабар улар учун кутилмаган бир янгилик бўлди. Павлус уларга, “Мен сизларга ўзингиз билмай сажда қилаётган ягона ва тирик Худонинг қандайлигини айтиб бераман”, деди-да, Исо Масиҳнинг кимлиги, Унинг тирилиши ҳақида билишлари нақадар муҳим эканлигини тушунтира бошлади.
Narrator 2 Шубҳасиз, у қаерга бормасин, унинг бошига кулфат келтирардилар, бироқ Павлус фақат ҳақиқатни гапирарди. Ҳақиқат бу Худованд ҳаммамиз билишимизни истайдиган нарса. Худо чин дилдан, Ўзининг ҳақиқатдан қандайлигини ҳар бир одам билишини истайди. 1 Тимўтий 2 боб 1 оятда шундай ёзилган, “Авваламбор, насиҳатим шуки, бутун инсоният учун илтижо қилинглар, тоат–ибодатда бўлиб, дуолар ўқинглар, шукроналар айтинглар. Тақводор, обрў–эътиборли, осойишта, сокин ҳаёт кечиришимиз учун, ҳукмдорлару бошлиқлар учун ибодат қилинглар. Бу хайрли иш бўлиб, Нажоткоримиз Худога мақбулдир. У ҳамма инсонларнинг нажот топишларини ва ҳақиқатни билиб олишларини истайди.” Худо шуни истар экан, бизнинг ҳам шу йўлда тер тўкишимиз тўғри бўлмайдими?