3:27

Исонинг аёллар ҳақида фикри

MP3

Ассалому алайкум қадрли аёллар. Баъзида аёл бўлганимиз учун Худога шукр айтамиз, баъзида эса ўкинамиз. Буларнинг ҳаммаси бизга қилинаётган муносабатлар таъсирида юзага келади. Бироқ нима бўлганда ҳам, аёл бўлиб дунёга келганингиз учун Худодан миннатдор бўлинг. Бизнинг ҳаётимиз аввалги аёлларнинг ҳаётидан кўра анча яхшироқ. Исо Масиҳ келмасидан олдин ёки ўша даврда яшаган аёлларнинг аҳволи жуда ёмон бўлган. Исо Масиҳ ўз даврининг эркаклари аёлларга қилаётган муомаласидан жуда ачинган. Фақат аёлгагина эмас, эркакка ҳам ачинган. Худонинг аёл ҳақидаги фикрини, режасини билмагани учун ачинган. Ўша даврда эркаклар аёлга шахс сифатида эмас, буюм сифатида қарарди. Бу нарса бизнинг миллатимизга ҳам ҳос бўлган. Бундан 300-400 йиллар олдин аёлларнинг ҳолати қандай эди?

Тарихга назар ташласак, аёллар кўп ҳуқуқлардан маҳрум этилганини кўрамиз. Яҳудийлар ҳам аёлларга шундай муносабатда эдилар. Эркаклар маъбадда туриб ибодат қилишар экан, Худо уларни маъжусий ёки аёл қилиб яратмагани учун шукр қилишарди. Ўша даврда эркаклар истаган сабабларига кўра аёлидан ажрашиши мумкин эди. Масалан, овқатнинг тузини шўр қилиб юборгани учун, кўчада бошини ёпмай юргани учун, бошқа эркакка гапиргани учун ва яна бошқа юзлаб сабаблар билан хотинини ҳайдаб юбориши мумкин эди. Бир устоз ўша пайтда, агар аёл эридан марҳамат топмаса эр ўз аёлидан ажрашиши мумкин, деган эди. Ўшанда кўп устозлар бу гапни тўлиқроқ қилиб, агар эр киши ўз хотинини ёқтирмаса, ёки аёли унчалик кўркам бўлмаса, деб тушунтиришарди. Албатта бу изоҳ ҳамма эркакларга ёққан, ҳатто бу гап бугунги кун эркагига ҳам жуда маъқул келиши шубҳасиз.

Бироқ Исо Масиҳ аёлнинг ҳаётдаги даражасини кўтарди. У эр билан аёл турмуш қурганидан кейин, бир-бирига елимланади. Ҳеч нарса бу иккисини ажрата олмайди, деб таълим берди. У эркакларнинг бирор аёл хизматкор олишини, яширинча фохишаҳоналарга боришини таъқиқлаб, никоҳ бир умрга эканини тушунтирди. Исонинг шогирди Павлус эса Исонинг таълимотига кўра, эркак аёлини ўз танасини севгандай севиши керак, деб таълим берди. У аёл билан эркак муносабатини худди Исо Масиҳ билан жамоат муносабатига қиёслади. Исо Масиҳ жамоатни севиб ардоқлаганидай, ва ниҳоят у учун жонини берганидай, эркак ҳам ўз хотинини ардоқлаши ва керак бўлса жонини ҳам беришга тайёр бўлиши кераклигини ўргатди.

Худонинг аёл учун белгилаган ўрни бор. Аёл ҳам эркак каби, тенг ҳуқуқли бўлишга лойиқ.

Исо Масиҳнинг аёл ҳақидаги сўзлари ва таълимоти, ўша давр учун кутилмаган бир ҳолат эди. Ҳеч ким бундай таълимотни умри бино бўлиб эшитмаганди. Унинг бу таълимоти учун эркаклар Исо Масиҳга қаттиқ қарши чиққан бўлса керак. Ким ҳам аёлига бундай муносабатда бўлишни истарди. Бу уларнинг эркакларча худбинлигига, урф-одатларига қарши эди. Аёлларга буюмдай муносабатда бўлиш тўлиқлигича бўлмаса-да, қисман бугунги кун эркакларига ҳам ота-боболаридан мерос қолган.

Бундай икки йил олдин, Ҳиндистондаги аёллар аҳволи ҳақида бир китоб ўқигандим. Унда ёзилишича, эркак аёлини ҳар куйга солса ҳам, аёл миқ этишга ҳаққи йўқ экан. У бу ҳақида ҳеч кимга нолимаслиги керак экан. Эркакларнинг бундай муносабатидан кўпчилик аёллар ногирон ёки касалманд бўлиб қолишар ёки бўлмаса, тасодифий ўлим уларни бу азоблардан қутқарар экан. Биз имонлилар Худонинг назарида аёллик даражамизни тиклангани учун миннатдор бўлишимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top