3:35

Барча ҳалқлардан. Устозлик қилмоқ

MP3

“Бориб, барча ҳалқлардан шогирд орттиринглар”. Салом азизлар. Исо Масиҳ ўликдан тирилгандан сўнг, бизга берган бу Буюк Амр жамоат устуни ҳисобланади. Бу амрни бажаришда Исонинг Ўзи бизга намуна бўлди. Унинг ҳаёти ва ўлими инсонларнинг ҳаётларини ўзгартириб келмоқда. Биз ҳам Масиҳ сингари одамларнинг ҳаётларини ижобий томонга ўзгартиришимиз керак, зеро, бу — энг олий ютуғимиздир. Бугунги кунда кўп жамоатлар ушбу шартга риоя қилмаганлари учун беҳуда ва самарасиз ишлар билан банд. Жамоатлар одамларга таълим бериш ўрнига шунчаки, маданий–маърифий муассаса ўрнини ўтамоқда. Жамоатнинг кўп аъзолари бекорчиликдан зерикиб қолишяпти. Ҳаворий Павлус ҳам имондаги ўғли Тимўтийга ўзининг сўнгги мактубини ёзганда, бу масалага урғу бериб ўтган эди.

Келинглар, Тимўтийга иккинчи мактубнинг иккинчи бобини қисқача кўриб чиқайлик. У ерда шундай деб ёзилган: “Кўп шоҳидлар ҳузурида сен мендан нима эшитган бўлсанг, бошқаларга ҳам таълим беришга қобилиятли, ишончли одамларга топширгин.” Бу парчадаги “сен” олмоши шахсиятнинг муҳим эканлигини кўрсатади. Исо Бутрусни кўрганида унга шундай деган эди: “Сен Юҳанно ўғли Шимўнсан. Сенинг исминг Кифа бўлади” (Юҳанно 1:42). Исо Бутрусни ўша пайтдаги нуқсонли ҳолатини эмас, балки келажакда эришадиган мавқеини кўрган эди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир одамнинг ҳаётида катта потенциал мавжуд.

Павлуснинг Тимўтийга ёзган мактубидаги “…сен мендан…” деган сўзлари икки шахс орасидаги муносабатнинг муҳимлигини кўрсатади. Кўришимиз мумкинки, бу икки шахс орасида йиллар давомида шаклланган ишонч бор эди. Павлус қамоқда ўтирганида Филиппидаги жамоатга мактуб ёзганди. У ўзи Филиппига бора олмагани учун, ўрнига Тимўтийни жўнатмоқчи эканини айтганди: “…яқинда Тимўтийни сизларнинг олдингизга юбораман, деб умид қиламан. Тимўтийни юборишимнинг сабаби шуки, сизлар учун худди мендай чин кўнгилдан жон куйдирадиган бошқа ҳеч ким йўқ.” (Филиппиликларга 2:19–20)

Устозлик қилмоқ — бу бир одам билган нарсани бошқа одамга ишониб топширмоқ дегани. Бу дегани устоз шогирдига ишониши даркор. Павлус Тимўтийга айтган сўзларининг маъноси айнан шундайдир: “Орамизда устоз–шогирд муносабатлари мавжуд. Энди сен ҳам ўзингга шогирдлар орттириб, мендан ўрганган нарсаларни уларга ўргатгин.” Биз устозлик қилганимизда шогирдларимизга нафақат билимимизни, балки ўзлигимизни бағишлаб топширамиз. Зеро, биз ким билан кўп вақт ўтказсак, ўша одамга ўхшаш бўлиб қоламиз. Ишончим комилки, Павлус ва Тимўтий кўп жиҳатдан бир–бирига ўхшаш эдилар.

Ишончли одам — ушбу икки сўз шогирд орттиришнинг асосини ташкил қилиб, унинг муваффақиятини ёки муваффақиятсизлигини белгилайди. Исроил юртининг энг доно шоҳи Сулаймон ўзининг Ҳикматлар китобида шундай деган эди: “Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади, ҳақиқатан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр–чи!” Дарҳақиқат, содиқ ёки ишончли бўлган эркак ва аёллар жуда кам. Худо доим шундай одамларни қидиради: “Эгамиз ер юзидаги ҳаммани кузатиб туради, Унга содиқ бўлганларга У куч–қудрат беради.” Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top