3:49

Шогирд ортириш ва мақсад

MP3

Салом азизлар. Ер юзидаги қисқагина фаолияти давомида Исо Масиҳ Ўз қалбини жамики инсониятга бағишлаган эди. Бутун инсониятга нажот Хушхабарини улашиш вазифасини У ўн икки шогирдига юклаганди. Осмонга кўтарилиб кетишидан олдин Исо уларга Буюк Амрни беради. “Боринглар, барча халқлардан шогирд орттиринглар.” — дейилган бу амр Матто Хушхабарининг 28 боб, 19-чи оятда ёзилган. Одамнинг ҳаётини тўғри чизиқ билан ифодаласа бўлади. Бу чизиқ туғилган санангиздан бошланиб, сиз оламдан кўз юмадиган ноаниқ бир вақтда тугайди. Ким қанча вақт яшашини ҳеч ким билмайди. Бироқ мулоҳазани бошлай олишимиз учун сиз йигирма ёшда эканингизни ва яна тахминан қирқ йил яшашингизни фараз қилайлик. Энди тасаввур қилинг: сиз ёшингизни яшаб, ошингизни ошадингиз. Оламдан кўз юмиш арафасидасиз, шунда ҳаётингизга қараб: “Яшаган ҳаётимдан мамнунман. Кўп муваффақиятлар қозондим”, — деб айтяпсиз. Бундай сўзларни реал воқеликда ҳам айта олишингиз учун қандай ҳаёт кечиришингиз керак? Ҳаётингиз қандай бўлиши лозим? Қандай хотиралар қолдиришингиз даркор?

Бу саволларга жавоб бермай туриб, сиз қолган ўша қирқ йил умр кечиришга тайёр эмассиз. Чунки сизнинг ҳаётингизда йўналиш ҳам, мақсад ҳам йўқ. Ўша саволларга батафсил жавоб беринг, жавобларингиз қанчалик кенг ёритилган бўлса, мақсадга эришиш эҳтимоли шунчалик кўп бўлади. Исо Масиҳ бу саволларга шундай жавоб берган эди: “Сен Менга топширган ишни Мен тугатиб, ер юзида Сени улуғладим.” (Юҳанно 17:4). Ердаги хизмати давомида Исо якун маъносини берувчи феълни икки марта ишлатган. Хочда жон бераётганда Исо: “Амалга ошди!” — деб айтганди. У бу сўзлари билан амалга ошган Нажотни назарда тутган эди. Бироқ бундан бир оз вақт олдин, Исо Гетсимания боғида шогирдлари учун ибодат қилаётганида “тугатдим” деб, Ўз хизматини назарда тутган эди. Юҳанно баён қилган Хушхабарнинг 17–бобида Исонинг шогирдлари чамаси қирқ марта тилга олинган. Бу шогирдларни ўстириш Масиҳнинг хизмати эди. Исо қайта–қайта шогидлари учун ибодат қилганди. У бу шогирдларига ҳаётининг уч йилини бағишлаганди. Гетсимания боғида Исо ибодат қилар экан, Худога: “Сен Менга топширган ишни Мен тугатдим.” — деб айтган. Бошқача қилиб айтганда, Исо Отаси Худонинг юзига қараб: “Отажон, мен орқали нима қилмоқчи бўлган бўлсангиз, ҳаммасини бажардим.” — деганди. Сиз оламдан кўз юмиб, Қодир Худонинг ҳузурида турганингизда, Унинг қўзига қараб: “ Отажон, мен орқали нима қилмоқчи бўлган бўлсангиз, ҳаммасини бажардим. Менга топширган ишингизни тугатдим,” — деб айта оласизми? Агар бу саволга самимият билан “ҳа” деб жавоб бера олмасангиз, унда сиздан ўтинаман, ҳаётингизни йўлга солинг. Охиратда бундай сўзларни Худога айта оладиган бўлинг. Ҳаётида Худонинг топшириғини тўлиқ бажара олган яна бошқа бир одам бор, у ҳаворий Павлусдир. У шундай деган эди: “Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим. Бундан кейин солиҳлик тожи мен учун тайёр турибди. Одил ҳукм қилувчи Раббим Исо кўкдан тушиб зоҳир бўладиган кунда у тожни менга беради, ва фақат менга эмас, балки у кунни муштоқлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига ҳам беради. (2Тимўтийга 4:7–8). У бундан олдин яна шундай деганди: “Менинг қоним энди қурбонлик шароби каби тўкилмоқда, дунёдан ўтишимга сал қолди.” (6–оят). Сизнинг ҳам умрингиз охирлаб бораётганда, сиз ҳам Павлус сингари: “Улуғ курашда астойдил курашдим, умр довонини ошиб бўлдим, имонни сақладим,” — деб айта оладиган бўласизми? Омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top