Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Аввалги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, биз сизлар билан Муқаддас Калом ва тарих тасдиқлаган ажойиб бир маълумотни, яъни Исо Масиҳ туғилганида Шарқдан мунажжимлар Уни зиёрат қилгани ҳақидаги маълумотни бўлишган эдик. Бу ҳақида қадим пайғамбарлар етарлича башорат қилган ва башоратларни синчиклаб ўрганган мунажжимлар, Худонинг бошқаруви билан жуда тўғри топиб келишган. Қадим пайғамбарлардан Ишаё образли қилиб, Масиҳнинг туғилиши ҳақида шундай башорат қилган, “Эй Қуддус халқи, тур, порлагин! Ахир, нуринг келди, Эгамизнинг улуғворлиги устингга ёғилди. Мана, ер юзини зулмат қоплади, Халқларни қуюқ зулмат босди. Аммо Эгамиз сенга келади, Сен узра Унинг улуғворлиги порлайди. Халқлар сенинг нурингга келади, Тонгги ёруғлигингга шоҳлар келади.” Исо Масиҳни кўргани шоҳлар ҳам келгани ҳақидаги маълумот асосланмаган.
Narrator 2 Кўпчилик ўйлаганидек, мунажжимлар Исо Масиҳ туғилгани заҳоти ва ўша кечада келмаганлар. Биласизки, Шарқ мамлакатларидан биридан то ўша даврдаги Яҳудияга келгунча, бир неча кунлар, ойлар ва ҳатто йиллар ҳам кетган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Матто китобида мунажжимлар, Исо Масиҳни кўргани оғилхонага эмас, уйга боргани ҳақида ёзилган. Уларнинг Шарқда бўлганини биламиз, тахминларга кўра, улар ҳозирги Эрондан бўлишган. Агар шундай бўлса, мунажжимлар тахминан 1,5 минг километр йўл босган. Улар аввал Қуддусга келишган, кейин эса уларни Байтлаҳмга йўналтиришган. Улар етиб келганларидан кейин хурсандчилик билан чақалоққа таъзим қилиб, унга қимматбаҳо совғалар беришган. Кейин эса тушларида Хироднинг олдига қайтиб бормаслик ҳақида огоҳлантирилганларидан кейин бошқа йўл билан ўз юртларига қайтиб кетишган.
Narrator 1 Демак, уларнинг қилган ишларидан хулоса қиладиган бўлсак, мунажжимлар Худонинг Каломига ишонган ва уни синчиклаб ўқиган, Исо Масиҳнинг келишини кутган, Исо Масиҳнинг қандай Зот эканини англаган ва одамдан кўра Худога бўйсунадиган одамлар бўлишган. Бир савол туғилади, улар нима учун Масиҳга тилла, ҳушбўй тутатқилар ва мирра совға қилишган? Олтин — бу қимматбаҳо метал ҳамда маҳсулот. Унинг ўша даврдаги қийматига кўра, Марям билан Юсуф моддий томондан ҳеч ҳам қийналмай яшашига ва Худо айтганидан кейин Мисрга қочиб кетишга жуда асқотарди. Аммо бу уч совғанинг замирида жуда чуқур маъно яширинган. Олтин бу Исо Масиҳнинг танадаги илоҳийлигининг рамзи эди. Хушбўй тутатқи эса бу оқ хушбўй елим бўлиб, уни қадимда махсус дарахтнинг танасини ўйиб, ўша жойдан оқиб чиққан елимдан олишган. У маъбадларда хушбўй тутатқи сифатида ишлатилган.
Narrator 2 Бу совға Масиҳнинг Ўз истагига кўра қурбон бўлишга келганлигини рамзи эди. Мирра ҳам Арабистондан келтириладиган маҳсулот бўлган. У ҳам худди хушбўй тутатқи каби дарахтдан олинарди. Ундан майга қўшиб ичимлик тайёрлашган. Мирра рамзий маънода азоб, оғриқ ва қайғуни билдирган. Чақалоқ Исо Масиҳ азоблар ичида улғайиши, ва сўнгра хочда Ўз ҳаётини қурбон қилиши керак эди. Мунажжимларнинг бу уч совғани танлаганидан, улар Масиҳ ҳақида ўз замонасидаги одамлардан, ҳатто ўша даврда яшаган яҳудийлардан ҳам кўпроқ нарса билган, деган фикрга келиш мумкин. Биз ҳозирги замонамизнинг олимлари жуда билимли ва тенги йўқ деб ҳисоблаймиз, демак, қадимги Шарқ давлатларида ҳам бизнинг замонамиздаги олимлардан қолишмайдиган даражада зукко ва доно кишилар бўлган. Афсуски, биз уларнинг ким бўлганларини билмаймиз. Бироқ уларнинг ташрифи бизга Масиҳ ҳақида кўпроқ нарсани сўзлайди.