3:20

Аёлга нима керак?

MP3

Ассалому алайкум кучли ва айни пайтда нозик ҳилқат аҳли. Биз ҳар қандай мураккаб масалаларни ҳал қилишга қодирмиз. Лекин ана шу шодлик ва кулфатни суюкли ёримиз билан баҳам кўрмасак, оиланинг нима кераги бор! Баъзида ўзимизга яраша талабчан ва қайсар бўламиз, лекин шундай бўлса-да, севимли умр йўлдошимиз билан бирга яшаб туриб, унинг самимий эътиборига эҳтиёж сезамиз… Турмуш ўртоғимиз бизга ҳаводай зарур, усиз ҳаётимиз мазмунсиз! Албатта, Худонинг иродаси биз учун биринчи ўринда, Худосиз ҳаётимиз тартибсиз бўлган бўларди. Бироқ, Худо бизга севимли турмуш ўртоқларимизни берган экан, улар биз Худодан кейинги энг керакли ва энг севимли кишимизга айланган.

Миллат ва эътиқод, ёш ва мавқедан қатъий назар аёллар романтикага муҳтож бўлади. Унинг нима эканлигини ким билади? У санъат асарими, ёки шам ёруғидаги кечки овқатланишми? Балки, умуман кутилмаган совғадир? Биз аёлларнинг ўша «романтика»га бўлган мойиллигимизни баъзида айрим эркаклар англаб етишади, лекин шунга қарамай бизга у ҳамиша камдек туюлаверади. Бундан ташқари, биз аёллар меҳрга ташнамиз. Ахир бежизга бизларни ожиза, заифа, нозик ҳилқат, деб таъриф беришмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда бизга қилинаётган муносабат ўшанга яраша бўлиши керак. Вақт ўтган сайин оила бошлиқлари ўз умр йўлдошларини эркалаш, уларга мулойим муносабат кўрсатишни унутиб қўйишади ва аёлларнинг ўзгарганлигига, муносабатлари илгаригидек эмаслигига айнан шу нарса сабабчи эканлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Эркаклар ўз рафиқаларига меҳр кўрсатганларида унга худди: «Сен ҳақингда қайғураман ва сен учун қалқон бўламан, сен мен учун ниҳоятда азизсан, сенга бирор кор-ҳол бўлишини истамайман, сенинг ташвишларинг ҳақида ўзим қайғураман ва билгинки, мен сен биланман. Сенинг қилган ҳамма ишларингни тўғри, деб биламан ва сен билан фаҳрланаман!», дегандек бўласиз.

Биз, аёллар учун мулоқот ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Бундай дейишимиздан мақсад, танҳо муҳаббатимиз, энг яхши, энг кучли, ақлли ва мақтовга арзирли жуфти ҳалолимиз билан ҳар қандай мавзуда суҳбат қуришдир. Самимий суҳбат чоғида суюкли турмуш ўртоғимиз бизни тушуниши ва қўллаб-қувватлашини истаймиз. Шунингдек, биз учун умр йўлдошимизнинг режаларидан ва уни қўрқитаётган муаммолари ҳамда унга манзур бўладиган нарсаларни билиш ниҳоятда муҳим.

Минг афсуски, аксарият эркаклар суюкли ёрларига дилидагини очишга қўрқишади. Эҳтимол, бунга жамиятдаги, айниқса эркаклар орасидаги нотўғри фикрлар сабабдир. Кўпчилик эркаклар «хотин қули» бўлишдан қўрқишади ва шуни ўйлаб «хотинини ортиқча эркалатвормаслик» ёки «хотинини бошига чиқармаслик» учун аёли истаган нарсаларни беришмайди. Аёллар қўлини бирдек оғизга тиқишмайди, буни ёдда тутинг! Бизга озгина эътибор бўлса бас, шунинг ўзи оила риштасининг мустаҳкамлиги учун кифоя қилади.

Яна бир нарса борки, усиз ҳаётимиз бефайздир! Гап қизиқишлар ҳақида бормоқда. Бизнинг қизиқишларимиз – бизга зарур бўлган ёқимли туйғуларни туҳфа этади, шунингдек бизнинг «мен»имизни яшаши учун хизмат қилади. Эр-хотиннинг қизиқиш бир-биридан фарқ қилиши мумкин, бироқ бу борада ҳам турмуш ўртоқлар келиша олса, бундай оилада муҳаббат мустаҳкам бўлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top