Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугунги суҳбатимиздан ҳаворийлар орасида энг омадлиси бўлган Ёқубнинг укаси Юҳанно ҳақида маълумот берамиз. Муқаддас Каломда бу шогирд Масиҳнинг севимли шогирди деб аталган. Хўш, унинг Масиҳ қадрлайдиган қандай ҳислатлари бор эди? Масиҳ нима учун уни яхши кўрган? Бу саволларимизга суҳбатимиз давомида жавоб топамиз. Ҳаворий Юҳаннода шубҳасиз Масиҳнинг дўсти ва Унинг севимли шогирди бўлишига арзийдиган жиҳатлари бўлган, ундан ташқари Юҳанно Муқаддас Каломдаги бешта китобнинг муаллифидир. Ёқуб билан унинг укаси Юҳанно Жалила денгизида балиқчилик билан шуғулланар эдилар. Исо Масиҳ эса уларнинг ёнидан ўтиб кетаётиб, уларни чақирди. Кейинроқ эса у Исо Масиҳнинг доим бирга юрадиган шогирдлари сафидан жой олди. Бу шогирдлар Бутрус, Ёқуб ва Юҳанно эди. Улар Исо Масиҳ Яир деган одамнинг қизини тирилтирганида ҳам, Гетсемания боғида Масиҳнинг қиёфаси ўзгарганида ҳам У билан бирга эдилар.
Narrator 2 Бир сафар Самарияликлар Масиҳни рад этишганида, ака укалар Ёқуб билан Юҳанно осмондан олов ёғдириб шу жойни вайрон қилайликми, деб сўрашган. Эҳтимол шу сабаб уларни , “Момақалдироқ ўғиллари”, деб аташгандир. Юҳаннонинг аввалдан Юсуф Каяфа билан алоқаси бўлгани учун, Исо Масиҳни тутиб руҳонийнинг уйига келтиришганида, у ҳам ўша ерда бўлишга рухсат олди. Масиҳни хочга михлашганларида эса Исо Масиҳ онасига қараб туришни Юҳаннога топширди. Юҳанно эса Устозининг онасини ўз уйига олиб кетди. Каломда бу шогирднинг кимлиги аниқ ёзилмаган, аммо “севикли шогирди”, деб ёзилганига қараганда бу Юҳанно бўлган. Баъзи олимлар Юҳанно Исо Масиҳнинг қариндоши бўлган бўлиши керак, деган фикрни ҳам айтишади. Аммо бу маълумот Муқаддас Каломда берилмагани учун бу фикрга таяна олмаймиз. Ҳаворий Юҳанно Қуддусдаги жамоатда жуда кўп йил хизмат қилди.
Narrator 1 Яна баъзи тасдиқланмаган маълумотларга кўра, таъқиблар даврида Юҳаннони ҳам Римга олиб кетиб, қайнаб турган ёғли қозонга ташлашади, аммо у ўша ердан ҳам тирик чиқади. Муқаддас Каломда аниқ келтирилишича, уни кейинроқ Патмос оролига сургун қилишади. У Исо Масиҳнинг ҳамма шогирдларидан ҳам узоқ яшаган ва кексайиб, тахминан эрамизнинг 98 йилида Эфесда оламдан ўтган. Юҳаннонинг Хушҳабари Марк, Матто ва Луқо хушҳабарларидан тубдан фарқ қилади. Уларнинг уччаласи ҳам кўзлари билан кўрган нарсаларни бир хилда ҳикоя қилиб беради. Аммо Юҳанно эса Исонинг Масиҳ, Худонинг Ўғли эканини бот-бот такрорлайди. У Масиҳни дунёнинг гуноҳларини олиш учун юборилган Худонинг Қўзиси деб атайди. Юҳанно баён этган Хушҳабарда, Масиҳ Ўзини “Мен”, деб Худога тенглаштиради. Чунки Қадимги Аҳд китобларида ҳам Худованд ўзини шундай, “Мен”, деб атарди.
Narrator 2 Гарчи, Юҳанно ўзининг китобида ўз исмини тилга олмаган бўлсада, ўзи ҳақида, “Исонинг севимли шогирди”, деб атайди. Юҳанно биринчи бўлиб танланган ҳаворийлардан эди. У жамоатнинг энг кексаси бўлиб, Масиҳ хушҳабарини ёйишда бошқаларга ёрдам берган. Ҳаворий Павлус эса уни Қуддусдаги жамоатнинг устуни, деб атаган. Юҳанно Масиҳга садоқатли бўлгани учун хоч олдигача келиб, бутун воқеани кузатиб турган. Муқаддас Руҳни қабул қилишганидан кейин, Қуддусда Бутрус билан бирга қўрқмай Масиҳ ҳақида гувоҳлик қилиб, оқибатда калтакланиб зиндонга ташланган. У Масиҳга келгач жуда ўзгарди. Серзарда ва жаҳлдор Юҳаннодан раҳмдил ва меҳрибон Юҳаннога айланди. Чунки унинг ўзи Масиҳнинг мўл-кўл севгисидан баҳраманд бўлган эди.