«Ўзигагина ишонган аҳмоқдир, ақл билан юрадиган эса нажот топади» (Маталлар 28:26).
Ассалому алайкум. Агар ёдингизда бўлса ўтган сафар ҳар қандай шароитда ҳам ўз хурсандчилигини сақлаб қолишга ҳаракат қиладиган аёллар ҳақида суҳбатлашгандик. Баъзан биз ҳам ўзимиз билмаган ҳолда мана шундай ҳолатга тушиб қолишимиз мумкин. Ўзимизни яхши ҳис қилишни истаб, мумкин қадар бизни ноқулай ҳолатга солиб қўядиган нарсалардан қочамиз. Бу баъзида яхши, аммо ҳар доим ҳам эмас. Кўнглимиз қолмаслиги учун, одамларга ортиқча яқинлашмаймиз, аниқроғи таниш орттириб улар билан яқинлашишдан қўрқамиз ва уларни ҳам ўзимизга яқинлаштирмаймиз. Бошқалар олдида ҳижолатга қолмаслик учун, камроқ гапирамиз. Ҳафа бўлмаслик учун, бошқаларнинг ғамига шерик бўлишдан қочамиз, ва ҳокозо.
Бундай мисолларни соатлаб келтириш мумкин. Демак ўз бахтли доирамизни яратиш учун, Худонинг иродасига қарши турамиз. «Хўш бахтли бўлишни истайман, бунинг нимаси ёмон», дегувчилар ҳам топилади. Бу чиндан ҳам ёмон эмас. Бахтли бўлишни ким ҳам истамайди дейсиз?! Аммо бу истак, Худонинг истагига қарши чиқмаслиги керак. Бахтли бўлиш учун худбинлик қилиш шарт эмас. Агар ҳаётимизнинг асосий мақсади Худонинг иродасини бажариш эмас, бахтли бўлиш бўлса, демак нотўғри йўлдамиз. Бахтли бўлишни ҳаётимизнинг асосий мақсади деб яшасак, биз бошқаларнинг ҳис-туйғулари билан ҳисоблашмай, фақат ўзимизни ўйлаб иш кўрамиз. Биз одамларни бизнинг истаганимиздай иш кўришига ундаймиз. Ҳамма нарса биз кутганимиздай ва ўйлаганимиздай, бизга маъқул бўлган тарзда амалга оширилиши керак.
Аммо бу бутунлай нотўғри ҳаёт тарзи. Ҳаётда ҳеч қачон биз ўйлаганимиздай, биз кутганимиздай бўлавермайди. Бахтли бўлишни ҳаётингизнинг асосий мақсади қилиб олишдан олдин, бахтли бўлишнинг чин маъносини англаб етиш лозим бўлади. Ҳаётда ҳамма нарса сиз кутгандай ва сиз истагандай бўлмайди, бунинг иложи йўқ. Шундай экан, бахтли ҳаёт кечиришнинг иложи йўқ экан-да, деган фикр келиб чиқади. Бироқ ундай эмас. Бахтли ҳаёт кечириш мумкин, фақат Худо билан. Агар бахтли бўлишнинг чин маъносини англаб етсак, ўз режаларимизни, фикримизни, қизиқишларимизни ўзгартирамиз. Худонинг биздан истаганлари, бизнинг бахтли бўлиш режамизга тўғри келмайди. Агар Худонинг айтганидай кун кечирсак, бахтли бўлмаймиз, деб ўйлаймиз.
Шунинг учун ҳам Худонинг ҳамма айтганларини эмас, Каломда ёзилганларидан фақат ўзимизга тўғри келадиганини танлаб, амал қиламиз, ва ўзимизни Худога қулоқ соладиган кишилардай тутамиз. Шу билан Худонинг иродасини, Каломда ёзилганларни ўзимизнинг хоҳиш-истакларимизга мослаб оламиз. Бироқ, Худо бизни билади. Каломда шундай ёзилган: «У жон билан руҳни, бўғинлар билан иликни бўлгундек суқилиб киради, юракнинг ҳаёлу ниятларини фош қилади.» (Ибр 4:12). Агар чиндан бахтли бўлишни истасангиз Худога ишонинг. Маталлар китоби шундай дейди: «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон». Азизлар агар сизни аёлларнинг ички олами, муҳтожликлари ва руҳий муаммолари қизиқтирса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб кўринг. Албатта ўзингизга керакли нарсани топасиз.