Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.
Уй қурмоқчи бўлсангиз, деворларини тиклашда биринчи навбатда нима керак бўлади? Пишиқ ғишт ва яхши цемент, шундай эмасми? Мустаҳкам девор барпо қилиш учун, албатга, мазкур ашёлардан фойдаланиш керак. Бу мисолни савдо дўконига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Яъни, дўкон деворлари мижозлар, уларга қиладиган хизматларингиз эса цемент кабидир. Демак, қуйидагича хулоса чиқарадиган бўлсак, унда мижозларга қанчалик яхши ва ўз ўрнида хизмат кўрсатсангиз, шунчалик мустаҳкам девор кўтарган бўласиз.
Дўкон кўприк ёки туннел эмас. Харидорлар бирров бош суқиб ўтаверсалар, зарар кўрасиз. Йил бўйи икки-уч юз мижоз тўплаб, яна шунчаси йўқотилса фойда ҳам, даромад ҳам бўлмайди. Тижоратдаги мақсад шу: эски мижозлар сақлаб қолинади, янгилари жалб этилиб, эскилари қаторига қўшилади. Ана шунинг учун мижозлар доимий бўлиши лозим. Ишингизни ривожлантирадиганлар туннелдан ўтаётганларга ўхшаб бирров кириб, бошқа келмайдиган харидорлар эмас, доимий мижозлардир. Бунга эришолмаган дўконлар касодга учраши турган гап.
Бир шаҳарчада мижозлари кўп, ишини яхши йўлга қўйиб олган текстил магазини бор эди. Дўкондор ишининг шу тарзда яхши кетишига ишонган шекилли, дўконини жуда ҳашаматли қилиб юборди: чиройли витриналар, серҳашам эшиклар, кўзи порлаб турадиган сотувчи ва эшикбонлар тайинлади. Бироқ… орадан кўп ўтмай иш тўхтаб қолди. Дўконга келувчилар сони сезиларли камайди. Дўкон соҳиби ҳайрон, чунки эски мижозларнинг ўндан бири ҳам келмай қўйганди. Ҳолбуки, шунча ўзгаришлардан кейин харидорларнинг сони янада ортиши керак эмасмиди? Йўқ! Чунки бу дўкон ҳаддан ортиқ безаб юборилган эди. Унинг асосий мижозлари бўлган шаҳарчанинг ўртаҳол кишилари бу ўзгаришлардан кейин серҳашам дўконга киришга уяладиган бўлиб қолишди. Ҳамма харидор ҳам гиламлар тўшалган, чароғон магазинларга юрак ютиб киравермайди. Кўпчилик бундай ҳашаматли жойларга кириб, савдо қилишга ўзларини лойиқ деб билмайди, уст-бошидан уялади ёки у ердаги нарх-наво ўта қиммат, деб ишонади. Хуллас, ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатади, ҳамёни кўтарган дўконга киради.
Ҳар бир дўкондор буларни яхши билиб олиши керак. Қуён кўлда, бургут товуқкатакда, ёввойи ўрдак тоғ чўққиларида яшай олмайди. Харидорлар ҳам шундай уларнинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашишга мажбурсиз. Шунинг учун доимий мижоз ҳаттоки дўкон эгасидан ҳам эътиборга лойиқроқ, чунки дўкон ҳаёти унга боғлиқ. Доимий харидор идора мажлисидан, шерикликдан ва мол эгасидан ҳам қимматлидир, Қиладиган янгилик юзасидан шубҳага тушсангиз, албатта, мижозларнинг фикрини ўрганинг. Ўз ишининг устаси бўлган дўкондор ана шундай йўл тутади. Савдо шохобчаларини ривожлантириш ва даромадини оширишнинг бирдан-бир чораси доимий мижозлар билан алоқада бўлишдир. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.