3:55

Аёл харидорлар умуман бошқача

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.

Американинг тижорат қироли Маршал Фильд кичкина дўконча билан тижорат оламига киргани ҳолда, вафот этганида ўзидан роппа-роса олтмиш миллион доллар маблағ қолдирди. У бунча бойликка ўттиз йилда эришганди. Қандай қилиб дейсизми? Қандай бўларди, у харидорни ҳаммадан кўра яхшироқ тушунган. Ҳамда тижорат дунёсига ўзи доимо амал қилиб келган қоидани киритганки, уни ҳар бир дўкон деворига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйиш керак: «Харидор доимо ҳақ!» Бу қоида бугунги кундаги сотувчиларга қонун бўлмоғи лозим.

Маршал Фильд харидорлар тижоратнинг руҳини ташкил қилишини жуда яхши биларди. Чунки харидор сотиб олмаса, сиз сотмасангиз, савдо-сотиқ бўлармиди?

Дўкон харидор учун. Ундаги ҳамма нарса харидордан кейин келади. Товуқ боқишимиз, узумдан шинви қилишимиз, пахта, ипак ва жун етиштиришимиз — буларнинг барчаси харидор учун, истеъмолчи учун эмасми? Гўшт ва балиқларни нега консервалаймиз? Нима учун минглаб тоннали кемалар денгизлар оша дунё бозорлари орасида бориб-келиб туради? Молларни ким учун ташийди? Харидорлар учун эмасми? Агар олувчи ёқтирмаса, энг қимматбаҳо молнинг ҳам ҳеч қандай қадри қолмайди. Пул ва танлаш ҳаққи харидорга тегишли. Маршал Фильд дўконларидан бирида рўй берган қуйидаги воқеада ажойиб ўрнак бор: Чикагодаги супермаркетларидан бирига аёл харид қилиб, илгари сотиб олган костюмининг тугмасини беришларини сўради. Ўша тугманинг ҳеч топилмаслигига қарамай, харидорни рози қилиш учун тугманинг нархидан бир неча баробар кўп пул сарфлаб, ўша аёл учун тугма тайёрлатиб берди. Натижада доимий мижоз орттирди.

Балки бу айтиб ўтилган воқеа айрим кишилар томонидан бошқача қабул қилинар. Лекин шуниси ҳақиқатки, «харидор Сизнинг даромадингни ортишини истайдиган дўстдир». Дўконингизга ва ишхонангизга келган харидорларни очиқ чеҳра ва ширин тил билан қаршилашни ўрганишингиз керак. Харидор ичкарига кириши билан томдан тараша тушгандай: «Нима керак?» — деб сўраш хато. Омадингиз кулиб, харидорнинг кайфияти яхши бўлса, уни қониқтириш янада осон кечади.

Америкалик машҳур аслзода аёллардан бири Лийт хоним ўз мақолаларидан бирида аёл харидорларга мол сотиш санъатининг қуйидаги бир неча қоидасини санаб ўтган эди: Аёл харидор дўконга кирганида сотувчилар ўзаро гаплашишни бас қилиб, у билан шуғулланишлари керак. Зеро аёл харидорларга бунинг акси тарзидаги муомала хуш келмайди; Аёл харидорларни меҳмондай кутиб олиши керак. Улар ўзларига берилган эътибордан мамнун бўладилар; Кўпол сўз ва ҳаракатлардан қочиш керак; Бирдан «нима керак?» деган савол ва молнинг нархидан гапни бошлаш аёл харидорларини йўқотишга сабаб бўлади; Аёл харидорларни: «Хоним, нима истайсиз?» каби мурожаатлар жалб қилади; Харидор аёлларнинг исми ва манзилларини билиш уларни дўкон мижозига айлантиришда асқотади; «Қанча оласиз?» каби саволларни асло бера кўрманг. Бу уларнинг жахлини чиқариши мумкин; Аёллар оладиган маҳсулотлари борасида узундан-узоқ маълумот беришингизни истайдилар. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top