3:31

Имонга янги келган одам

MP3

Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Имонга янги келган одамнинг руҳий озуқаси таркибига ҳеч бўлмаган–да, қуйидагилар кириши керак: Худо билан доимий тарзда ўтказиладиган сокин вақт.

Марк Хушхабарининг 1–боб, 35–оятида Исонинг доимги одати ҳақида ёзилган: “Эртаси куни тонгда, ҳали ёруғ тушмасдан олдин, Исо ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кетди. Кимсасиз жойга бориб, ибодат қилди.” Ҳар кунимизни биз сокин вақтдан бошлашимиз даркор. Чунки Раббимиз билан ўтказган бу вақт давомида биз руҳий озуқа оламиз. Сокин вақтга ибодат ва Каломни ўқиш киради. Ибодат қилганингизда қуйидагиларга эътибор беринг: Улуғлаш. Худони олқишлаб, Унга сажда қилиш.

Муқаддас Китобдаги ҳамду саноларни ибодат қилиб айтишни шогирдингизга ўргатинг. Мисол учун, 1Солномалар 29:11–14 оятлардаги ҳамду сано.

Тавба. Ўзимизнинг гуноҳкорлигимизни тан олиб, Худога муҳтож эканимизни айтиш. “Борди–ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади.” (1Юҳанно 1:9). Бу оят “масиҳийларнинг совуни”, деб аталади. Фараз қилайлик, жажжи қизим гапимга кирмай, кўчага чиқиб, лой ўйнади. У йиғлаганича келиб, кечирим сўраганида мен уни кечираман, сўнг ваннахонага олиб кириб, чўмилтираман. Чўмилтириб бўлганимдан кейин кийимларини ҳам юваман. Қизимнинг кўчага чиқиб, лой ўйнаганидан ҳеч қандай асорат қолмайди. Исо Масиҳ ҳам худди шундай йўл тутади, бу ҳақдаги ваъдани У бизга 1Юҳанно 1:9–оятида берган.

Шукр қилмоқ. Римликлар китобининг 1–бобида келтирилган узундан–узун гуноҳлар рўйхати 21–оятда “шукр қилмадилар” сўз бирикмаси билан бошланади. Имонга келган ҳар бир одам масиҳий ҳаётининг илк дамларидаёқ шукр қилишнинг аҳамиятини ўрганиши керак. Худо Ўз илтифоти туфайли бизга берган барча баракатлари учун, Унга шукр айтишимиз керак. Муқаддас Китобда шундай ёзилган: “Ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадя юқоридан, самовий нурлар Отасидан тушади. Унда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, ўзгарувчан кўланка ҳам йўқ.” (Ёқуб 1:17)

Шафоат. Биз доимо оиламиз, дўстларимиз, жамоатимиз ва мамлакатимиз учун ибодат қиламиз. Шогирдингизга шафоат қилишни ўргатганингизда, ибодат дафтаридан фойдаланишни ўргатсангиз бўлади. Дафтарнинг биринчи бетини вертикал чизиқ ёрдамида икки қисмга бўлинг. Бетнинг чап томонига “Нима учун ибодат қилдим” деб ёзинг, ўнг томонига эса “Худонинг берган жавоби” деб ёзинг. Нима учун ибодат қилганингизни ёзганингизда, ибодат қилинган санани қўйинг. Худонинг берган жавобини ёзганингизда ҳам санани ёзинг. Имонга янги келган шогирд учун бу ниҳоятда яхши усул, чунки бу усул ёрдамида у Худонинг қилаётган ажойиб ишларини яққол кўра олади.

Шогирдингиз дастлаб Худо билан узоқ вақт эмас, балки қисқа вақт ўтказишни бошласин. Шогирдингиз бошида Худога ҳар куни узлуксиз тарзда етти дақиқа вақтини ажратсин. Бошидан сокин вақтга бир соат вақтини ажратиб, сўнг ихлоси қайтиб, Худо билан умуман вақт ўтказмагандан кўра, қисқа бўлса ҳам вақт ажратгани яхшироқ. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top