«Эй биродарлар, энди синалган ҳамда Муқаддас Руҳ ва ҳикматга тўлиб-тошган етти кишини орангиздан танлаб олинглар; уларни бу хизматга тайин этамиз. Бизлар эса доимо ибодатга берилиб, Худо каломини ёйиш хизматида машғул бўлайлик» (Ҳав 6:3-4).
Ассалому алайкум. Оддий аёл ҳаётига қийинчиликлар келганида нима қилади? Биринчи ўринда, ҳафа бўлади, сиқилади, бошига тушган қийинчиликда бошқаларни айблайди ва ниҳоят Худога нолийди. Агар имонли аёл шундай қилсачи? Унга қандай ёрдам бериш мумкин?! Худонинг қизлари оддий одамлардан фарқ қилмаса, Худонинг хизматини қандай бажаришади?! Суҳбатимизни бошлашдан олдин, илк жамоатнинг қарорини ўқидик. Уларнинг ҳозирги имонлилардан фарқи руҳий кўзларининг очиқлигида эди. Агар ҳаётингизда бўлаётган нарсага ёки муаммога дунёвий кўз билан қарасангиз, Худонинг ишига нолойиқ ҳисобланасиз. Агар эрамиз бошидаги илк жамоат ҳам ўз муаммолари ва ташвишларига дунёвий кўз билан қараганларида, ҳозир Хушхабар бутун дунёга ёйилмаган бўларди. Биз художўй аёл сифатида ҳаётда ўзимизни қандай тутишимиз керак?
Биринчидан, олдимиздаги деворни олиб ташлашимиз лозим. Бизни Худонинг иродасини бажаришдан тўхтатиб турадиган биринчи девор биз ўзимиз. Оддийроқ қилиб айтганда, ҳаётимизга келадиган кўнгилсизликларнинг энг кўпида ўзимиз айбдор бўламиз. Кўпинча муаммолар ўз-ўзимизга етарлича баҳо беролмаслигимиздан, бирор нарса қилишга қодир эмасман деб ўйлашимиздан келиб чиқади. Бунинг учун ўзингиз ҳақидаги фикрларни бир четга улоқтириб ташлаб, Худо ҳақида ўйланг. Бизга меросхўрлар сифатида Осмон Шоҳлиги калитлари берилган. Ундан ташқари қаерга бормайлик Раббимиз Исо Масиҳ биз билан бирга. Худонинг ўзи биз билан бирга бўлган пайтда Унинг иродасини бажаришимизга ким қаршилик қила олади? У ҳар доим бизни Муқаддас Руҳ билан қувватлантириб туради. Бунинг учун биз шунчаки, ўзимизнинг заиф «мен»имизни ташлаб, Худонинг ваъдасига таянишимиз керак ҳолос.
Иккинчидан ҳеч қандай муаммодан ва қийинчиликдан қўрқмаслик керак. Агар ҳаётда тўғри йўлдан кетаётган бўлсангиз, ҳеч нарсадан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Қийинчилик, ғам-ташвиш чоғида Худо сиз билан бирга бўлади. Ташвишланиб, ваҳимага тушиб, Худога бўлган ишончингизни йўқотманг. Шайтон, сиздан айнан шуни кутади. Яхшиси, қийин бўлса ҳам олдингизда турган қийинчиликдан ўтиб, Худонинг сизга тайёрлаган баракаси ва донолигини олинг. Ҳаётингизда бирор тўсиққа дуч келдингизми, у ҳақида фикр юритинг. Худонинг Каломига таянинг. Худонинг ваъдалари сиз учун эканлигини унутманг. Келажагингиз севимли, сизга доимо яхшилик тилайдиган Худонинг қўлида эканини ҳис қилсангиз, ҳеч иккиланмасдан, олға юра оласиз. Энг муҳими қийинчиликларга қандай кўз билан қарашингиз. Агар уларни Худо баракасининг бошланиши деб ҳисобласангиз, унинг ортида, Худонинг руҳий мақсади, режаси ётганини ҳам кўра оласиз. Аммо қийинчиликка ташвиш ва Худонинг лаънати деб қарасангиз, шайтон нотўғри фикрларингиздан фойдаланиб, сизни Худонинг марҳамати ва баракатидан узоқлаштиради. Шунақа гаплар. Худонинг имонли аёлга тайёрлаган режаси ҳақида билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз эшиги сиз учун доимо очиқ.