4:01

Худовандим Мени ўзгартир!

MP3

Азиз аёллар базида шундай ҳолатлар бўладики ўзимиздан кўнглимиз тўлмайди. Бирор яхши иш қилишга ҳаракат қиламизу, аммо бутунлай тескариси бўлади. Бирорта гуноҳ қилиб қўямиз-у, кейин ўзимизни оқлашга тушамиз. Дунёда ҳеч Ким мукаммал эмас. Ҳамма ҳам гуноҳ қилади. Гуноҳсиз одам йўқ. Мен ҳам шундай оддий одамлардан бириман деган гаплар билан ўзимизни овунтирган бўламиз. Бундай гапларни биз ўзимизни омадсиз ҳис қилишдан қочиш учун айтамиз. Аммо энг аввало Худованд бизнинг ҳаётимизни бошқариши учун, биз ўзимиз билан ва Худо билан очиқчасига гаплашишимиз ўзимизнинг ҳолатимизни Худованднинг олдида тан олишимиз керак. Биз Худовандга юрагимизни ўзгартиришига рухсат берсак, у бизни нафақат юрагимизни балки одатларимизни ва яшаш тарзимизни ҳам ўзгартиради. Агар бир рухсат бермасак, яна гуноҳларимизга ўралашиб, ўз-ўзимизни алдаб юраверамиз. Агар юрагимизни ва юрадиган йўлимизни тўғриласак, Худованд бизнинг устимизга Ўз марҳаматини тўкади. Қилган нотўғри ишларимизни тан олиш ҳар доим ҳам осон эмас. Бунинг учун дадиллик керак. Худонинг олдига боришдан олдин ҳаётимизни ва қилган ишларимизни яхшилаб текшириб чиқишимиз керак. Қандай гуноҳлар қилганмиз, яқин кунларда қандай нотўғри ишлар қилдик, ҳаётимиздаги қайси одатларимизни йўқотишимиз керак. Буларнинг ҳаммаси ҳақида чуқур ўйлаб сўнгра Худонинг олдига ибодат билан келишимиз керак. Агар ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар бўлишини истасак, Муқаддас Руҳ ҳаётимизда ишлашига йўл қўйишимиз керак. Баъзида инсонлар шу жумладан биз аёллар ҳам ҳаётимизни ўзимиз бошқаришни, нима қилсак ҳам ўзимизнинг ҳаракатимиз ва кучимиз билан қилишни истаймиз. Ҳаётимиздаги ҳамма нарсани ўзимиз бошқаришни истаймиз. Бу тўғри йўл эмас. Биз ҳаётимизни, ўзимизни Худога топширишни ўрганишимиз керак. У бизнинг бошлиғимиз, ҳаётимизнинг эгаси бўлиши керак. Ўз кучимиз билан ҳаракат қила-қила чарчагач, қилган хатоларимизни кўрамиз, умуман омадсиздай ҳис қиламиз. Ҳолдан тойгач Худованднинг олдига келамиз. Бундай пайтда Худованддан сизни бутунлай ўзгартиришини сўранг. Худованднинг олдига келиб ибодат қилганингизда иккита қадамни босиб ўтишингиз керак. Биринчиси, Худованд сизга кўрсатган ҳамма гуноҳларингизни тан олинг, иккинчиси тан олган гуноҳларингиз учун тавба қилинг. Сиз қанчадан қанча ҳайрли ишлар қилаётганингиз учун, тавба қилишим шарт эмас, деб ўйламанг. Сиз қанчалик художўй бўлсангиз ҳам гуноҳ сизни тарк этмайди. Сиз беш маҳал номоз ўқишингиз мумкин аммо қилган гуноҳингиз учун чин дилдан тавба қилмасангиз ёки бўлмаса гуноҳкорлигингизни тан олмасангиз, Худованд учун юрагингизда жой бўлмайди. Сиз Худованддан яшириниб юраверасиз. Худи одам ато билан момо ҳаво гуноҳ қилганларидан сўнг Худованддан яширинганидай сиз ҳам Худонинг кўзларига қарай олмай, Унинг олдида туришга куч топа олмай, Ундан яшириниб юраверасиз. Аммо қачонки ҳақиқатдан гуноҳкор эканлигингизни тан олиб, Худованддан ёрдам сўрасангиз у сизни инояти ва марҳаматига кўмиб ташлайди. Сиз тавба қилган кунингиздан бошлаб ҳаётингизга Худовандни ҳам киритган ва Уни ҳаётингиздаги ҳамроҳингиз қилган бўласиз. Шу пайтдан бошлаб У сизнинг ҳаётингизни, юрагингизни ўзгартира бошлайди. Бу сиз учун ҳам осон бўлмайди. Худованднинг ўзгартириш жараёни сиз учун оғриқли бўлиши табиий. Бунда бизнинг эски табиатимиз билан янги табиатимиз жанг қилаётган бўлади. Биз шу икки табиатдан қай бирига ён боссак ўша табиатимиз ғолиб келади. Бу учун сиз Худованд кўрсатган йўлдан юришингиз, Худованд кўрсатган ҳолатларни танлашингиз керак бўлади. Агар сиз ҳаётингизни ҳақиқатда Худовандга топширган бўлсангиз, унда ўз хоҳишларингизни ўйламай, Унинг иродасини бажаришингиз керак бўлади. Ўз хоҳишларини қолдириш эса оғриқли бўлиши мумкин. Аммо бу жараён сизга кўп нарсани ўргатади. Шу кундан эътиборан юрагингизда тинчлик ва Худованднинг шодлиги бўлади. Шундай аёллар ҳақида эшитганман, улар оғир касал ва ўлим олдида турган бўлсалар ҳам, юракларида шодлик, юзларида ҳотиржамлик ва Худованднинг иродасига розилик бўлган. Шундай экан тавба қилишга ва Худовандни ҳаётингизга киритишга ҳаялламанг. У сизнинг келажагингизни сиздан кўра яхшироқ билади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top