“Сизлар бир вақтлар Худога итоатсиз бўлиб, лекин энди яҳудийларнинг итоатсизлиги туфайли марҳаматга ноил бўлдингизлар. Шунга ўхшаб, энди яҳудийлар ҳам сизга кўрсатилган марҳамат туфайли итоатсиз бўлдилар, токи улар ҳам энди марҳаматга ноил бўлсинлар. Чунки Худо ҳаммага марҳамат кўрсата олиши учун, ҳаммани итоатсизликка гирифтор қилди. Оҳ, Худонинг саховату ҳикмати ҳамда билимининг чуқурлигини қаранг! Унинг ҳукмларига кимнинг ақли етар, йўлларини ким текшириб чиқар экан? «Худонинг ақлини ким билган экан? Унинг маслаҳатчиси ким бўлган экан?» «Ким Худога бир нарса бермишки, Худо унга қайтариб берсин?» Бутун борлиқ Ундан чиқиб, У орқали бордир ва Унга қаратилгандир. Унга абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин. (Рим. 11)
Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.
Худонинг ҳар ерда ҳозирлиги ҳақидаги таълимотчалик шу қадар аниқ ва тушунарли бўлган ҳақиқатлар Муқаддас Ёзувларда жуда камдир. Бу ҳақиқат ўз тасдиғини топган Муқаддас Китоб сатрлари шу қадар аниқ-равшанки, уларни нотўғри тушуниш учун анча-мунча саъй-ҳаракат қилиш керак бўлар эди. Бу сатрларда Худо Ўзи яратган ҳамма нарсада ҳозир эканлиги, инсонга Унинг ҳузуридан яшириниш учун самода ҳам, ерда ҳам ва дўзахда ҳам жой йўқ эканлиги ҳақида гапирилади. Муқаддас Ёзувларнинг таълим беришича, Худо бир вақтнинг ўзида жуда олисда ҳам, яқинда ҳам бўла олади ва одамлар Унда ҳаракат қиладилар, ҳаёт кечирадилар ва мавжуддирлар. Бу сатрлар Худонинг ҳар ерда ҳозирлигини тан олишга бизни мажбур қилади ва Унинг ҳақидаги бошқа ҳақиқатларни ҳам тушунтириб беради.
Мисол учун, Муқаддас Ёзувларда Худо чексиз деб айтилади. Бу нарса Унинг борлиги чегара билмайди, деганидир. Шунинг учун, Худонинг ҳозирлиги ҳам чегарасиздир; У ҳамма ерда бор. Худо Ўз чексизлиги билан Ўзининг чегарага эга бўлган мавжудотларини ўраб олади ва уларни Ўзида тутиб туради. Унинг ҳузурисиз бирор нарса мавжуд бўлиши мумкин бўлган жойнинг ўзи йўқ. Худо — бу балиқ учун денгиз ва қуш учун ҳаво зарур бўлгани каби, биз учун зарур бўлган яшаш муҳитидир. «Худо — ҳамма нарса устида, ҳамма нарса тагида, ҳамма нарсанинг ташқарисида, ичида, бироқ таркибида эмас; ташқарида, бироқ чиқиб кетмаган; юқорида, аммо юқорига кўтарилмаган; пастда, бироқ туширилмаган; бош бўлган ҳолда бутунлай юқорида; қўллаб-қувватлаган ҳолда бутунлай пастда; тўлдирган ҳолда бутунлай ичкарида». Худо Ўз Борлиғи ичида ҳозир эканлигига бўлган ишонч якка ҳолда бўлиши мумкин эмас. Бу ишонч кўпгина имон-эътиқод мушоҳадалари доирасида амалий қўлланилиши мумкин ва баъзи бир эътиқод муаммоларига бевосита таъсир кўрсата олади. Деярли ҳар бир давр ва деярли ҳар бир маданиятнинг мушоҳадали кишилари бу дунёнинг нимадан иборат эканлиги ҳақидаги савол устида фикр-мулоҳаза юритганлар. Бу дунё ўз-ўзидан мавжуд бўлган моддий дунёми ёки кўринмас кучлар ёрдамида ҳаракатга келтириладиган руҳий дунёми? Бу саволга жавобни ҳамма нарса бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган тизимнинг ўзидан топиш мумкинми, ёки у бирор-бир сир остига яширинганми? Бу мавжудлик оқими ҳақиқатан ҳам ўз-ўзидан бошланиб, ўз-ўзида тугармикан? Ёки Унинг манбаи баландликлардан юқори ва қаердадир, баландликлар ортидамикан?
Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.