3:45

Ота-боболар руҳига сиғиниш

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Ота-оналар вафот этмасидан олдин, уларни Худованд Каломида ёзилганидек, ҳурмат қилиш ва умрлри узоқ бўлишига ёрдам бериш керак. Агар улар тириклигида уларни ҳурмат қилмаган бўлсангиз, вафот этганидан кейин хотирлаб ҳурматини қилиш иккиюзламачилик бўлади. Муқаддас Каломнинг ҳеч бир жойида марҳумларни хотирламаслик керак, деган оят йўқ. Аксинча, уларнинг тириклигида қилган яхши амалларини эслаб, тирикларга намуна қилиш, яхши. Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўлган одамларни эслаш, уларнинг яхши ишларини , яхши сўзларини хотирлаш жуда ҳам яхши амаллар экан. Лекин шундай бўлса ҳам, уларнинг руҳига топиниш, яъни сиғинишга рухсат йўқ . Худо Ўз Каломида бундай ишларни тақиқлаган. Руҳлардан ёрдам кутиш, ёки уларнинг бизга зарар етказишидан қўрқиш Худонинг Каломига тўғри келмайди. Шундай бўлса ҳам, кўпинча одамлар руҳларга сиғиниб, руҳлардан ёрдам сўрайди.

Narrator 2 Тўйларда, “Беточар” деб номланган тўйдан кейинги маросимларда, худойиларда , Қуръон хатми, пайшанбалик, еттиси, йигирмаси, қирқи ва яна бошқа маросимларда : «Арвоҳлар қўлласин », «арвоҳлар ёр бўлсин » ёки «ўликлар рози бўлмай туриб, тириклар бойимайди» каби гаплар кўп айтилади. Бундай тушунча Ўрта Осиё халқлари учун нормал ҳисобланади. Мусибатли кун келса, қандайдир офатларга дучор бўлса, қаттиқ оғриб қолса ёки қўрқинчли туш кўрса, тушига ўлган қариндошлари кирса, одамлар: «Арвоҳлар бир нарса хоҳлаяпти», деб чалпак пишириб, арвоҳларни рози қилишга ҳаракат қиладилар. Баъзилар қабрлардан ёрдам сўрайди. Юртимизда авлиёларнинг қабрлари, муқаддас тошлар ёки дарахтлар, авлиё булоқлари ёки ғорлар кўп. Ўзларини мусулмон деб ҳисобласа ҳам, ана шундай жойларга бориб ёрдам сўрайдиган одамлар ҳам кўп. Лекин аслида арвоҳга сиғиниш шаманизмдан қолган иримлардир.

Narrator 1 Шунинг учун ҳам фанда мусулмончиликни «илмий Ислом» ва «оммавий Ислом», деб икки гуруҳга ажратадилар . Илмий Ислом Қуръон китобига асосланган бўлиб, ёлғиз Аллоҳга сиғиниш керак, деб ўргатади . Ўрта Осиёда эса кўпроқ оммавий Ислом шаклланган. Оммавий Исломда исломий ақидалар мавжуд бўлишига қарамай, шаманистик тушунча ва амаллар кенг тарқалган. Юқорида айтганимиз арвоҳларга сиғиниш бунга яққол мисол бўла олади. Чунки оммавий Ислом тарғиботчилари биринчи навбатда Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ҳақида эмас, балки руҳлар ҳақида гапиради, руҳларга сиғиниш ва хизмат қилишни тарғиб қилади. Қуръони каримда Исро сурасининг 85-оятида шундай ёзилган: «(Эй Муҳаммад) сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт». Луқо китоби 16-бобида «Бир бой ва Лазар» ҳақида масал бор.

Narrator 2 Масалда ёзилишича, фаришталар бир қашшоқни ўлган пайтида у дунёга – Иброҳим пайғамбарнинг олдига олиб боришади , бойни эса оловга-азобга ташлашади. Қаттиқ қийналган бой Иброҳимдан: «Менинг уйимга Лазарни юборинг, укаларимни огоҳлантирсин, ўлганда улар ҳам келиб мен каби азоб чекмасин», деб илтимос қилади. Шунда Иброҳим: «Уларда Мусо ва пайғамбарлар битиклари борку, ўшаларга қулоқ солишсин! …Бўлмаса ўликлардан бири тирилиб борса ҳам ишонмайдилар», дейди (Лқ 16:29,31). Бу ҳикоядан биламизки, жаннатга борган одамлар ҳам дўзахга борган одамлар ҳам бу дунёга қайтадан ташриф буюрмайди. Яъни, биз арвоҳларга қанчалик кўп топинмайлик, улар келиб ишимизга аралашмайди. Азизларим, ота-онамизни ўлганидан кейин эмас, тириклигида рози қилайлик, тиригида ҳурматлайлик .

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top