Ассалому алайкум азиз биродарлар! Каломда Худонинг аломатлари мўъжизавий бўлиши ёки ундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо аломат сўзи ажойибот сўзи билан бирга келганда, гап мўъжизавий воқеалар ҳақида бораётган бўлади.
Бундай воқеаларни икки гуруҳга бўлишимиз мумкин. Биринчи гуруҳга Исроилнинг Мисрдаги қулликдан озод қилиниши кириб, кейинроқ бу воқеа “чиқиш”, деб ҳам юритилади. Иккинчи гуруҳга эса Исо Масиҳ ҳамда ҳаворийларнинг фаолияти киради.
Бундан маълум бўладики, Худонинг қутқарув фаолиятида аломат ва ажойиботлар ҳамроҳ бўлади. Мусо орқали Худо содир этган ўнта офат, Исроил халқини қутқарган аломат ва ажойиботлар бўлса, Миср халқи учун улар Худонинг ҳукми эди.
Бу орқали, Худо ҳам Исроил халқига, ҳам мисрликларга Ўзининг ЯХВЕлигини намоён этади. Ўзининг қутқарувчи-ҳукм қилувчи офатлари орқали Худо Миср худоларининг ҳеч қандай куч-қудратга эга эмаслигини кўрсатиб берди.
Ҳар бир офат мисрликларга катта қийинчилик ва азоб олиб келса-да, фиръавн барибир Исроил халқини озод қилишдан бош тортади. Худо фиръавннинг юрагини тош қилди, деган гап бизга бирмунча муаммо туғдиради.
Аммо бу ерда юрагини тош қилиш ҳақида уч хилда ёзилганига эътибор беринг: фиръавн юрагини тош қилиб олди; фиръавннинг юраги тошлигича қолди; Эгамиз, “фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйдим”- деди. Шундай экан, фиръавннинг юрагини ким тош қилиб қўйган?
Ҳеч шубҳа йўқки, фиръавн атайлаб ўз юрагини тош қилиб олган, шу сабабли у ҳукм қилинди. Бошқа томондан эса, ҳаворий Павлус танловда Худонинг фаолияти ҳақида муҳокама қилганда, Худонинг ҳар бир ҳолатда энг олий ҳокимиятга эгалигини таъкидлайди, Римликларга мактубининг 9 боби 14 ва 18 оятларида.
Демак, Худонинг Каломи нуқтаи назаридан, инсон жавобгарлиги ҳамда Худонинг энг олий ҳокимиятга эгалиги қандайдир равишда қўшилган, улар бир-бирини рад этмайди.
Биз буни тушунишга ожиз бўлсак-да, бу масалада Муқаддас Китоб шундай қарашга эга экан, биз буни шундайлигича қабул қилишимиз зарурдир. Фиръавн Худонинг Каломига қарши юрагини тош қилиб олгани туфайли, аломат ва ажойиботлар унга қарши ҳукм Исроил халқи учун эса, улар қутқарилиш йўли эди.
Азизлар, Худонинг Ўз ваъдаларига доимо содиқ қолиши, Унинг тирик Худованд эканлигини англатади. Орадан кўп йиллар ўтишига қарамай Худованд Исроил халқини эшитди ва уларга қулоқ солди. Албатта Исроил халқи Худовандни кўп бора ранжитди.
Шунга қарамай Худо уларни севди. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.