Ассалому алайкум азиз дўстлар, сиз азиз биродарлар билан яна соғ-саломат учрашганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, чегаралар деган сўз Худо ҳар биримизга хизмат қилиш майдони ва кўламини тайин этгандир.
Сизнинг шаклингиз сизнинг ихтисослигингизни белгилайди. Агар биз Худо бизга берганидан ортиқ равишда руҳий чегараларни кесиб ўтсак, асабийлашишни бошлаймиз. Худо югуриш пойгасида ҳар бир кишига югуриши учун алоҳида йўлак ажратилгани каби биз ҳам “Худо бизга берган пойгада сабр билан югуришимиз керак.” Сизнинг ён томонингиздаги йўлакдан югураётган кишига ҳасад қилманг; ўзингизнинг пойгангизни тугатишга диққатингизни қаратинг.
Худо сизга берган шаклини мамнуният билан ишлатишингизни хоҳлайди. Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Ҳар ким ўз ишини муҳокама қилсин, шунда бошқанинг ишига қараб эмас, ўз ишига қараб таҳсин олади.” Галатияликларга мактубининг 6 боби 4 ояти.
Шайтон сиздан хизмат қилишга бўлган завқни ўғирлашда икки хил усулни қўллаши мумкин: ўзингизнинг хизматингизни бошқаларники билан таққослаш ва хизматингизни бошқаларнинг сиздан кутаётганларига мослаштиришингиз. Иккала йўл ҳам фалокатли йўл бўлиб, Худо сиздан хоҳлаган хизматни бажо келтиришингизга тўсқинлик қилади.
Агар хизматингиздан завқ ололмаётган бўлсангиз, бу иккала васвасадан бирига учрамаётганингизни текшириб кўринг. Муқаддас Калом бизга ўзимизни ҳеч ким билан таққосламаслигимизни айтади. “Ҳар ким ўз ишини муҳокама қилсин, шунда бошқанинг ишига қараб эмас, ўз ишига қараб таҳсин олади.”
Сиз шаклингизни, хизматингизни ёки хизматингиз натижасини бошқаларники билан таққосламаслигингизнинг икки сабаби бор. Биринчиси, сиз доимо сиздан кўра яхшироқ хизмат қилаётган кишини топасиз ва бундан умидсизланасиз.
Ёки сиз доимо ўзингиздан ёмонроқ хизмат қилаётган киши топасиз ва шунда мағрурликка бериласиз. Иккала муносабат ҳам сизни хизматдан олади ва шодлигингизни ўғирлайди.
Павлус ўзимизни бошқалар билан таққослашимизни жиннилик, деб айтган. У шундай деган: “Биз ўзларини намойиш қилаётганларнинг баъзилари билан ўзимизни баробар тутишга ёки қиёс қилишга журъат этмаймиз. Улар ақлсизларча ўзларини ўзлари билан ўлчаб, ўзларига ўзлари меъёрдирлар.” 2 Коринфликларга мактубининг 10 боби 12 ояти.
Сиз доимо сизнинг хизматингизни танқид қиладиган кишиларни топасиз ва улар сизни ўзларининг хизмати ҳақидаги тушунчаларига мослаштиришга уринадилар. Уларга эътибор қилманг. Павлус доимо унинг хизматини танқид қилувчиларга шундай муносабат қилган: Қиёслашдан сақланинг, бўрттиришга қарши туринг ва фақат Худонинг олқишини қидиринг. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.