3:38

Уруғ сепувчи ҳақидаги масал

MP3

Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Шогирдингизга Худо ҳақида қуруқ билим бергандан кўра, Худога инонишни унга ўргатинг. Эсингизда бўлса, биз сизлар билан “Уруғ сепувчи ҳақидаги масал”ни кўриб чиққан эдик (Луқо 8). Келинг, ўша масалга яна бир бор қайтайлик. Бу масални яна “Тўрт хил тупроқ” ёки “Худонинг Каломига бўлган тўрт хил муносабат”, деб атаса ҳам бўлади. Масалдаги йўл устига тушган уруғлар Худонинг Каломига ишонмаган одамларни билдиради. 12–оятда шундай ёзилган: “Одамлар ишонмасликлари ва нажот топмасликлари учун иблис уларнинг юрагидан каломни олиб кетади.” Тошлоқ жойга тушган уруғлар эса Худога юзаки ишонган одамларни билдиради: “Улар каломни эшитганда уни севинч билан қабул қиладилар. Аммо улар илдиз отмаган. Шунинг учун улар қисқа вақт давомида ишонадилар, синов пайти келганда эса имондан қайтадилар (13–оят). Бундай одамлар Муқаддас Китобни ўқийдилар, аммо қийинчиликлар келганда Худодан юз ўгирадилар. Масиҳийликнинг қадрига етмаганлари учун, ўз жонларини фидо қилишдан қўрқадилар. 14–оятда эса учинчи турдаги одамлар ҳақида ёзилган: “Тиканлар орасига тушган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар каломни эшитадилар, бироқ умр давомидаги ташвишлар, бойлик ва ҳаёт лаззатлари бундай уруғларни бўғиб қўяди. Уларнинг ҳосили етилмайди.” Бундай одамларнинг имони бору аммо мақсади йўқ. Улар каломни қабул қиладилар, бироқ ҳаётлари учун нотўғри мақсад қўядилар. Қачонлардир ҳаёт учун муҳим бўлган нарсалар назардан четда қолиб кетади ва улар беҳуда бойлик ортидан қувиб кетадилар.

Ҳаётларида Худонинг мақсади бўлмагани учун шунчаки кунларини ўтказиб юрадилар. 15–оятда тўртинчи турдаги одамлар тасвирланган: “Яхши тупроққа тушган уруғлар эса шундай кишиларни билдиради: улар каломни эшитиб, уни эзгу, самимий юракда асрайдилар ва сабр–тоқат ила ҳосил берадилар.” Бундай одамлар Худонинг ҳар бир Сўзига ишонадилар ва шу Сўзга кўра яшайдилар. Имонни амалда қўллаган бундай одамларнинг муносабати Худонинг Каломига бўлган энг тўғри муносабатни билдиради. Демак, бу масалда ишонмаган одамлар ҳақида, имони суст бўлган одамлар, имони бору мақасади йўқ одамлар ва имонни амалда қўллаган одамлар ҳақида сўз юритилган. Исо шогирдларига имон ҳақидаги бу масални сўзлаб бергандан кейин ҳаёт сабоқларини берди. Нима деб ўйлайсиз, Худони ким яхшироқ билган — Иброҳимми ёки замонавий илоҳиётшуносми? Замонавий илоҳиётшунос Худони яхшироқ билади, деб фараз қилишимиз мумкин. Чунки Иброҳим бизга Масиҳнинг иккинчи келиши ҳақида ҳеч нарса айта олмаган бўларди.

У бизга Масиҳнинг илоҳий ҳамда инсоний табиати ҳақида ва бокира Марямдан Исонинг туғилиши сири ҳақида маълумот бера олмаган бўларди. Илоҳиётшуносликка оид бошқа кўплаб масалаларни тушунтира олмаган бўларди. Бироқ шуларга қарамай, Иброҳим Худони биларди! Муқаддас Китобда ёзилишича, фақатгина Иброҳим Худони мамнун қилган эди. Янги Аҳднинг ўзида Иброҳим ҳақида етмиш тўрт марта сўз юритилган. Галатияликларга 3:6да Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ, деб билди.” Худо Иброҳимдан ниҳоят даражада мамнун эди. Шу сабабдан Ибронийларга мактубининг 11–боб, 16–оятида қуйидагича ёзилган: “Шунинг учун Худо Ўзини Иброҳимнинг Худоси, деб аташдан ор қилмайди.” Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top