3:14

Руҳий оталик қилганингизда

MP3

Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Ҳаётингизни одамларга бағишланг, уларнинг турмуш ташвишларида ҳам иштирок этинг. Бирон ташкилотнинг хизмати ёки лойиҳасида иштирок этишингиз одамга бағишланишнинг ўрнини боса олмайди. Хизмат қилиш яхши, аммо одамга бағишланиш ундан–да муҳимроқ. Ўқитиш, бирон хизматни бошқаришни ёки лойиҳани олиб бориш қалбдан бағишланишни талаб қилмайди ва кўпинча одамлар бундай ишларни қўл учида қиладилар ёки бурч вазифасида бажарадилар. Аммо сиз бировга руҳий оталик қилганингизда, ўз зиммангизга жавобгарликни оласиз. Бундай жавобгарлик бағишланишни талаб қилади. Кўп одамлар бўйнига жавобгарлик олишни истамаганлари учун, бировнинг ҳаётига аралашишдан кўра, ташкилот ёки лойиҳага вақт ажратишни афзал кўришади. Бир бола катта оилада туғилган эди.

У ота–онаси ва ака–укалари билан қишлоқда яшар эди. Чунки ота–онаси: “Қишлоқдаги болалар меҳнат қилиб ўсишади. Тарбияси яхши бўлади”, — деб ишонишарди. Бу оилада ҳамма ишлар эди, ота–она ва болалар эрталабдан кечгача бирдай меҳнат қилардилар. Улар соддагина ҳаёт кечиришарди. Уларнинг шаҳарда яшайдиган фарзандсиз дўстлари кўп эди. Бу дўстлари йилига бир марта қишлоқдаги болаларни шаҳарга олиб бориб, зоопарк ва паркларда айлантиришарди. Сўнг уларни ресторанга олиб бориб, хоҳлаган нарсасини олиб беришарди. Бир куни бу ёш бола ажойиб дам олишдан кейин, уйига поезда қайтар экан, ўз оиласи билан шаҳарда яшаган оилани солиштира бошлади. Унинг ўз оиласи оғир меҳнат қиларди, кўп фарзанд ўстирарди, камдан–кам дам оларди.

Шаҳарли оила эса чиройли кўп қаватли уйда яшарди, янги машиналари бор эди, улар кўчага чиқиб овқатланишарди, ишдан кейин театрга боришарди, дам олиш кунлари тоққа чиқишарди, узоқ чўзиладиган татиллардан завқ олишарди. Унинг бу оилага ҳаваси келиб: “Катта бўлсам албатта уларга ўхшаб яшайман.” — деб айтарди. Аммо у уйлангандан кейин ота–онасини ҳам тушуна бошлади. Икки оила икки хил ҳаёт тарзини танлаган эди ва бу фарққа сабаб бўлган асосий омил — кўпайиш, яъни фарзанларга эга бўлиш эди. Масиҳий ҳаёт тарзи орасидаги фарқ ҳам шунга ўхшаш.

Руҳий фарзанд ўстирмаган масиҳийлар қулай ҳаёт кечиришади, руҳий фарзанд ўстирган масиҳийлар эса шахсий қулайликларидан воз кечиб, машаққатли ҳаёт тарзини олиб боришади. Одамларнинг шахсий ҳаётида иштирок этиш осон эмас, бу фидокорликни талаб қилади. Шунинг учун, Масиҳнинг бу иноятли таклифини ҳамма ҳам қабул қилавермайди. Кўплари ўзларини одамларга бағишлашдан бош тортишади. Ишаё китобининг 58–бобида Худонинг бизга берган ажойиб бир ваъдаси ёзилган: “Очлар учун жон куйдирганингизда, мазлумларнинг жонига оро кирганингизда, нурингиз зулматда ҳам порлайди, энг қоронғу даврингиз ёп–ёруғ кундуздай бўлади. Эгамиз доимо сизга йўл кўрсатади, қақраган ерларда ҳам жонингизга озиқ беради, шунда сиз суғорилган боғдай, сувлари қуримас булоқдай бўласиз. Қадимги вайроналарингиз қайта тикланади, кўҳна пойдеворларни қайта кўтарасиз, шунда сизларни: “Бузуқ деворни Тикловчи, кўчаларни қайта Қурувчи”, деб чақиришади.” Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top