Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.
«Гуноҳнинг моҳияти — бу инсоннинг бир бутунликка бўлган интилишидир», — деб айтишимиз мумкин. Чунки инсон Худо хоҳиш-иродасини ўз хоҳиш-иродаси билан алмаштиришни истаганида, бу нарса унинг Худони Ўз тахтидан тушириб, кичик инсоний шоҳликда ўзини Худодан юқори қўймоқчи бўлганлигини билдиради. Бу ўз моҳиятига кўра гуноҳдир. Гуноҳлар денгиз қирғоғидаги қум каби ҳажми жиҳатдан кўпайиб бориши мумкин, бироқ аслини олганда бу битта гуноҳдир. Гуноҳ борлиги учун ҳам, гуноҳлар мавжуддир. Бу кўп маротаба танқидга учраган инсоннинг бошдан-бош гуноҳкор эканлиги ҳақидаги таълимот орқасида турувчи асл сабабдир.
Бу таълимотга мувофиқ, тавба қилмаган инсон фақатгина гуноҳ қилиши мумкин ва унинг қилган ҳамма хайрли ишлари аслини олганда хайрли эмасдир. Худо Қобил келтирган қурбонликларни рад қилгани каби, инсоннинг имон-эътиқод учун қилган энг яхши меҳнатларини ҳам қабул қилмайди. Инсон Худога Ундан тортиб олинган тахтни қайтариб берган пайтдагина, Худо унинг меҳнатларини қабул қилади.
Масиҳийнинг ҳаракатлари яхши киши бўлиб қолиш учун йўналтирилган, шу билан бир вақтнинг ўзида худди ақл-идроксиз ахлоқий рефлекс каби, унинг ичида ҳаворий Павлус томонидан Римликларга Мактубнинг еттинчи бобида жуда яхши ифода қилиб берилган ўз-ўзини тасдиқлашга бўлган интилиш ҳам яшайди. Павлуснинг бу гувоҳлиги пайғамбарлар таълимоти билан тўлиқ устма-уст тушади.
Масиҳ туғилгунга қадар саккиз юз йил олдин, Ишаъё пайғамбар гуноҳни Худо иродасига қарши қилинган исён ва ҳар бир инсоннинг истаган томонига кетиш ҳуқуқининг тасдиғи, деб атайди. «Ҳаммамиз қўйлар каби довдираган эдик, ҳамма ўз йўлидан кетаётган эди» (Иша. 53:6). Ўйлайманки, ҳеч ким гуноҳни бу қадар аниқ тасвирлаб бермаган. Худонинг хизматига ўзларининг ҳаётларини бағишлаган инсонларнинг гувоҳлиги пайғамбарлар ва ҳаворийларнинг айтганлари билан тўла-тўкис устма-уст тушади. Инсон табиати асосида ўз «мен»ини тасдиқлашнинг ички принципи ётади ва бу ички принцип одамлар қилган ҳамма нарсани ёмонликка айлантиради. Бизга тўлиқ нажот бериш учун Масиҳ табиатимизда мавжуд бўлган бу бурилишни қарама-қарши йўналишга буриб юбориши керак.
Ҳатти-ҳаракатимизда Худо режасини ва бошқа одамлар бахт-саодатини биринчи ўринга қўйишимиз учун, У бизда янги принципни ўстириши керак. Ўз «мен»имизни тасдиқлаш хоҳиш-истагидан келиб чиқадиган аввалги гуноҳларимиз ўлиши керак, уларни эса фақатгина хоч ёрдамида ўлдириш мумкин. «Агар ким менга эргашишни истаса, ўзидан кечсин ва ўз хочини кўтариб, орқамдан юрсин» (Мат. 16:24).
Раббимиз шундай деб айтган эди. Бир неча йиллардан сўнг, ғалабага эришган Павлус: «Мен Масиҳ билан бирга хочга михлаб қўйилганман. Энди яшаётган мен эмас, балки Масиҳ менинг ичимда яшаяпти» (Гал. 2:20), — деб айта олди.
Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.