Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Атрофингизда кимга қараманг, бу дунёда бахтли ҳаёт кечириш учун тинимсиз ҳаракат қилади. Ҳар ким бахтни турлича тасаввур қилади, унинг манбаини турли жойлардан излайди. Бироқ Муқаддас Калом аниқ қилиб, инсон қандай бахтли бўлиши мумкинлиги ҳақида айтади. Афсуски, атрофимизда Муқаддас Каломни ўқимаган ва у ҳақида эшитмаган одамлар талайгина. Шуни ҳисобга олган ҳолда бугун Каломда ёзилган бахтли бўлиш рецептини эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик. Бу рецепт Забур 118 боб 1 оятдан 11 оятларгача берилган. “Бахтлидир йўллари пок бўлганлар, Эй Эгам, Сенинг қонунинг бўйича юрадиганлар. Бахтлидир Сенинг шартларингга риоя қиладиганлар, Бутун қалби билан Сенга интиладиганлар. Улар асло ноҳақ иш қилмайдилар, Сенинг йўлларингдан юрадилар. Ўзинг бизга амр бериб, Буйруқларимга диққат ила итоат этинг, дегансан.
Narrator 2 Қани, энди фармонларингни адо этишда барқарор бўлсам! Мен шарманда бўлиб қолмай, дея Ҳамма амрларингга диққат қиламан. Сенинг одил қоидаларингни ўрганганимда, Тоза қалб ила ҳамду сано айтаман Сенга. Сенинг қонунларингни бажараман Мени бутунлай тарк этмагин. Йигит қандай қилиб йўлларини пок сақлайди? Каломинг бўйича яшаб, шунга эришади. Бутун қалбим билан Сенга интиламан, Амрларингдан оғишимга йўл қўймагин. Сўзларингни юрагимда асрайман, Токи Сенга қарши гуноҳ қилмайин.” Бу оятларни ўқиганимда, олдимда бир тажрибали, камтар ва Худога чанқоқ одам турганини тасаввур қилдим. Чиндан ҳам бу оятларни ўқисангиз, муаллиф худди бошидан ўтганларини, ўзи тажрибада синаб кўрганларини айтиб бераётгандек. Бир нарса аниқки, у Муқаддас Руҳга тўлган, Худо билан бирга яшашда, Унинг амрларига амал қилишда катта тажрибага эга бўлган.
Narrator 1 Шунга қарамай, бахтли бўлишда давом этиш учун доим Худога интиладиган бир инсон бўлган. У ҳам биздек, Худонинг амрларини бажариш йўлида кўп йиқилган, аммо шунга қарамай, доим олға юрадиган инсон бўлгани аниқ. Сабаби, у шундай дейди: “Қани энди фармонларингни адо этишда барқарор бўлсам”. Барқарор деган сўз, доим бир маромда бўлиш, оғишмаслик, деган маъноларни беради. Яъни, у Худонинг амрларини доим канда қилмай, йиқилмай бажаришни орзу қилади. У тоза қалб билан Худони улуғлаш қандай бўлишини ҳам бу нарса Худони мамнун қилишини ҳам билади. Шу сабаб доим тоза қалб билан Худога ҳамду-сано айтади. Юрагини ва йўлларни тоза ва пок сақлашга ҳаракат қилади. Агар инсон Худонинг Каломи билан яшаса, унинг йўллари пок бўлади, дейди. Яна, бу одам Худонинг Каломини юрагида сақлайдиган, доим Унинг Каломи билан озиқланадиган, васваса чоғида Худонинг Каломини ишлатишни одат қилиб олган.
Narrator 2 У гуноҳ қилмаслик учун, Худонинг Каломлари жуда катта қурол эканлигини тажрибада синаган. Яна шарманда бўлиб қолмаслик учун, Худонинг амрларига диққат қилишини айтиб ўтади. Агар Худо билан ҳаётингизга назар солсангиз, бу қоида ҳозир ҳам ўзгармаган. Бахтли бўлишни истасак, йўлларимизни пок сақлашимиз, Худонинг амрларига амал қилишимиз, унинг шартларига кўниб итоат қилишимиз ва Каломга амал қилиб яшашимиз керак. Энг асосийси, Худога чин дилдан интилиб, Унинг биздан нима хоҳлашини билиб олишимиз керак. Агар бугун ҳеч қаерда, ҳеч кимнинг олдида шарманда бўлмасликни истасангиз, доим Худонинг амрларига диққат қилинг ва амал қилинг. Худованднинг одил қоидаларини ўрганишдан тўҳтаманг, шунда Худо ҳаётингизга қандай баракатлар қўйгани ва қўяётгани учун чин дилдан ҳамду-сано айта оласиз.