3:25

Худога боғлиқ бўлиш

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Биз аёллар ҳаётда кўп нарсани ўзимиз бошқаришни истаймиз. Ўз кунимизни, вақтимизни, баъзан турмуш ўртоқларимизни. Аммо бизлар учун берилган баъзи нарсалар борки, уларни ўзимиз бошқаришимиз керак, бошқалари эса бизнинг зиммамизда эмас. Масалан биз ўз вақтимизни, кунимизни, пулимизни бошқаришимиз мумкин. Энг муҳими ҳис-туйғуларимизни бошқаришимиз шарт ва зарур. Ҳис-туйғуларимизни бошқариш учун тўғри нарсаларни танлашимизга тўғри келади. Аниқроғи улар бизни безовта қилиб турганда, қандай қарор чиқаришимиз, ўша пайтда кимга боғлиқ бўлишимиз жуда муҳим. Ҳис-туйғуларимиз бошқариб бўлмайдиган даражага келганида ўз-ўзимизга суянамизми ёки Худогами? Мана шу пайтда қандай қарор чиқаришимиз, бизни ё тўғри йўлга солади ёки йўлдан адаштиради. Ҳазрати Довуд шундай дейди: «Худовандни Унинг қудратини ахтаринг. Унинг ҳузурини доимо қидиринг!» (Заб 104:4). Агар шундай қилсак, Унинг истагини нималигини билиб оламиз. Қийин пайтда қандай қарор чиқаришни биламиз. Ҳаворий Павлус ҳам бизнинг ҳолатимизга тушганда ўзи учун шундай қарор чиқарган: «Мен ҳам ана шу мақсадда жон-жаҳдим билан хизмат қилар эканман, менга кучли таъсир қилаётган Раббимнинг қудратига суянаман» (Кол 1:29). Биз ҳам қийин дамларда кимга суянишни, кимга боғлиқ бўлишни аниқлаб олишимиз керак. Ўз кучимизга суянамизми ёки Худонинг қудратигами?

Бу нарсани ўрганиш осон эмас. Албатта Худога суяниш билан ҳисларимизни ва кайфиятларимизни мўъжизали тарзда бир ипга тизиб қўя олмаймиз. Аслида Худога боғлиқ бўлиш жуда қийин. Ҳаворий Павлуснинг сўзларини оддий сўзлар билан изоҳлайдиган бўлсак, у шундай деган эди: «Шунинг учун ҳам мен кундан-кун, йилдан йилга қаттиқ ҳаракат қилаяпман. Менга саҳийлик билан бераётган Худонинг кучи билан қўлимдан келганича ҳаракат қилаяпман.» Худо биздан унга боғлиқ бўлишимизни кутади. Ҳар қандай қийин ҳолатларда унга суянишимизни кутади ва биз бемалол Унга суянишимиз мумкин. Ҳар кун нимаики қилмоқчи бўлсангиз Унга суяниб қилинг. Унга суянинг ва қалбингиз тинч бўлади. Аҳволимиз қанчалик қийин бўлмасин, фақат Худо бизга ёрдам бера олади. Ўз кучимиз ва билимимизга таяниб иш кўрсак, йиқилиб қолишимиз тайин. Сулаймон пайғамбар бизга шундай дейди: «Ишларингни Эгамизга топшир, шунда режаларинг мустаҳкам бўлади.» «Ўз ақл-идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди.» (Мат 16:3; 3:5-6).

Ҳис-туйғуларимизнинг назоратдан чиқиши билан шунча кўп муаммолар келиб чиқадиган бўлса, Худо нега аёл кишини ҳис-туйғуга бой қилиб яратди? Бу нарсалар бизга фақат ташвиш келтирадими? Асло ундай эмас. Худо бу ҳис-туйғуларни яхши ниятда ва мақсадда берган. Аёл киши меҳрибон бўлишининг сабаби ҳам шунда. Ҳеч ким биздек бошқа бировнинг ташвиши, ва қалб оғриқларини тушуна олмайди. Бу бизга берилган совға. Биз кишининг қалби озор чекаётганини эркак кишидан яхшироқ ва тезроқ илғаб оламиз. Уларга ғамхўр ва ҳамдард бўлишимиз ҳам осонроқ. Фақат шу ҳис-туйғуларни керакли пайтда бошқариб, тўғри йўлда ишлатсак бўлгани. Азизлар агар бу ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз эшиги сиз учун доимо очиқ.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top