Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Сизлар билан дилдан, ўта муҳим мавзулар борасида суҳбатлашаётганимиздан ниҳоятда мамнунмиз. Биз тез-тез Худонинг иродасига бўйсуниш ва бажариш ҳақида эшитамиз. Шундай экан, орамизда “Бу нарсаларда Худонинг иродасини қандай биламан?” деб сўрайдиганлар ҳам топилади. Бу жуда ўринли савол. “У юқорида, мен пастда бўлсам. У менга иродасини қандай билдиради?” Бундай саволлар тез-тез учраб туради. Келинг, бугун сиз билан суҳбатимизда айнан шу мавзу – Худонинг иродасини билиб олиш ҳақида гаплашамиз. Худонинг Ўзи ва Унинг хоҳиш-истаклари ҳамда режалари ҳақида бизга Муқаддас Китоб баён қилади. Шундай экан, биринчи ўринда Худо Каломини қўлингизга олиб, ўқишни бошланг. Ўқиётганингизда диққат қилинг, У сизга баъзи оятларни кўрсатади. Баъзан жуда кўп марта ўқиган оятни яна ўқиб қоламан, бироқ бу гал бу оят менга бошқачароқ таъсир қилади.
Narrator 2 Агар сиз Худонинг иродасини билмоқчи бўлсангиз, Каломни олиб, ўқишни бошланг ва сўранг: “Раббим, юрагимга гапир. Мен ҳақиқатни билмоқчиман. Мендан нимани исташингни билмоқчиман”. Иккинчидан, бу ҳақда Ундан сўранг. Неча марта сўрашим керак, дейишингиз мумкин. Жавобини олмагунингизча сўранг. Чунки баъзан биз Уни тинглайдиган ҳолатда бўлмаймиз. Биз доим ўз ишларимиз билан банд бўламиз, шунинг учун Унинг бизга айтадиган сўзларини эшитишимиз ёки англаб олишимиз учун қанчадир вақт кетади. Баъзан У айтаётганларини тезгина илғаб олсак, баъзида бунга кўп вақт кетади. Шунинг учун Каломни ўқинг, Унинг олдида тиз чўкинг ва Унинг иродасини излаётган вақтингизда ҳаётингиздаги вазиятларда У қандай ишлашини кузатинг. Чунки кўпинча У Ўз иродасини вазиятлар орқали кўрсатади. Ва яна художўй маслаҳатчилардан ёрдам олинг.
Narrator 1 Унутманг, дўстларингизнинг фикрларидан эҳтиёт бўлинг. Биласизки, сизни севадиган, сизга яхшиликни раво кўрадиган ва сиз билан бирга бўлишни истайдиган одамлар сиз эшитишни истайдиган нарсаларни гапиради. Бундай одамлар художўй маслаҳатчи бўлолмайди. Художўй маслаҳатчи – Худо Каломига асосланиб иш тутадиган, ибодатга берилган, ўз фикрлари асосида эмас, балки бу вазиятда Худо нима айтаётганига асосланиб маслаҳат берадиган кишидир. Кўпинча қарорлар жуда тез чиқарилади, бироқ Худонинг иродасини билиш тез амалга ошмайди. Чунки Унинг иродаси бўйича қарор чиқаришингиз учун Худо нарсаларни тайёрлаётган бўлади. Шунинг учун қарорни тез чиқарсангиз, муаммога дуч келишингиз мумкин. “Ҳа, лекин мен энди билдим” дейишингиз мумкин. Қулоқ солинг, агар Худо нима қилаётганини билса-ю, сизга буни айтмаган бўлса, демак ҳозир сиз буни билишингиз шарт эмас.
Narrator 2 У сизнинг қаердалингизни аниқ билади. Нималарни бошдан кечираётганингизни ҳам Ўзининг иродасини сизга қачон кўрсатиши кераклигини ҳам аниқ билади. Худо сизга иродасини кўрсатишини қандай тезлаштиришингиз мумкинлигини айтаман. Баъзан буни тезлаштириш мумкин. Буни қандай тезлаштиришни билишни истайсизми? Бу оддий – Раббим, Сен нимани истасанг, мен ҳам ўшани истайман, дейиш. Баъзан Ўз иродасини сизга кўрсатиш учун Худо босқичларни тайёрлайди. Сиз эса Худонинг иродасини бажаришга қарор қиласиз. Кейин нима бўлишини биласизми? Тасвирлаб бўлмас тинчлик, қувонч, ишонч ва жасоратни ҳис қиласиз. Нима учун? Чунки ўзингизни Худонинг иродасини бажаришга бағишлаганингизда ва Унга ишонганингизда У ҳамма нарсаларни сиз учун яхшиликка айлантиради.