3:27

Инсон ухламаса…

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Давр ўзгаришлари шунчалик тез суръатларда содир бўлмоқдаки, инсоният кўп нарсага улгуриш учун уйқудан ҳам воз кечмоқда, уйқусизлик касалига дучор бўлмоқда. Бу эса, сўнгги вақтларнинг ҳақиқий бош оғриғига айланишга улгурди. Биз ёшлигимизданоқ, уйқудан воз кеча бошлаймиз. Мактаб, коллеж, университетдаги таҳсилдан сўнг, иш, хизмат поғоналаридан кўтарилиш орзу-истаклари… буларнинг бари қўшимча саъй-ҳаракат билан бирга дам олиш вақтини қисқартириш, воз кечишни талаб қилади. Қизиғи шундаки, барчамиз уйқунинг заруратини яхши тушунамиз, англаб турган ҳолда, амалий чора кўрмаймиз. Балки, бунга уйқусизлик ортидан келадиган хавфни яхши англамаслик сабаб бўлар. Айтиш жоизки, бир ҳафталик кам ухлашнинг ўрнини бирданига тўлдиришнинг иложи йўқ. Чунки, инсон организми бошқача ишлайди. Тасаввур қилинг, тинимсиз ишлаган компьютер ҳам тобора носозликларни намоён қила бошлайди.

Narrator 2 Firewall вирусларни ўтказиб юборади – буни эса оддий қайта ишга тушириш билан йўқотиб бўлмайди. Хўш, уйқусизлик, уйқуга эътибор бермасликнинг салбий оқибатлари нималардан иборат, у сизга ва танангиз соғлиғига қандай таъсир кўрсатиши мумкин, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? 2000 йили Калифорния университети олимлари мантиқий топшириқларни бажарган инсонларнинг бош миясини магнитли-резонанс томография қилишди. Тажриба натижасида маълум бўлишича, бир кундан ортиқ ухламаганлар мантиқий вазифаларни ҳал этиш учун, одатда, бу каби масалаларни ҳал этадиган бош миянинг орқа қисмидан эмас, балки пешонадаги қисмидан фойдаланган. Шу билан бош мия одатда фойдаланмайдиган аъзоларидан фойдаланиш воситасида уйқусизлик ўрнини тўлдиришга уринган. Бу эса, тажрибада бир неча соат мобайнида вазифани ҳал қила олмаганларнинг янада толиқишига сабаб бўлган. 

Narrator 1 Уйқу етарли бўлмаса ҳам ҳеч нарса қилмайди, деб ўйлайдиганлар, келажакда инсульт (бош мияга қон қуйилиши)га чалиниш эҳтимолидан хавотир олишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна ўша Калифорния университети социологларининг бир неча минг кекса кишилар орасида ўтказган тадқиқотига кўра, уйқуга кам эътиборли бўлганларда инсультга чалиниш эҳтимоли юқори бўлган. Бундан ташқари, Harvard Health Publications ходимларига кўра, кам ухлаш қон босимининг доимий равишда баланд бўлиши, атеросклероз ва юрак етишмовчилиги касалликларига олиб келиши мумкин. Уйқу диққатни жамлаш ва хотира борасида муҳим ўрин тутади. Шундай экан, инсон бир-икки кун ухламаслиги унинг маълум бир воқеликни кераклича баҳолашига салбий таъсир этади. Чунки, инсон мияси такрорланувчи жараёнлар воситасида ишлайди. У инсон ҳаётида тўпланган тажрибага жуда ҳам боғлиқ.

Narrator 2 Уйқунинг йўқлиги туфайли инсон ақли «хотира банки»дан фойдаланиш имконидан маҳрум бўлади. Содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар янгидан юз бераётгандек қабул қилинади. Шунга кўра, вазифага тўлиқ диққатни жамлаш ҳам имконсиз бўлади. 
Агар сиз тренажёр залларида машғулотлар ўтказиб, парҳез тутиш баробарида етарли ухлашга беэътибор экансиз, семизликдан қутулишни орзу қилмасангиз ҳам бўлади. Шу билан бирга, болаларда уйқунинг етарли бўлмаслиги ривожланишни ортга суради. Қанчалик ғаройиб эшитилмасин, уйқунинг етарли бўлмаслиги қандли диабет каби хавфли касалликка дучор қилиши мумкин. Биологларнинг тажриба воситасида исбот қилишича, уйқуга эътиборсизлик инсон организмининг глюкозани ўзлаштириш қобилиятини сусайтиради. Шундай экан, уйқуга беэътибор бўлманг!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top