Narrator 1 Ассалому алайкум севимли биродар. Воизлар китобини ўқисангиз, унинг муаллифи қанчалик доно бўлганига амин бўласиз. Бу китобда шундай ажойиб сўзлар борки, Сулаймон чиндан ҳам Худо берган доноликка эга бўлганига шубҳа қолмайди. Бугун сизлар билан Воиз китоби 4 боб 12 оят ҳақида суҳбатлашишни маъқул топдик. Эшитинг-а, бу оят бизга нима дейди: “Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади. Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир.” (Воиз 4:12). Бундан олдинги оятда эса нима демоқчи эканини аниқ айтади: “Икки киши бир кишидан кўпроқ иш бажара олади, улар ўз меҳнатлари учун яхши тақдирланадилар. Агар биттаси йиқилса, иккинчиси турғизади, лекин ёлғиз бўлганнинг аҳволи чатоқдир, у йиқилса, турғизишга ёнида ҳеч ким бўлмайди. Икки киши бирга ётса, совуқ қотмайдилар, агар киши бир ўзи ётса қандай қилиб исинади?!” Болалигимда шунга ўхшаш бир ҳикояни эшитган эдим.
Narrator 2 “Бир одамнинг уч ўғли бор экан. Ота ўлимидан олдин ўғилларига сабоқ бериш учун ҳар бирлари биттадан чўп олиб келишларини сўрабди. Ҳар бири ўзи топган чўпни олиб келгач, отаси уни синдиринг, дебди. Ўғиллар бир чўпни осонгина синдирибди. Кейин эса ота ҳар уччаласининг қўлидаги чўпни бирлаштириб, бирига бериб, “Энди синдир”, дебди. Бу бирлашган чўпларни синдириш қийин бўлибди. Шунда отаси: “Кўрдингизми, алоҳида бўлсангиз, ҳаёт сизни осонгина синдиради, аммо биргалашиб ҳаракат қилсангиз, сизларни ҳеч ким енголмайди”, дебди.” Энди Муқаддас Каломда тилга олинган арқон оддий арқон эмас. Агар кўрган бўлсангиз, икки ипдан ўрилган арқон бор, уч ипдан ўрилган арқон бор. Икки иплиги бир иплигидан мустаҳкамроқ, аммо уч иплиги жуда мустаҳкам, осонликча узилмайди. Кишининг ёлғиз бўлиши яхши эмас, у вақти соати келганда ўзига муносиб жуфт топиши керак, аммо икки ипли арқон бўлгандан кўра, уч ипли арқон бўлган барибир яхшида. Айниқса, сизнинг ёнингиздаги “учинчи ип” Худо бўлса.
Narrator 1 Албатта Муқаддас Каломда тилга олинган “учинчи ип” бу Худонинг Ўзи. Мана яна эшитинг Худованд нима дейди: “Киши бир ўзи бўлса, уни йиқитиш осон, лекин икки киши ўзларини ҳимоя қила олади.Учта ипдан эшилган арқонни узиш қийиндир.” Бу муносиб жуфтлик Худонинг Каломида бирга бўлса, ҳаётнинг ҳар қандай зарбаларига ҳам дош бера оладилар. Суҳбатимиз мавзуси жуфтликларга бориб тақалаётган экан, бир оила бўлган бу икки бир-бирига қарама қарши жинсли инсонлар нима истайдилар, деган саволга ҳам жавоб беришимиз керак. Аёллар нимани исташларини кўпчилик яхши билади. Улар севимли эканликларини билишни ва ҳис қилишни истайдилар. Буни инобатга олган баъзи турмуш ўртоқлар, “Тез-тез унга севишимни айтиб турсам бўлди”, деб ўйлаб адашадилар. Аёллар нафақат севимли эканликларини билишни ва ҳис қилишни, балки буни амалда кўрсатишларини ҳам истайдилар. Жуфтини севган эр буни тез-тез изҳор қилиб туришидан ташқари, ҳаракатлари билан ҳам кўрсатиши керак.
Narrator 2 Мана шуни ҳис қилган ва кўрган аёл жуда бахтли бўлади. Эркакларга келадиган бўлсак, албатта улар ҳам севилишни ва буни аёли кўрсатишини истайди, бироқ улар ҳурматни жуда юксак қадрлайдилар. Оилада эр аёли унга бўйсуниб, муносиб тарзда ҳурмат қилишини истайди. Эркак ва аёл аслида бир-бирининг камчиликларини тўлдириш учун яратилган. Аёлнинг кучли жиҳати эркакнинг заифлигини тўлдирса, эркакники аёлнинг заифлигини тўлдиради. Биргаликда аҳил жуфтлик сифатида кўп нарсага қодир бўладилар. Эҳтимол шунинг учун ҳам Эфесликларга 5 боб 22-23 оятларда шу ҳақида ёзилгандир: “Эй, хотинлар, сиз Раббимиз Исога қандай бўйсунсангиз, эрларингизга ҳам шундай бўйсунинглар. Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эр ҳам хотиннинг бошидир.” Бир-бирини тўлдирган бу жуфтлик Худонинг йўлидан биргаликда юрсалар, фарзанд тарбия қилишда якдил фикрда бўладилар ва Худованд ҳимоясидаги художўй бир оила шаклланади.