«Ҳазрат! Синглим бир ўзимни хизматда қолдириб қўйганига эътибор бермаяпсанми?» (Лука 10:40).
Ассалому алайкум. Баъзан ўз ишларимиз, ҳаётимиз билан шунчалик овора бўламиз-ки, Худонинг бизга ғамхўрлик қилаётганини, Унинг бизга эътибор бераётганини кўрмай қоламиз. Яна шу оворагарчиликлар ичида, унинг эътиборсизлигидан нолиймиз. Аслида Унинг эътиборини кўрмаётган биз. Худо хизматини қилаётган аёллар хизмат қилишни жуда ёқтирсалар ҳам, энг аввало Худо билан бирга вақт ўтказишлари керак. Биродарларни уйингизга чақирмоқчимисиз, улар билан Калом ўқиб, гувоҳликларни бўлишмоқчимисиз, марҳамат қилинг, лекин меҳмон келишига аввалдан тайёргарлик кўриб қўйинг. Кейин тайёргарчилик Худо билан ўтказадиган вақтингизни олмасин. Марфа Исо Масиҳни уйига таклиф қилди-ю, Унга хизмат қилишга уриниб кетди. Агар ўшанда Марфанинг қўл телефони бўлганида, Марямга қўнғироқ қилиб, Исо Масиҳ бизникига келаяпти, бирор нарса пишириб тур, — деган бўларди.
Лекин у Раббийнинг келишига аввалдан тайёргарлик кўрмади. Шунинг учун ҳам Исо Масиҳдан сал ранжигандай бўлди: «Ҳазрат! Синглим бир ўзимни хизматда қолдириб қўйганига эътибор бермаяпсанми? Унга айтгин, менга ёрдам берсин — деди» (Лука 10:40). Биз ҳам шундай қиламиз. Шундай воқеаларни эшитамиз. Худонинг йўлида ажойиб ишлар қиладиган, бутун бир жамоатни бошқарадиган, ёки бўлмаса имони кучлилиги билан ном қозонган кишилар баъзан тушкунликка тушиб қоладилар. Уларнинг оғзидан, Худонинг муҳаббатини сезмаётганликларини эшитамиз. Худо уларни ташлаб қўйгандай ҳис қилишларини эшитиб, ҳайрон қоламиз. Наҳотки, шундай художўй имонли киши Худонинг ғамхўрлигини, муҳаббатини сезмаса?! Бунга сабаб Уларнинг ҳаддан ташқари хизматга берилиб кетганларидир.
Шундай хизматга шўнғиб кетганимизда самовий Отамизнинг: «Тўхта, болам. Бироз дам ол. Мен билан бирга вақт ўтказ. Мен сенга қанчалик ғамхўрлик қилишимни кўрсатмоқчиман, сени қанчалик севишимни айтмоқчиман», — деган гапини эшитолмай қоламиз. Албатта бу ҳаётда яшар эканмиз кўп нарсалар муҳим, аммо бир нарсагина жуда зарур. Буни ўтказиб юборсак, Худонинг ғамхўрлигини, меҳрибонлигини, муҳаббатини ўтказиб юборган бўламиз. Марфа ҳам буни сезмади. Исо Масиҳ унга қанчалик ғамхўрлик қилишини сезмади. Балки, ўша пайтда Исо Масиҳ, Марфага: «Марфа, қўй, тайёргарчилик билан овора бўлма. У нарсалар кейинроқ ҳам бўлаверади. Ундан кўра менинг олдимда ўтир» — дегандир. Аммо ҳамма аёллар каби Марфа бунга эътибор қилмаган кўринади.
Марям-чи? У қандай йўл тутди. У Исо Масиҳ билан вақт ўтказишга муштоқ эди. Унинг қалби Раббийнинг сўзларига чанқоқ эди. У муҳим нарсани эмас, зарур нарсани танлади. Ўша пайтда унга энг зарур нарса Масиҳ билан бирга бўлиб, Унинг сўзларини тинглаш эди. Биз ҳам Марям каби У билан вақт ўтказиб, У бизни қанчалик севишини, ғамхўрлик қилишини ҳис қилайлик. Аёл Худо наздидаги аёл бўлиши учун нималар зарурлигини билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга марҳамат қилинг.