Ассалому алайкум. Биз аёлларни эркаклар пулга ўч, пулни яхши кўрадиган деб таърифлашади. Бу қай даражада тўғри. Биз кўпроқ кимни ёки нимани яхши кўрамиз? Бу гапни қайси аёлга нисбатан ишлатган яхшироқ?! Мен Лола ҳам сиз азиз тингловчиларга мана шу саволни бермоқчиман: Ҳаётингизда устун қўядиганингиз пулми ёки Худоми? Менимча кўпчилик аёллар пул ва моддиятдан кўра, Худонинг муҳаббати, иноятини устун қўйса керак. Аёллар пулга ўч бўлади, деган эркаклар аёл зотини яхши билмайдиган кўринади. Бойликнинг ёмон жойи йўқ. Худо кимгадир бойлик берган экан, бунинг сабаби борлиги аниқ. Ҳар ким Худога турли йўл билан хизмат қилади. Кимдир Худо берган қобилият билан кимдир Худо берган бойлик билан. Тўғри-да, Худодан олган қобилиятини Худо йўлида ишлатиш керак. Худо берган бойликни эса тўғри бошқара билган, керак пайтда тўғри ишлата олган одам уни сақлаб қола олади. Инсонда шундай одат бор; бой одамларга салбий назар билан қарашга ўрганган.
Агар бойликни ёмон йўл билан тўплаган бўлса, бунинг бизга заррача оғир-енгили йўқ. Бунинг жавобини Худо олдида ўзи беради. Бундай одамлар одатда охиратга бормай туриб, бу дунёнинг ўзидаёқ, қилган гуноҳларининг натижасини кўрадилар. Аммо агар бойликни Худо берган бўлса, бу улар учун бир синов. Худо ҳамма бойлигимизни тарқатиб юбориб, ўзимиз қашшоқликда яшашимизни истамайди. Пулни яхши ишлата олган одам, Худонинг мақтовига сазовор бўлади. Унга яна қўшиб берилади. Бироқ бойликка тўғри назар билан қараш жуда қийин. Биз инсонмиз, кўп янглишамиз, ҳеч қачон бойликни Худодан устун қўймайман, дея ўз-ўзимизга ваъда беролмаймиз. Шайтон Худо берган бойликдан фойдаланиб бизни тузоғига тушириши мумкин. Худодан бундай баракат олган одам, ўта зеҳнли, доно ва имони кучли бўлиши керак. Ҳам бой, ҳам Худога ишонадиган, солиҳ яшашга ҳаракат қиладиган одам кўпчиликнинг ҳурматини қозонади. Сиз ҳам мана шундай одамларни биласизми?
Бойлигидан кеккайиб кетмаган, камтар, бойликни Худонинг бир баракати деб биладиган, доимо ёрдамга тайёр бўлган одамлар саноқли бўлса керак. Муқаддас Каломда ҳам мана шундай бой киши ҳақида ёзилган. Марк 10 боб 21 оят шундай дейди: «Исо унга қаради ва яхши кўриб қолди.» Дунёда мукаммал одамнинг ўзи йўқ, деб шуни айтсалар керак-да. Исо Масиҳ унинг художўйлигини, ёшлигидан амрларга амал қилишга тиришганини кўриб, жуда ёқтириб қолди. Бироқ бир хатоси бойлигини ҳаддан кўплиги ва уни яхши кўриши эди.
Шунинг учун ҳам у Осмон Шоҳлигига киришдан маҳрум қолди. У ўта маданиятли, ширинсўз, қонунларга амал қиладиган, ҳамманинг ҳурматини қозонган бой одам бўлишига қарамай, юрагида Худодан кўра бойлигини устун қўярди.
Худо бизга қандай маблағ бермасин, уни донолик билан ишлатишни ўрганишимиз лозим. Қандай қилиб ишлатиш мумкин? Буни Худодан сўранг. У сизга берган пулни қандай ишлатишингизни хоҳлайди? Бу жуда муҳим. Агар сизга берилган имкониятдан тўғри фойдалана олсангиз, кичик ишда садоқатли бўлган хизматкорга ўхшайсиз. Худо сизни бундан ҳам каттароқ ишларга муносиб кўради. Сизнинг ҳаракатингизни тақдирлайди. Қўлингизга қандай пул тушмасин, бу Худонинг сизга берган марҳамати эканини унутманг ва донолик билан ишлатишни ўйланг.