MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Умрида бир марта бўлса ҳам Худонинг қандайлигини кўришни истамаган одам бўлмаса керак. Агар одамлардан Худонинг суратини чизиб беришларини сўрасак, улар Худони қандай чизишлари мумкин? Ватикандаги Сикстин капелласи черковининг шифтига рассом Микеланжело томонидан “Дунёнинг яратилиши” сурати чизилган. Бу суратда Одам Ато ва Худо тасвирланган. Худонинг қиёфаси – ҳотамтой бобо кўринишида берилган. Эҳтимол, одамлар Худони айнан мана шу қиёфада тасаввур қилишар. Биз Худони ўзимизга маълум қиёфада, яъни бу оламга тааллуқли қиёфада тасаввур қиламиз. Мана шундай ифодамиз билан Худони чегаралаб қўямиз. Бир қадам олдинда одам ўзи умид қилган ва кутган барча нарсаларни ўзининг мана шундай фикрларида акс эттиради. Мусо 40 кун давомида Синай тоғидан тушмаганда, исроилликлар бузоқнинг ҳайкалини ясаб, уни ўзларининг худоси деб аташган ва унга атаб қурбонликлар бағишлашган.

Narrator 2 Бироқ Худо бу оламга тегишли эмас, шунинг учун инсонлар бу оламдаги қандайдир қиёфа ёки шакл билан Уни ифода қила олмайдилар. Агар инсон Худони қандайдир қиёфада ифодаласа, шу пайтнинг ўзида ўша қиёфа Худо эмас, бутга айланади. Ишаё пайғамбар китоби 40:18 “Хўш, Худони кимга ўхшатасиз?! Унга қандай қиёфани бераркансиз?!” Худо Ўзининг тасвирини ясашни таъқиқлаган, шу билан бирга 10 амрнинг иккинчисида айтилганидек, бутларга сажда қилмасликни буюрган. Худо инсон билан қандай муносабат қилишни исташини Муқаддас Китобдан билиш мумкин. Мусога Ўзини “Мен Борман” деб таништирган Худо Ўзи ҳақида гапириб, унга бошқа исмини ҳам айтган. Чиқиш 3:15 “Исроил халқига яна: “Мени сизларнинг олдингизга ота-боболарингиз – Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси – Эгангиз юборди”, деб айт. Менинг номим то абад шундай бўлсин. Унвонимни келгуси авлодлар шундай деб айтсин”.

Narrator 1 Худо – бу “Иброҳимнинг, Исҳоқнинг ва Ёқубнинг Худоси”, яъни У инсониятнинг Худоси. Чегара билмас, англаб бўлмас, инсон томонидан бошқариб бўлмас Худо Ўзини “одамзотнинг Худоси” деб таништирган. Чегара билмас, бутун борлиқнинг манбаи бўлган Худо инсоннинг олдига келди ва у билан гаплашди. Худо тоғларнинг, тошларнинг ёки дарахтларнинг худоси эмас, У инсоннинг олдига келиб, инсоният тарихига аралашди. У одам билан қайта-қайта учрашиб, ҳар доим уни қутқаришга ҳаракат қилади. Бизнинг Худойимиз бу дунёга алоқаси бўлмаган, англаб бўлмас, ўй-ҳаёл худоси эмас. Юнон фалсафасида “логос” – Коинотни бошқарадиган онг, уни ҳаракатга келтирадиган принципдир. Деизмда худо оламни яратгандан кейин уни бошқармай қўйган ва инсон тарихига аралашмайди. Лекин бизнинг Худойимиз инсоният билан муносабати бўлмаган, англаб бўлмас худо эмас.

Narrator 2 Аксинча, бизнинг Худойимиз инсон тарихига аралашиб, одамларга зоҳир бўлади. У Иммануил, бизнинг қалбимизда яшайди. Қадимги Аҳдда Худо одамлар билан қандай учрашгани ҳақида айтилган. Янги Аҳдда эса Худо инсон қиёфасига кириб, одамлар олдига келгани ва улар билан бевосита учрашгани ҳақида айтилган. Исо Масиҳ шогирдларига Раббимизнинг ибодатини ўргатар экан, бизнинг ибодатларимизни эшитувчи Зот ким эканини тушунтирган. Бизнинг ибодатларимизни эшитувчи Зот – “бизнинг осмондаги Отамиздир”. “Осмондаги” сўзи Худо бу оламга эмас, У осмонга тегишли эканини билдиради. Бу сўз Худо биздан тубдан фарқ қилишини, яъни У англаб бўлмас Худо эканини кўрсатади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top