Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Худо билан бирга яқин муносабатда яшар экансиз, Унинг ҳар кунлик таъминотини кўриб, унга ҳамду-санолар айтмасликнинг иложи йўқ. Унинг ҳар биримизнинг ҳаётимизда очаётган имкониятлари Унинг чиндан ҳам борлиқнинг Олий Ҳукмрони ва ҳаётларимизнинг бошқарувчиси эканлигини кўрсатади. У бизнинг муҳтожликларимизни билади. Бунга бир гувоҳликни асос қилиб келтиришим мумкин. Бир синглимиз яқинда ўзининг ҳаётида бўлган бир воқеани шундай ҳикоя қилади. “Мен ҳозирча ўз она юртимдан узоқда яшаб ўқияпман. Ўқишга кетаётганимда олдинда учрайдиган қийинчиликлардан ва Худо мен учун тайёрлаб қўйган барака ва марҳаматлардан бехабар эдим. Манзилга етиб келгач эса астойдил ўқишга ҳаракат қилдим. Мақсадим Худони, онамни ва яқинларимни уялтириб қўймаслик эди. У ерда биринчи ўрганган сабоғим бошқаларга тоқат қилиш бўлди.
Narrator 2 Худо Ёқуб 1:4 оят орқали менга шундай деди, “Ҳар қандай вазиятда сабр қилишни ўрганинглар, шунда етук, бекаму кўст, комил инсонлар бўласизлар”. Мен хонадошларимнинг гуноҳли одатларига, ғалати қилиқларига ҳам сабр қилдим. Вақти соат келганида эса Худованд мени бошқа хонага олиб ўтди. Унга ҳамду санолар бўлсин. Аммо асосий гувоҳлигим бу ҳақида эмас. Ўқишим бошланганида уй вазифаларни қилишга албатта, техника керак эди. Менда эса телефондан бошқа ҳеч нарса бўлмагани учун телефонни уй вазифаларини юклаб олиш, расмга тушириш ва яна бошқа вазифалар учун ишлатиб турдим. Ярим йил ўтганидан кейин телефоним ҳам қотиб қоладиган бўлди. Ҳали у ери ҳали бу ери ишламай, мени хуноб қиларди. Охири умуман қувват олмайдиган бўлиб қолди. Мен жуда хуноб бўлдим. Худога ибодат қилиб ёрдам беришдан бошқа чорам йўқ эди.
Narrator 1 Айни дарслар кетаётган пайт вазифаларимни бажариш учун телефон яхши ёрдамчи вазифасини бажараётган эди. Энди эса бу ҳам йўқ! Курсдошларимдан телфон олиб турай десам, улар ҳам бергилари келмади. Бир куни жуда ҳам хафа бўлиб, Худога ибодат қилдим. “Худойим, биламан, истасанг менга нафақат телефон, балки ўқишим учун компьютер ҳам олиб бера оласан. Аммо нега бундай бўляпти? Мен дарслардан орқада қолиб кетишни истамайман”, дедим. Шу куни ва эртаси куни ҳам рўза тутиб муаммойимни Худога бердим. Рўза тутаётганимнинг иккинчи куни ўша шаҳардаги бир биродаримиз мени кўргани келди. У билан қисқа муддат гаплашдик, аммо шу орада У менинг нима учун рўза тутаётганимни билди. Сўнг далда бериб хайрлашди. Икки кун ўтгач, эрталабда мени ётоқхона бошқарувчиси чақирди. Пастга тушдим. У менинг қўлимга бир катта қутини бериб, “Буни сен учун ташлаб кетишди”, деди.
Мен унга мен ҳеч нарса заказ қилмаганман, сотиб олиш учун ортиқча пулим ҳам йўқ”, дедим. У эса фамилиям ва исмимни ўқиб, “Шу одам сенмисан?”, деб сўради. Мен тасдиқладим. “Шундай бўлса, бу сен учун. Буни бир аёл сенга беришимни айтиб кетди”, деди. Мен ҳайрон бўлиб хонамга қайтдим. Қутини шоша-пиша очдим. Кўзларимга ишонмадим. Ҳайрат ва ҳурсандчилик билан кўзларимдан ёшлар қуйиларди. Мен Худодан шуни сўрамаётган эдимми? Худо мени эшитди ва ташлаб қўймади. У менинг муҳтожлигимни билади. У менга керакли нарсани бериш учун ҳаммани ҳаракатга ҳам сола олади. Ўша заҳоти Худога ибодат қилиб миннатдорчилик билдирдим. Худо мен билан эканлигини, мени узоқ давлатда ҳам ёлғиз қўймаслигини тасдиқлади. Худога шукур. У чексиз ҳамду-саноларга муносибдир!